Мақолалар

Ҳикоя: сабрда ҳам ҳикмат бор

Денгиз бўйида балиқчилик билан кун кечирадиган оилалар уч тўрт кишидан бўлиб қайиқларда балиқ овига чиқиб кетишибди. Аёллар ҳар доимгидек қирғоқда фарзандлари билан дуолар қилишиб, эрларини овга кузатибдилар. Орадан икки уч кун ўтса-да, эркаклардан дарак бўлмабди. Аёллар дуода бўлиб турганларида тунда бир аёлнинг уйи ёниб, ҳеч вақоси қолмабди. Фалокат келса қўшалоқ келади деб, чиройли сабр қилибди. Эрталаб уйғонганида денгиз тарафдан қайиқлар кўринибди, булар ўзларининг ҳамқишлоқлари – балиқчилар экан. Балиқчилар денгизда қаттиқ шамол кўтарилгани, улар йўлни йўқотиб қўйишгани, тунда кўтарилган оловни ёруғлигидан уйларини топиб келишганини айтишибди.

Ушбу ҳикоядан олинадиган ибрат – Аллоҳга тавваккал ва сабр. Ҳозирги давримизда бирор ёнғин ёки шунга ўхшаган бирор талофат етса, биз авваламбор айбни ўзимиздан қидирмаймиз, балки ён қўшнимизни айбдор қиламиз, турли идора ва ташкилотларга бориб шикоят қиламиз. Шундай ёнғинлар чиқишига сабабчи бўлаётган нарсаларни ҳаммамиз ҳар куни кўрамиз, аммо кўрмасликка оламиз. Қўни - қўшниларимиз ҳас-ҳашакларни уй томларига босиб қўйган бўлса, электр, газ плиталаридан нотўғри фойдаланаётган бўлса эътибор қилмаймиз. Барчаси ўзимизни лоқайдлигимиздан. Ҳаммамиз шу маҳаллада шу ватанда яшаётган эканмиз барчамиз масъулмиз ва жавобгармиз.   

 

Абдураҳим САТТОРОВ

Избоскан тумани

“Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

 

     

473 марта ўқилди

Мақолалар

Top