Мақолалар

Омонатдорлик – гўзал фазилат

Омонатдорлик гўзал фазилат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ул зоти бобаракотнинг мадрасаларида таҳсил олган саодат асрида яшаган зотлар ўзларидан кейинги авлодларга ибрат ўлароқ ёрқин мисолларни қолдирдилар.

Аллоҳ таоло Каломи шарифида: Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир”, деб марҳамат қилади (Нисо сураси, 58-оят).

Ривоятларга кўра, ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба калитини Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳудан олганларида нозил этилган. Каъбанинг ҳижобати (каъбапўшини янгилаб туриш) Бани Абдуддор қўлида эди. Усмон ибн Талҳа мана шу қабиладан эди. Макка фатҳ этилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмондан калитни талаб қилдилар. Усмон: «Омонатгами?» – деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», – деб жавоб бердилар. Калит Расулуллоҳ қўлларига ўтгач, Аббос: «Уни менга беринг. Токи сиқоят ҳам садонат (ҳожиларга сув-овқат бериш) ҳам менда бўлсин», – деб уни пайғамбаримиздан ўзига беришларини сўради. Шунда Аллоҳ юқоридаги ояти Каримани нозил қилди. Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом калитни Бани Абдуддордан омонатга олган эдилар. Аллоҳ таоло бу омонатни эгасига қайтариб беришни буюрди. Чунки Бани Абдуддор Каъба садонати ва ҳижобатига бошқалардан кўра ҳақлироқ эди.

Улуғ саҳобий, Жарир ибн Абдуллоҳ ал Бажалий розияллоҳу анҳу учун тўрт юз дирҳамга от сотиб олдилар. Отни нархи айтилган баҳодан анча қиммат эди. Уни сотган кишига қараб:

– Отингни қанчага сотдинг, – деб сўради.

– Тўрт юз дирҳамга, – деди.

– Унга беш юз беришимни хоҳлайсанми? – деди.

– Хоҳлайман, – деди сотувчи.

– Олти юз беришимни – чи?

– Хоҳлайман, – деди.

– Етти юз – чи?

– Ҳа.

– Мана сенга саккиз юз. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир мусулмонга нисбатан самимий бўлишга байъат берганман, – деди.

Абу Сабоъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Мен Восила ибн Асқаънинг хонадон аҳлидан туя сотиб олдим. Туяни олиб чиқиб кетаётганимда Восила ридосини судраганча ортимиздан етиб келди.

– Эй, Абдуллоҳ бу туяни сотиб олдингми? – деб сўради.

– Ҳа, сотиб олдим, – дедим.

– У ҳақида сенга ҳаммасини очиқ–ойдин баён қилиб бердими?!

– Унга нима бўлган? – дедим.

– У ҳақиқатдан, кўриб турганингдек семиз ва соғлом. Сен уни сафар учун сотиб олаяпсанми ёки гўшти учунми?

– Уни миниб ҳажга бормоқчиман, – дедим.

– Ундай бўлса билиб қўй, унинг туёғида нуқсони бор, – деди. Шунда туянинг эгаси:

– Ҳой барака топгур! Бу ишинг билан мени савдоимни бузмоқчимисан, – деди.

– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Савдо қилаётган киши сотаётган нарсасини очиқ баён қилмагунча (сотиши) ҳалол бўлмайди. Шунингдек, у ҳақида билган кишига ҳам баён этмагунча ҳалол бўлмайди”, деганларини эшитдим, – деди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Бишр исмли савдода шериклари бор эди. Бишр савдо қилиш мақсадида Мисрга қараб йўл олди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга ипак матодан етмишта кийим юбордилар. Шерикларига юборган молнинг маълум қисми айбли экани, уларни сотаётган вақтда олувчига айбини айтиб сотиши лозимлигини тайинлаб хат ёздилар. Бишр молларни ҳаммасини сотиб Куфага қайтди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ундан:

– Ипак матоли кийимларни айбини айтиб сотдингми? – деб сўрадилар.

– Уларни айтиш ёдимдан кўтарилибди – деди Бишр ҳижолат бўлиб.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ савдодан тушган фойдани ҳам унга тикилган пулларни ҳам садақа қилиб юбордилар. Ҳолбуки, ўша тижоратдан қолган фойданинг ўзи минг дирҳам эди. Ул зот раҳматаллоҳи алайҳ: “Шубҳа аралашган молда менинг эҳтиёжим йўқ”, – дер эдилар.

Шом диёрининг олимларидан Муҳаммад Ротиб Ноблусий ўз дарсларининг бирида ҳаётда бўлиб ўтган воқеий ҳикояни айтиб берди:

Бир киши аёлидан махфий равишда яна бир оила қурди. Бир муддат ўтиб ўша киши вафот этди. Эрининг вафотидан кейин аёли унинг яна бир хотини борлиги ҳақида хабар топди. Иккинчи аёлнинг меросдаги улушини ажратиб олдида, ҳаққини унга бериш мақсадида унинг олдига борди. Кутилмаганда иккинчи аёл ўзига тегишли бўлган меросдаги улушини олишдан бош тортди. Шунда биринчи аёл кундошидан нима учун ўз ҳаққидан воз кечаётганлигининг сабабини сўради. Кундошининг айтишича, у ўз ҳаққидан воз кечишининг сабаби, эри вафот этишидан олдин унинг талоғини берган эди.

Ушбу ҳикоядаги икки аёлнинг омонатдорлигига эътибор беринг!

Биринчи аёл кундошига унинг улушини бермаслик ёки берган тақдирда ҳам ортга суриш имконига эга бўла туриб, тезлик билан омонатни ўз эгасига топширишга ҳаракат қилди.

Шунингдек, иккинчи аёл ҳам омонатдорликда кундошидан ортда қолмади. У ҳам эри талоқ қилганини яшириб, индамай меросни қабул қилиб олавериши мумкин эди. Лекин ундаги омонатдорлик бундай йўл тутишга йўл қўймади.

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни ўтган салафи-солиҳлар каби омонатдорлик сифати ила музайян бўлишларини насиб этсин!

Манбалар асосида Тошкент тумани

“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби

АВАЗХЎЖА БАХРОМОВ

 тайёрлади

 

566 марта ўқилди

Мақолалар

Top