Мақолалар

Интернет оламига ғарқ бўлаётган ёшлар
Бугунги глобаллашув даврида интернет жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Интернет чексиз имкониятлар, туганмас ахборотлар маконига айланди. Бу макондаги улкан қулайликлар туфайли кўплаб инсонлар кунини интернетда бошлаб, у билан якунламоқда.
 
Аммо, бу тармоқ сўнгги вақтларда айрим одамларнинг, айниқса, ёшларнинг ҳаётини қайсидир маънода изидан чиқариб юборишга қодир кучли воситага ҳам айланиб улгурди.
 
Бухоролик Шоҳистанинг ҳаёти барбод бўлишига ҳам ана шу восита сабабчи бўлди.
 
У лицейни тамомлаб, олий ўқув юртига ҳужжатларини топширди. Шифокор бўлмоқчи эди. Афсуски, омади чопмади.
 
– Ўшанда тушкунликка тушиб қолганимдан ҳаётнинг ҳам, билим олишнинг ҳам қизиғи қолмагандек туюлганди менга, – деб гап бошлади Шоҳиста. – Ота-онам, акам доим ишда. Оилада ёлғиз қизман. Эртаю-кеч овунчоғим телефон бўлиб қолди. Аввалига телефондаги ўйинларга, кейинчалик ижтимоий тармоқлардаги суҳбатларга берилиб вақт ўтказдим. Интернетга шу даражада боғланиб қолганимдан кун ўтганини ҳам сезмай қолардим. Чунки ижтимоий тармоқлар орқали янги дугона топгандим. Мендан бироз ёши катталиги учун унга Зилола опа, деб мурожаат қилардим. У билан шу қадар яқинлашиб кетганимдан бор сирларимни айтадиган бўлдим. У ҳам менга опаларча меҳрибонлик қилар, маслаҳат берарди. Зилола опа бизнес билан шуғулланиб, хориж давлатларидан кийим-кечак олиб келиб сотар экан. Унга ёлғизлигимни, омадим келмаётганини айтдим. У эса менга ёрдам беришни, бирга ишлашни таклиф қилди. Ҳамкорликда ишласак катта фойда кўришимизга, ҳаётимиз бутунлай ўзгариб кетишига мени ишонтирди. Иккимиз ҳар куни узоқ суҳбатлашиб, биргаликда келажак режаларини тузардик. У менга бу гапларни ҳеч кимга айтма, сен ҳақингда нотўғри ўйлашлари ёки яқинларинг рухсат бермаслиги мумкин, деб тайинларди. Ишимиз юришиб кетса ўшанда айтиб, ҳаммани хурсанд қиламиз дерди.
 
Танишганимизга уч ой бўлгач, иш бошлаш учун Зилола опа мени Тошкентга чақирди. Қўлимда пул ҳам, дурустроқ кийимим ҳам йўқлигини айтдим. У менга "келсанг бўлди ҳаммасини амаллаймиз" дея яна ёрдам қўлини чўзди. Ота-онамдан ҳужжатларимни олиб, Тошкентга бориб келишга рухсат олдим. Шу тариқа уйдан чиқиб кетдим. Ўшанда англаб етмаган эканман ўша лаҳзада нафақат уйдан, балки ҳаётим изидан чиқиб кетаётган экан.
 
Тошкентга келиб у билан учрашдим. Мени уйига олиб борди. Қўлимга бир нечта қимматбаҳо кийимлар ва пул тутқазди. Ҳаммаси тайёрлигини ва эртагаёқ Туркияга учишимизни айтди. Шу тариқа яқинларимга ҳеч сўз демай Ўзбекистондан чиқиб кетдим.
 
Етиб боришимиз билан опанинг муносабатлари ўзгарди. Мени бир меҳмонхонага олиб бориб, паспортимни қўлимдан олиб қўйди. Мен учун қилган харажатларини ишлаб тўлашимни, ундан анчагина қарздор эканлигимни айтди. У мени аёл киши учун энг оғир бўлган гуноҳ ишларни қилишга мажбурлади. Номусим топталди. Бир неча бор ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Чунки бу чангалдан чиқиб кетишга сира кўзим етмас эди. Кейин билсам, опа мен сингари бир нечта қизларни шу кўйга солиб ҳаётини издан чиқарган экан. Қўлимда на ҳужжат, на пул бор. Кимга мурожаат қилишни ҳам билмай, аянчли ахволда юрган вақтимда бир инсоннинг кўмагида юртмизга қайтдим...
 
Эндигина 19 баҳорни қаршилаган Шоҳистанинг ҳаёти, келажаги бу даражада барбод бўлишига ким ёки нима сабаб бўлди, деган савол туғилади.
 
Сўнгги вақтларда бунга ўхшаш, балки бундан-да аянчлироқ воқеаларни телевизор, матбуот, ижтимоий тармоқлар орқали кўп кузатяпмиз. Баъзида бу каби ҳолларга эътибор ҳам бермайдиган бўлиб қолдик. Аслида, бир инсоннинг тақдири, ҳаётининг бу қадар пароканда бўлиши фожиа эмасми? Бундай ҳолат, айниқса, ёшларимиз билан содир бўлаётгани-чи?
 
Замон шиддат билан ривожланиб, инсонларнинг ақл ва тафаккури юксалиб бораётган бугунги кунда нима учун айрим кишилар ҳамон турли алдовлар қурбонига айланмоқда.
 
Психолог Бобоёр Тўраевнинг фикрларига кўра, интернет – ахборот макони. У инсон фикрини, дунёқарашини, идрокини ўзгартириши мумкин. Ахборот оламига ғарқ бўлган ёшлар 80 фоиз вақтини интернетда ўтказганлиги учун ҳам уларда инсонийлик, меҳр-оқибат туйғулари, муомала маданияти камайиб бораётир. Бир-бирига ишонмаслик, шубҳа билан қараш, алдаш, алданиш кўпаймоқда. Сабаби кишиларда оддий мулоқот қилиш кўникмаси камайиб бормоқда. Бу жуда катта хавф аслида. Инсон кўпроқ жонли мулоқот қилиши керак. Жонли мулоқотдаги ҳис-туйғулар, кўз қарашлари, товуш ва оҳанг орқали меҳр-муҳаббат, ишонч туйғулари одамлардан бир-бирига ўтади.
 
Ижтимоий тармоқларда кимдир таниш ортиради, яна кимдир молиявий ўйинлар, реклама, савдо билан шуғулланади. Кимдир эса ёлғизлигидан интернетга боғланиб қолади. Бу кишини маънавий жиҳатдан тубанликка бошлаши, уни ёлғизликка маҳкум қилиши мумкин. Интернетдан фойдаланиш меъёрини билмаган ёки ахборотни идрок қилиш қоидаларига риоя қилмаган инсон ҳаётида нохуш ҳолатларга дучор бўлиши мумкин. Оддийгина ижтимоий тармоқлар орқали эр-хотиннинг бошқа бир инсон билан танишиши, гаплашиши натижасида оилалар барбод бўлаяпти.
 
Маълумотларга кўра, замонамиз ёшларининг 80 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади. Ёшларнинг учдан икки қисми интернетга янги дўстлар орттириш ва ким биландир суҳбатлашиш мақсадида уланади, уларнинг 15 фоизи бу муносабатларни кейинчалик реал ҳаётда давом эттирар экан.
 
Канадада ўн етти ёшгача бўлган 6 минг бола ўртасида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, интернетдан фақат ахборот олиш мақсадида фойдаланмас экан. Канада ёшларининг ярмидан кўпи интернет ва компьютер технологияларини ота-оналаридан яхшироқ билишини айтган.
 
– Сўнгги пайтларда интернет орқали таҳдид қилиш кўп кузатилмоқда, – дейди социология фанлари доктори Тошпўлат Матибаев. – Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами ҳисобланади. Бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни баъзан жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат. Виртуал оламда кечаётган зўравонлик, сотқинлик, беҳаёлик, ўғирлик, бузуқлик эртага реал ҳаётга кўчмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳозирда, айниқса, интернет орқали хотин-қизлар учун уй хизматкорлиги, ошпазлик, болалар қаровчилиги, котибалик, официантлик, стюардессалик каби ишлар таклиф қилинади. Юқори маош ва қулай иш шароитлари тўғрисида ёлғон маълумотлар берилади. Ушбу таклифларга кўнган хотин-қизлар эса тезлик билан ўзлари ҳақидаги маълумотларни яна интернет орқали «иш берувчилар»га тақдим этадилар. Ўз навбатида эса «иш берувчилар» ҳам уларга виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда, баъзан йўл чипталарини олишда ҳам «беминнат» ёрдам берадилар. Хорижга алдаб олиб чиқилган ва фоҳишалик билан шуғулланувчиларнинг 3/4 қисми 30 ёшгача бўлган аёллардир. Сўнгги йилларда бу «касб» билан шуғулланувчилар орасида 13-14 ёшдаги ўсмир қизлар ҳам учраётгани аянчлидир.
 
Бугун фарзандларимиз кутубхонани эмас балки, интернет кафеларни севимли масканга айлантираётгани, ўсмирлар қўл телефонлари орқали интернетда "кун ўтказаётгани" янгилик эмас. Жаҳон ахборот майдони кенгайиб бораётган шароитда ёшлар онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериб бўлмайди.
 
Шундай экан, аввало, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур. Миллий қадриятларни асраган ҳолда оммавий маданиятсизликка, интернет хуружларига қарши мунтазам курашни кучайтириш тўғри йўлдир. Буни, аввало, оиладан, маҳалладан бошлаш керак. Шунингдек, интернетдаги электрон кутубхоналар заҳирасини миллий адабиётимиз қатори жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитиш, интернет кенгликларида менталитетимизга мос фарзандларимизнинг дунёқараши, қизиқишига монанд миллий маҳсулотлар, ўйин ва маълумотлар етарлича бўлса, болаларимиз ҳар қандай фикрни чалғитувчи сайтларга кириб, турли алдовлар қурбони бўлмайди.
 

 

Гўзал Сатторова, ЎзА
3384 марта ўқилди

Мақолалар

Top