Версия для печати

Мақолалар

Оғриқли нуқта: бешик тўйи –  исрофгарчиликка эшик тўйими?

Ўзбек халқининг урф-одатлари асрлар бўйи ўзбеклар миллатининг ташкил этишида иштирок этган барча қабилалар ва элатларнинг маданий малакалари ва анъаналарининг уйғунлашувидаги мураккаб жараёнлар оқибатида таркиб топган. Улар ўта ўзига хос, ёрқин ва турли-туман бўлиб, уруғчилик патриархал муносабатларидан келиб чиқади. Урф-одатларнинг кўпчилиги оилавий ҳаётга оид бўлиб, боланинг туғилиши ва тарбияси (бешик тўйи, хатна қилиш), никоҳ (фотиҳа тўйи, тўй) билан боғлиқ бўлади. Кўпинча улар ислом урф-одатларининг сеҳргарлик амалиёти билан боғлиқ бўлган ундан ҳам қадимийроқ шаклларга узвий кириб кетишини намоён этади.

Бугунги кунда тўйларни қисқартириш борасида кенг кўламда тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бўлардан “Бешик тўйи” – бешик тўйи чақалоқни биринчи марта бешикка солиш билан боғлиқ бўлган, юртимизда  кенг тарқалган тўй маросимларидан биридир. Одатда бу тўй чақалоқ туғилишининг 7, 9, 11- кунлари ўтказилади.

Бешик ва чақалоқ учун барча зарур анжомлар чақалоқ онасининг қариндошлари томонидан берилади. Дастурхонга нон, ширинликлар ва ўйинчоқлар ўраб тортилади. Куёвнинг ота-онасига, унинг бобо-бувиларига совғалар тайёрланади. Қимматбаҳо тақинчоқлар билан безатилган бешик, дастурхонлар ва совғалар транспорт воситасига қўйилиб, меҳмонлар билан биргаликда, карнай-сурнай ва ноғора садолари остида чақалоқнинг ота-онаси уйига жўнатилади. Анъанага кўра, олиб келинган бешикни аввал чақалоқнинг бобоси ўнг елкасига қўяди, кейин ўғлининг ўнг елкасига узатади, у эса  бешикни чақалоқнинг онасига беради.

Ўтмишда меҳмонларнинг барча ниятлари тоза ва яхши бўлиши учун улар юзига оқ ун сурар эдилар. Меҳмонлар меҳмонхонага ясатилган дастурхонга таклиф этилади ва меҳмонлар овқатланиб, созандаларни тинглаб, базм қилиб ўтирган пайтда қўшни хонада кампирларнинг иштирокида болани йўргаклаш ва бешикка солиш маросими ўтказилади. Маросим охирида меҳмонлар болани кўриш учун олдига кирадилар, унга совғаларни беради ва бешикнинг устига парварда ёки қанд сепадилар. Шу билан маросим тугаб, меҳмонлар уй-уйларига қайтадилар.

Кўринишда байрам сифатида нишонланадиган мазкур одатнинг бир қанча салбий жиҳатлари бор. Бешик тўйида ҳамма меҳмон кутиш тадбирлари билан овора бўлиб янги туққан она бир четта қолиб кетади.  Тўй маросими билан боғлиқ харажатларнинг асосий қисми келиннинг ота-онасига зиммасига тушади: қовурдоқ, сарпо, куёв тўранинг онасига тилла буюм совға қилиш каби бидъат-хурофотларнинг ҳам моддий, ҳам маънавий машаққати.

Турли вилоятларда маросим ўзича хусусиятларга эга бўлади ва оиланинг моддий жиҳатдан бақувватлиги  даражасига боғлиқ бўлади: ўзига тўқ оилалар одатда бу тўйни катта кўламда ўтказади, бу эса эҳтиёжманд оилаларда ҳам ҳавас уйғотиб, уларнинг келажакдаги  қийинчиликларига сабаб бўлади.

Чақалоқни бешикка белаш учун алоҳида тўй қилиш диний ва миллий қадриятларимизга зиддир.

Тўй асосан никоҳ маросими учун белгиланган ва бунда ҳам исрофдан қайтарилган. Никоҳ тўйи бир қўй сўйиш ҳисобига ўтказиш тавсия қилинган.

Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: "Битта қўй сўйгин", деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, "Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин" деганлар. Яъни, молу дунёйинг кўп бўлса ҳам исроф этмасдан ҳаражат қил демоқдалар.

Асосий тўй бўлмиш никоҳга бор-йўғи бир қўй сўйиш тавсия қилинган экан, бешик ва бошқа номдаги тўйлардаги ортиқча харажатлар айни исрофдир.

Аллоҳ таоло исрофни бутун инсониятга харом қилди. Исрофнинг касофатини Қуръони каримда баён қилиб берди, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:"

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас", деб айтган (Аъроф, 31). Демак ейиш-ичиш исроф эмас, балки ортиқчаси исрофдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат этади:

"Қўлингни бўйнинга боғлаб олма, шунингдек қўлингни очиб ҳам юборма, шуни ўртасида бўл" (исро-29).

"Агар эҳсон қилсалар исроф этмайдилар, мумсиклик ҳам қилмайдилар, ва шунинг орасида бўладилар" (Фурқон сураси, 67).

Қуръони каримда: "Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин-бечоралар, йўловчи-мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг "биродарлари"дир! - дейилади. ("Исро" сураси, 26-оят).

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам : «Бойликда хам, фақирликда хам, ибодатда хам ўртаҳол бўлиш қандай яхшидир» дейилган (Абу Бакр Баззор ривояти). Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам : «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эхсон килиш билан) хақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қуйманг!  Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» - дейилади. (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат – фаҳрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Бешик тўйи ва бошқа шунга ўхшаш маросимларни қисқартириш исрофдан сақланишнинг айни ўзидир. Исроф ҳам моддий, ҳам маънавий ҳалоқат эшигидир. Дабдабозлик ва исрофгарчилик миллатни тубанликка етакловчи охири фақат ҳасрат ва надоматдан иборат чоҳдир. Исроф бўлмаса файз-барака собит бўлади. Чунки ҳадиси шарифда: “Тежамкор киши муҳтожлик кўрмайди” дейилган.

Меҳринисо САИДЖАЛОЛОВА

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

Ахборот-ресурс маркази мудираси

4719 марта ўқилди