Версия для печати

Мақолалар

Болага истиғфор айтишни ўргатинг!

Инсон бу дунё ҳаётида қанчалик эҳтиёткор бўлмасин. Хато ва гуноҳ қилиши мумкин. Аллоҳ таоло барчаларимизни истиғфор айтишимизга амр қилиб, шундай деган: «...Аллоҳдан мағфират сўрангиз! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Музаммил, 20).

Ғафлат ёки эсдан чиқариш сабабидан такрор-такрор истиғфор айтишга ниҳоятда муҳтожмиз, зеро, Парвардигоримиз билан бўладиган руҳий боғланишни тез-тез янгилаб туришда, қодир бўлганимизча Унинг тўғри йўлидан боришимизда истиғфор айтишимиз лозим бўлади.

Қуръони карим оятлари  бандаларга Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрувчи раҳмли зот эканлигини доимо эслатиб туради. Инсоннинг қандай гуноҳи ёки маъсият бўлмасин Ундан кечиришини, авф этишини илтижо қилиши лозимлигини эсига солиб туради. Маълумки, инсон ўз табиати ва хилқатига мувофиқ  хато қилувчи, баъзан камчилик ва айб ишларни қилиб қўйиши мумкин. Агар унинг қаршисида надомат, тавба эшиклари беркитиб қўйилса, у ҳаётда ҳаловатини йўқотиб тубанлик сари йўл тутиши мумкин бўлади. Демак, Ислом дини хатокор, гуноҳкор учун узр айтиш, тавба қилиш йўлини кўрсатди.

Бу йўл инсонни залолат зулматидан имон нури сари етаклайди, замирини поклаб, қайтадан обод қилади, зеро Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в) барча асҳобларини, ҳамма умматларини истиғфор айтишга қизиқтириб, уларга ўзлари ҳар куни етмиш марта истиғфор айтишлари хабарини бердилар. Бундан ўзларига бирон-бир фойда ёки гуноҳдан халос бўлишни кўзламаганлар, ваҳоланки, У зот барча гуноҳ ва хатолардан маъсумлар. Бундан мурод, умматларига гуноҳ ёки хатолардан қандай қилиб халос бўлиш, адашишдан қайси йўл билан қутулиш йўлларини ўргатишлари эди.

Ақоидга доир китобларимизда ёзилганига қараганда, Аллоҳ таоло бандалари зиммаларидаги ҳақларини кечиши мумкин экан, яъни Ўзи фарз қилган ибодатларни тарк қилган ёки чала, нуқсонли бажарган бўлса, қайтарган ва таъқиқлаган нарсаларидан қайтмасдан гуноҳкор бўлган бандалари гуноҳини кечириши жоиз экан. Аммо бандалар бир-бирларига нисбатан ҳақ-ҳуқуқларини адо этмаган бўлса, ўзгаларга зулм ёки хиёнат қилган бўлса, ноҳақ озор  берган бўлса, то ўша жабрланувчилар кечириб, рози бўлмаганларича Аллоҳ кечирмас экан.

Истиғфор айтиш, дуо қилиш ва ёлбориш инсонга руҳий таскин ва қалб хотиржамлигини, ҳаёт ташвишларидан халос бўлишда ёрдам беришини асло унутмаслигимиз зарур. Аллоҳ таоло билан руҳан боғланишимиз яхши ва савобли амалларни қилишимиз, ҳаётда тўғри йўл топишимизда истиғфорнинг ёрдами каттадир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларининг мазмуни ҳам шу маънога далолат қилади: «Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло барча ғамни хурсандчиликка айлантиради, қийинчиликлардан халос этади ва ўйламаган ердан ризқ-рўзини етказади» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

3553 марта ўқилди