Мақолалар

Хоҳлаган одам пирлик, муридлик даъвосини қилиши мумкинми?

Тасаввуф, тариқат нима? Улар замирида қандай мақсад мужассам? Моҳиятида нима бор?

Аслида тариқат – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, ислом дини кенг тарқалишида тасаввуф ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ўз вақтида тасаввуфнинг  ўзига хос санъати, мусиқаси, меъморчилиги юзага келган эди.

Марказий Осиёда тасаввуф тариқатлари ривожида юртимиздан етишиб чиққан Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Хожа Муҳаммад Парсо каби алломаларнинг хизмати катта бўлган. Шу жумладан, тасаввуф тариқатида катта ўрин тутган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари биринчидан, ислом шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, бу таълимот чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамиятнинг турли вакиллари ўртасида жувонмардлик ришталари пайдо бўлишига сабабчи бўлган эди. Бунинг ортида одамлар бир-бирларига моддий ва маънавий ёрдам бера бошлаганлар, ҳар қандай қийинчиликни ҳамжиҳатлик билан енгиб, шодликларни баҳам кўрганлар. Шу сабаб уларнинг фаолияти бутун ислом оламига ўз таъсирини ўтказган.

Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритади. Бироқ уларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетганини айтиш ўринли. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Баъзи мамлакатлардаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларининг ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.

Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни муридбозликка, мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олдилар. Шу сабабли улар ҳақида сўз юритишга мажбур бўлмоқдамиз. Мақсадимиз кимнидир, ниманидир айблаш, узоқ тарихга эга тариқат йўналишини танқид қилиш ёки тасаввуфни инкор этиш эмас. Бироқ, муборак динимизнинг асл мазмун-моҳиятини бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб, томошабин бўлиб туриш ҳам инсофдан эмас.

“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд. Уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “сувф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.

Имом Сухравордий фикрича, тасаввуф таърифининг мазмуни – икки минг атрофида. Яна бошқалари тасаввуф таърифининг зиёда бўлиши ёки хилма-хиллиги бу йўналишнинг кенглигини билдиради, деб таърифлашган. Шуни қайд этиш лозимки, уларнинг йўналишлари, таҳсиллари, кўрсатмалари шўролар даврида барбод бўлган эди. Шунинг учун тасаввуф тариқат йўналишларида ҳеч қандай адабиёт, мактаб, билим даргоҳи мавжуд эмасди. Шариат билимларини ўрганишда фойдаланилаётган олийгоҳ ва мадрасалар каби билим даргоҳлари йўқ эди.

Бу ўз-ўзидан тариқатчилик соҳасида илмий-амалий кўрсатма деярли йўқ дегани эмасми? Демакки, бу соҳанинг мутахассислари ҳозирда юртимизда мавжуд эмас. Бироқ, мўътабар зотларнинг мақом ва лавозимларини давом эттириш даъвоси билан юртимизнинг бир неча жойларидан пирлик даъвосини қилаётганлар кишини таажжубга солади. Улар    машҳур тасаввуфчиларнинг йўналишларини танлаганликларини пеш қилиб, ўзларига мухлис орттирмоқдалар. Бу ўз навбатида қатор саволларни юзага келтиради:

хўш, тасаввуф йўналишида ким хоҳласа пирлик, яна ким хоҳласа муридлик даъвосини қилиши мумкинми?

Пирлик даъво қилаётган шахслар қайси бир тариқат вазифаларини бажариб, зоҳирий ва ботиний илмларга эга бўлган шахсларга боғланишган?

70 йиллик бўҳрон даврида шариат илмига моҳир, ҳар томонлама етук олимни тасаввур қилиш қийин бир пайтда қандай қилиб инсон қалбига нур бера оладиган тариқат илми мутахассислари етишиб чиқди?

Ҳозирги кунда пирлар ўзаро бир-бирини адашган, нотўғри йўл танлаган,  жоҳил, илмсиз, деб даъво қилиб турган бир пайтда қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?

Айни пайтда баъзи пирлар ўз муридларига қатор вазифаларни беришда асосан эшитган, қайсидир “пир” таъсирида бўлган даврларидаги таассуротларига таянмоқдалар. Муридлар ҳам бу вазифаларни адо этишни вожиб ўринда кўрмоқдалар.

Бинобарин, баъзи бир пирларнинг ўзлари билмаган ҳолда шариат қоидалари бузилишига олиб борувчи айрим кўрсатмалари бўйича халқимиз ўртасида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

- кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб) деб таъкидлаш;

- шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур деб билиш;

- пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари, шунингдек, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, дейиш;

- муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига бормаслик;

- расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик;

- ўзидан бошқа тариқат пирларини ошкор танқид қилиб, уларнинг адашганликларини айтиш;

- ўзгалар (тарафдорлардан бошқалар)нинг диний ва дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслик;

- қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш;

- намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;

- Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик), деб билиш ва инкор этиш.

Булардан ташқари, айрим тариқатчилар томонидан турли  мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани таажжублидир. Хусусан, улар пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, дейишади. Салла кийишни доимий суннат, деб жамиятимиздаги ҳозирда кийилаётган кийимларга рози бўлишмайди. Шариатда рухсат қилинган қўл ювилгандан кейин қўлни ёки юзни сочиқ билан артишни мумкин эмас деб даъво қилишади. Баъзи бирлари эса ислом шариатида жорий бўлиб келган амаллардан кўра пирлари буюрган амални устун кўрадилар.

Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади деб, шунингдек, бошқаларнинг чап қўлда қуйган чойларини ичишмайди.

Ўз пирларини бошқа пирлардан юқори кўришда чарчамайдилар. Айрим муридлар ота-оналари, муқаддас оилалари ва фарзандларини ташлаб, девоналикни даъво қилишади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай амаллар шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Тариқат ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканликларини аниқлаш учун улар амаллари шариатга, маърифий ислом дини кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштириш кифоя қилади. Диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳар бир ишда илмнинг йўқлиги ғарибликни келтириб чиқаради. Нақшбандия тариқати эса касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм-маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади.

Ваҳоланки ҳозирги вақтда айрим тариқат аҳли илмларини муттасил  зиёда қилиб бориш ўрнига ўзлари илм-маърифатга қизиқмаганлари ҳолда ёш авлодни мактаб ўқишларидан ва замонавий фанларни ўзлаштиришдан совутишга журъат қилмоқдалар. Замонавий илмлардан баҳраманд бўлмаган кишидан комил инсон чиқиши мумкинми?

Айни пайтда айрим тариқатчиларни ўзининг тўпига қўшилиб олиб, кўчама-кўча, хонама-хона худойи еб юриб, бола-чақанинг нафақасини унутаётган ҳолда учратиш мумкин.

Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича ҳалол касб билан оиланинг нафақасини таъминлаш муҳим ишлардан ҳисобланади. Оила ва фарзандларни тарк этиб, ўз манфаати йўлида узоқ жойларга кетиб қолиш шариат қонунларига ва тариқат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайди. Диний ва миллий қадриятларга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ишлар жамиятимиз учун салбий ишлардир. Улардан на динимизга, на тасаввуф тариқатига бирор манфаат бор.

Мақсадимиз маърифий ислом ва анъанавий Ҳанафий мазҳаби йўналишига оғишмай амал қилиш ва тўғри йўлни инсоф нуқтаи назаридан қабул қилиш экан, тариқат – Аллоҳ ва расулини севиш, ота  – онага, устозга, барча мўъмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишлигини унутмаслик керак. Тариқат – Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Асл тариқатда таркидунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румий ишсизлик, дангасалик, бепарволикка, таркидунёчиликка қарши қаттиқ курашганлар. У киши инсонларни ҳаракат ва жидду жаҳд қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга чақирганлар. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниш сўфийнамо бўлиб, бадхулқ бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса, мунофиқлик ҳисобланади. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек,

Ҳар ким қилса тариқатни даъвосин,

Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.

Шариатнинг ишларини адо қилиб,

Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.

Ражабали НОРҚЎЧҚАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари

манба: qashqadaryogz.uz

358 марта ўқилди

Мақолалар

Top