Рамазон-2018

Рўза ва  саломатик

Динимизда тақиқланган нарсаларнинг барчасида инсон соғлигига ёки жамиятга зарарлари бор. Аксинча, уларга ман этилмаган нарсаларда фойдалари жуда кўп. Дин устунларидан бири бўлмиш рўза ибодати ҳам инсон саломатлигига бу дунёда келтирадиган манфаатлари кўп бўлиши билан бирга, охират сармояси ҳамдир. Рўза жисмнинг закоти экан, бу ойда тугал рўза тутган одам танаси ва руҳидаги ўзгаришларнинг ижобийлигини ҳис этади.

Рўза барча аъзоларни сақлайди, Унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаши борасидаги фойдалари ҳақида кўп гапирилган. Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чириндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Рўза парҳездан ҳам устун туради. Ичак ва йўғон ичакларида яллиғланиши бор беморлар рўзанинг фойдасини сезишади. Рўзада таомланиш бир тартибга тушади.

Рўза нафс ва руҳни поклайди, камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни ростгўйлик, ғазаб қилмаслик каби хулқларга эриштиради, тинчлик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Баъзи докторлар қанд, бўғим ва бошқа турли касалликларни даволашда рўзадан кенг фойдаланишган.

Инсон организми асаб тизимига қараб турлича бўлади. Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабидан ҳам касаллик сеза бошлайди, пешоб йўлида тўпланган тошларни эритишда, оқсил ва крахмал моддаларининг кўпчиш ҳолатига сабаб бўлувчи ошқозон безовталигида рўза ҳам кўп фойда беради.

Рўза ибодати инсоннинг соғлигига қанчалик фойдали бўлса, унинг руҳи – қалбига ҳам шунчалик манфаатли. Буни қуйидаги маълумотлардан билиб олишимиз мумкин. Набий (алайҳиссалом): “Огоҳ бўлинглар! Ҳамманинг жисмида бир бўлак гўшт бўлади. Агар у салоҳиятли бўлса, бутун жасад салоҳиятли бўлади. Агар у фасод (айниса, яроқсиз) бўлиб қолса, бутун жасад фасодли бўлади. Огоҳ бўлинг у қалбдир”, дедилар. 

Демак, рўза билан қалбимизни ислоҳ қилсак, бутун жасадимизни ислоҳ қилган бўламиз. Қалбимизнинг салоҳиятли бўлиши эса, дунё ва охиратдаги саодатимиз. Унинг фасод бўлиши натижасида қандай ҳалокатга юз тутишини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи билади.

Қалбимиз нафақат Рамазон ойида балки, бошқа ойларда ҳам Рамазон ойидагидек рўза тутиши керак. Унинг рўза тутиши эса  ширк амаллар, нотўғри эътиқод, ёмон ва ёвуз ниятлар ва маҳзунликлардан узоқ бўлишидир. Зеро, қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билангина тирик бўлади, чироқ каби чарақлайди, қуёш каби нур сочади ва тонг каби ярақлайди. 

Қалбимиз Қуръони каримни эшитиши билан имон нури, тафаккур қилиши билан ишончи ва атроф-муҳитга ибрат назари билан боқиши натижасида ҳидояти зиёдалашиб боради, манманликдан тийилади. Чунки кибр – қалб рўзасини бузади.

Шуни эсда тутиш лозимки, касални даволаш учун муолажа қанчалик зарур бўлса, парҳез ҳам шунчалик зарур. Гуноҳлардан парҳез қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиш орқали мақсадимиз ҳосил бўлади.

Инсон соғлиғига оид рўза ҳақидаги мазкур маълумотлар Аллоҳ таоло биздек ожиз бандаларига билдирганларидир. Биз билмаган яна қанча манфаатлари ва ҳикматлари бор, бу У Зотнинг ёлғиз Ўзига аён.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси

Ш.Бауатдинов

 

36409 марта ўқилди

Мақолалар

Top