Мақолалар

Эҳсон

Кунларнинг бирида кекса отахон ёлғиз ўғли­ни ҳузурига чақириб:

– Ўғлим, кексайиб қолдим, умрим ҳам ниҳоя­си­га етмоқда. Шу боис, сенга васият қиладиган сўзларим борки, вафотимдан сўнг уларни бажаришинг лозим.

Ўғил отасининг олдида бошини эгиб, қўли кўксида:

– Хўп бўлади отажон, сизнинг ҳар бир сў­зин­гиз мен учун олтинга тенгдир, – деди.

– Авваламбор, сенга бир умрга етадиган мол-мулкни мерос қилиб қолдираяпман, уни исроф қилма! Вафотимдан сўнг қолган мол-мулким­нинг бир қисмини садақа қиласан, эҳсон қилиб, мол-қўй сўйиб, эл-юртга тарқатасан. Ортганини эса масжид-мадрасаларга бериб турасан. Отанинг сўзи ниҳоясига етмай, дафъатан, чироқ ўчиб қолди. Электр чироқни ёқиш ҳаракатида ўғил қўлига ёритқич фонарни олиб, отаси билан биргаликда олдинма-кетин юқори қаватдан пастга туша бошладилар. Ота олдинда, ўғли эса орқада қўлчироқ тутиб келаётган эди, ота:

– Ўғлим, қўлчироқ билан ортни эмас, олди­мизни ёрит, – деди.

Ўғил эса отанинг гапларига парво қилмади. Ота сўзини бир неча маротаба такрорлади. Ўғил яна қулоқ солмади. Унинг бу ишидан ранжиган ота, чироқ ёнгандан сўнг ўғлига қараб, хафа оҳангда:

– Мен сени не машаққатлар билан ўқитиб, воя­га етказдим. Ақлли, билимли ва фаросатли инсон бўлгансан деб ўйлагандим, қилган ишингни қара?! Ёритқични олд тарафга тут, оёқ остимни ёрит десам, орқа томонни ёритдинг! – деди.

– Отажон! Ҳаётлик даврингизда қилган ҳар бир савоб ишингиз олдингизни ёритадиган порлоқ нур бўлади. Ўлганингизда ҳам одамларга кўмак бўладиган ишингиз бўлса, орқангизни ёритади, – деди ўғил.

– Ақлингга балли! Сенингча нима қилишим керак? – деди ўғлидан мамнун бўлиб.

– Муҳтож, йўқсилларга ёрдам бермоқлик савоб иш. Аммо улар сиз берган хайру эҳсо­нингиз­ни бир-икки кунда еб битиради ва яна муҳтож бў­либ қолаверади. Аммо битта корхона қурсангиз, унда неча ишсизлар, муҳтожлар ишлайди. Маош олиб, бола-чақасини боқади. Муҳтожлик балосидан халос бўлади. Бир умр ҳақингизга дуо қилади, бу эса ўчмас ва энг улуғ эҳсондир.

Ўғлининг маслаҳатидан хурсанд бўлган ота корхона қуриб, кўпчиликни иш билан таъ­мин­лади. Қанча инсонлар камбағаллик ва муҳ­тож­лик балосидан қутулди. Отахонга раҳмат айтиб, ҳақига дуолар қилдилар. Вақти-соати келиб, ота­хон дунёдан кўз юмди. Одамлар эса отахонни вафотидан кейин ҳам сахийлиги, муруввати, корхона қуриб, кўпчиликнинг мушкулини осон қилгани учун доимо дуоларида эслаб юрдилар. Албатта, халқнинг дуоси марҳум ота қабрини дои­мо ёритиб туради.

Эй азиз фарзанд! Инсонга имконият берилганида, қўлида мол-дунёси бўлиб, соғ-саломат юрганда, бахт қуши учиб кетмасдан, барчага фойда келтирадиган савоб ишларни қилсин. Буни эшитган келажак авлод ибрат олиб, улар ҳақига дуо қилиб юрсинлар.

 

Шермурод ТОҒАЙнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

 

 

898 марта ўқилди

Мақолалар

Top