Мақолалар

Юртнинг фидойилари мангу ҳаётдир

“Хотира ва қадрлаш куни” – ҳазрати инсонни қадрлаш кунидир. Халқ хотираси деган сўзни эшитган заҳоти барчамизнинг кўз ўнгимиздан азиз Ватанимиз ибтидосидан бугунига қадар шу юрт учун ва шу меҳнаткаш халқни деб курашган, ақл ва билимини, керак бўлса азиз жонини фидо қилган қанчадан-қанча буюк зотлар ўтади. Жумладан, соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро ва кўплаб аждодларимиз ёдимизга тушаверади. Шу куни Ватанимиздаги барча қабристонлардан зиёратчилар қадами аримайди. Одамларимиз зиёрат асносида марҳумларни хотирлаб, кўзлари ёшланиб, қалблари юмшаб, охиратни эслашни қасд қилишади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Кейин менга маълум бўлди (яъни Аллоҳ томонидан буюрилди)  энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади (Имом Термизий ривояти).

Хотира – йўқотилган нарсани эслаш. Йўқотиб, кейин хотирлаб юргандан кўра борида қадрига етган афзал. Шунинг учун хотира ва қадрлаш тушунчалари моҳиятан бир-бирига узвий боғлиқ. Бу умумхалқ байрам тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат, эҳтиром ва қадр кўрсатиш айёмидир. Доно халқимизнинг “Қадр кўрсатган қадр топади” деган ҳикматли ўгити барча ёшларга фойдалидир. Маънавиятчиларимиздан бири  айтганидек “Хотира ва қадрлаш маросимининг маъно-мазмуни, яъни ўтганларни эслаш, ҳаёт бўлганларни қадрлаш, Ватанни ҳимоя қилиш, уни дахлсиз сақлаш каби олижаноб фазилатларни ёш авлодимизнинг онгу тафаккурига сингдириш, фарзандларимиз, болаларимизнинг биз киммиз, кимнинг авлодимиз, деб ота-боболаримиз жасоратидан ибрат олиб, мана шу мусаффо осмонни, она-юртимизни биз асрамасак, ким асрайди, деган эътиқод билан яшаши, ҳеч шубҳасиз, бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун жуда катта аҳамиятга эга”.

Соҳибқирон доимо юришлари олдидан ва зафар билан қайтганида муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилган, инсон хотираси ҳамда қадрини ниҳоятда эъзозлаган. Амир Темурнинг Шаҳрисабз шаҳрига ихлоси баландлиги туфайли у доим йирик юришлари олдидан ва жангларда зафар қучиб қайтгач, албатта ота юртига тушган. Устозлари, отаси, қариндошлари қабрларини зиёрат қилган.

Хуллас, Амир Темур даврида ҳам хотирлаш маросимлари, диний байрамлар билан боғлиқ бўлган удумларни ўтказишга катта эътибор берилган. Ҳозирги мустақиллик даврида ҳам уларни янада теран ўрганиб, халқимизга етказиш ишлари янада изчил йўлга қўйилмоқда. Буни биргина зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Абдуллахон МИРЗАЕВ,

“Домулло Афанди” жоме масжиди

 имом-хатиби

235 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қайтар дунё Уяли алоқами ёки... »

Мақолалар

Top