Мақолалар

Аждодлардан бир ибрат…

Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ат тажнис вал мазид” – “Ўхшаш ва зиёда қилинган масалалар” китобида бир ажойиб масала келтирилади.

Агар ит инсоннинг бирор аъзосини ёки кийимини ғазаб ҳолатида тишлаган бўлса уни ювиш вожиб бўлмайди. Ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида эса (теккан жой ва кийимни) ювиш вожиб бўлади. Биринчи кўринишда ит фақат тиши билан тишлайди, бошқача бўлмайди. Иккинчи кўринишда эса тиши ва ҳўл лаблари билан бирга тишлайди.

Ўтган аждодларимизнинг илми ва заковатига бир қаранг! Ҳақиқатда уларнинг илми, маърифати, маънавияти жуда кучли бўлган. Масалага эътибор қаратинг. Қарангки, инсоннинг бирор аъзоси ёки кийимига теккан жойни нажосат қилувчи итнинг сўлаги унинг лабида бўларкан. Шунинг учун итнинг ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида теккан жой ва кийимни ювиш вожиб бўлар экан. Чунки бу кўринишда тиш ва нажосат жойлашган лаблар иштирок этади. Ғазаб билан тишлаган ҳолатда эса лабларини орқага тортиб, тишларнинг ўзи иштирок этади. Бунда кийим ҳам, бадан ҳам нажас бўлмайди.

Энди ўзингиз хулоса чиқаринг. Агар Марғилоний ҳазратлари зоология фанини ўрганмаганида бундай нозик фарқни қаердан билган бўлардилар?!

Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек баъзи ёшларнинг ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб ўқишни, ўрганишни бир четга суриб, интернетга муккасидан кетиб, бор вақтини сарфлаб у билан “мароқли” ҳаёт кечираётганини кўриб таассуфда қоласан киши. Интернетдан яхши томонга фойдаланса қандай яхши. Ҳар хил ёт ғоялар йўғирилган ёки беҳаёликни тарғиб этувчи сайтлар қармоғига илиниб элга, юртга фойда етказиш ўрнига гулдек умрини мана шундай иллатларга сарфлаётгани ачинарли ҳол.

Ҳозирги ёшларга айтар сўзимиз: ўтган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлинг. Ўткинчи ҳойу  ҳавас эмас, илм-маърифат ортидан қувинг. Сизни ҳам шонли тарих кутмоқда. Ота – боболарингиз қолдириб кетган пешқадамлик таёқчасини ҳеч кимга берманг. Ўқинг, ўрганинг, кашфиётлар қилинг. Зеро, ҳақиқий бахт илм ўрганишдадир.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби

3868 марта ўқилди

Мақолалар

Top