Мақолалар

Тинчлик – энг буюк бойлик

Баъзилар неъмат сўзининг маъносини тор доирада тушунади. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тансиҳҳатлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларга бепарво қараб, гўё улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.

Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигини ўргатганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамларнинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас, шундай экан, ушбу буюк маънавий неъматнинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени тотли сув билан қондирмаганмидим?..» деб сўрайди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, молини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани», деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, Унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.

Тинчлик қарор топган жойда хотиржамлик ҳукм суради, инсонлар эмин-эркинликда яшаб, келажак авлодларни камолотга эришиш йўлида тарбия қиладилар. Бунинг натижаси ўлароқ жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундан келиб чиқадики, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бунинг учун эса инсон ўз зиммасига юклатилган, тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини тўлақонли тарзда бажармоғи лозим.

Жаннатмонанд юртимиз, мустақил Ўзбекистонимизда ҳар бир жабҳада юксалиш ва ривожланишлар рўй бериб, шаҳар ва қишлоқлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Албатта, буларнинг барчасининг негизида юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик ётади. Тинчлик ва осойишталикни доимий сақламоқ учун эса шу юртнинг ҳар бир фарзанди Ватан тинчлиги ва тараққиётини маълум бир соҳа вакилларининг вазифаси деб қарамасдан, балки менинг бурчим, менинг ор-номусим деб билиб, бирлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқликлари ва фидойилик кўрсатмоқлари лозим.

Юртимиздаги ривожланиш ва юксалишларни кўра олмайдиган, ундаги имкониятлар, ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётган, бу йўлда ҳар хил фитналар билан нотинчлик келтириб чиқаришга уринаётган қабиҳ ниятли гурухларнинг мавжудлиги, ундан ҳам ёмони бундай душманларга ёрдам беришга интилаётган хоинларнинг топилиши бизни ҳар доим огоҳ бўлишга чорлайди.
Халқимиз бежизга ўз дуоларида Яратгандан юртга тинчлик, халққа фаровонлик тиламайди. Чунки бу неъматлар энг олий неъматлардир.

Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!

У.Исақбоев,
Гурлан тумани “Нур Саид эшон бобо” масжиди имом-хатиби

 

http://zamaxshariy.uz

222 марта ўқилди

Мақолалар

Top