Мақолалар

Неъматлар қадрига етайлик

Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш мусулмон кишининг зиммасидаги бурчидир.

Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган.

Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: "Неъмат нима?" У: "Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим", деб жавоб берган экан.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин, уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.

Кўнгил хотиржамлигига эришишнинг энг асосий шарти Яратганга имон келтиришдир.

Тарихда тинчликнинг бузилишига аксар ҳолларда жамиятнинг диёнатдан узоқлашгани, маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб, ёш авлодни юксак маънавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз даркор.

Шу маънода халқимиз динимиз ақидасига сидқи дилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолонинг неъмати бўлмиш юртимизда ҳукм сураётган хотиржамлик, осойишталигини кўрамиз. Ана шу туфайлигина жиноятларнинг олди олинади, осудалик ҳукм суради.

Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, мункар ишлар, нотўғри ғоялар тарқалишининг олдини олади.

Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири – шукр. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукр қилганларга неъматларнинг зиёда бўлиши айтилади. Билакс, ношукурлик тинчсизликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам оятларда ўз аксини топган.

Инсонларнинг бирлиги, маърифат ҳосил қилиши, ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, жамиятда бирдамликнинг мустаҳкамланиши, қўни-қўшни ва қавм-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи раҳм қилиш, хотиржам ибодатда бўлиш, Ер юзида Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳаёт кечира олиш учун ҳам тинчлик лозим.

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор берилса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида муҳим бўлган уч нарсани эслатяптилар: тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.

 

Манбалар асосида

 Хўжаобод туман

 “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби

Мухаммадқуддус АБДУЛМАННОН

тайёрлади

 

 

3613 марта ўқилди

Мақолалар

Top