Мақолалар

Барака нимада?

Рўзғор учун керакли маҳсулотларни уйимиз ёнидаги дўкондан харид қилишга одатланганман. Бу ҳолат эрталаб, ишга кетиб, кечқурун уйга қайтадиган ҳар бир инсонга хос бўлса керак. Кун бўйи ишлаб, уйга қайтгунча, бозор ёпилиб, харид учун супермаркет ёки минимаркетга киришга тўғри келиши, ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди, албатта. 

Майли бу бошқа мавзу. Аслида дўкондаги нарх-навонинг ўзгаргани ҳақида айтмоқчи эдим.  

Болаларим ёқтирадиган ва тез-тез харид қилиб турадиганимиз ширинликнинг нархи бир ҳафта олдин 16 минг сўм атрофида эди. Бугун эса 18 минг сўмдан баландроқ баҳони ёзиб қўйилганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Тавба, шу ширинлик, шу фирма номи, шу дўкон... Нима ўзгарди. Маош ошдими? Ёки... Сотувчини саволга тутдим. 

- Кечирасиз, мана бу ширинликдан доим олиб турардим, негадир қимматлашгандайми?

- Тўғри, опа. Икки кун бўлди нархи ошганига.

- Нега?

- Шу кунларда ҳамма ифтор қилаяпти, турли хилдаги пишириқларга талаб ошган. Шунга корхона нархни оширди. Қиммат олинган маҳсулотни арзон баҳода сотолмаймиз-да. 

Сотувчи билан тортишиб, ким баракат топибдики, мен топсам. Қўлимдан келгани, ширинликни харид қилишни бошқа кунга қолдириб, дўкондан чиқиб кетиш бўлди. 

Ҳар йили кузатаман. Рамазон ойида нарх-наво анча ошиб қолади. Бу озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг кўплигиданми ёки “тадбиркорларнинг” ишни кўзини билишиданми, сабабини аниқ билмайман. Билганим, муборак рўза кунларидан “унумли” фойдаланиш ҳаракатида чўнтагини бир-икки сўм кўпроқ пулга тўлдираётганлар наҳот адолат, барака, савоб деган тушунчалардан шу қадар узоқлашиб кетган бўлсалар? Муборак ойга ҳурматсизликлари боис топган маблағлари яхшиликка эмас, ёмонликка, гуноҳ ишларга, бефойда жойларга совурилиб кетишидан қўрқмайдиларми, бундай тужжорлар.  

Бир нарсани унутмайлик, кўпроқ, янада кўпроқ топиш эмас, камроқ бўлса-да, кўнгил хотиржамлик ила тирикчилик ўтказишда, одамларга хайр-саховат қилишда файз бор, барака бор. 

Рўзадан мақсад аслида кўпроқ овқат ейиш эмас, балки борига қаноат ва сабр қилиш эмасми? Кун давомида сабр қилиб, кечқурун икки кунлик таомни еб битириш...  

Келинг, бу мавзуда кейин гаплашамиз.

Манба: ЎзА

ЎМИ Матбуот хизмати

4989 марта ўқилди

Мақолалар

Top