muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

Среда, 04 Декабрь 2019 00:00

Динимизни софлигича асрайлик

Аллоҳ таолога беҳисоб шуклар бўлсинким, истиқлол неъмати боис мамлакатимиз йилдан-йилга равнақ топиб бормоқда. Парвардигорнинг инояти ила халқимиз ўзаро бирдамлик ва иноқликда улкан ютуқларга эришмоқда. Юртимиз янада гўзаллашиб, турмушимиз обод ва фаровон бўлмоқда.

Таассуфки, ҳозирги кунда мусаффо динимизни ниқоб қилиб олган, аслида қабих ниятли кишилар манфаатларини амалга ошириш йўлида ҳаракат қилаётган бузғунчи фирқалар ва оқимлар фаолияти кузатилмоқда. Бундай вазият Ислом динимизни ғаразли хуруж ва таъсирлардан ҳимоя қилиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини оммага тўғри тушунтириш масаласи бугунги кунда долзарб эканлигини англатади.

Муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган оқим ва фирқалар ҳақида гапирганда, сўзни аввало Ислом динининг асл моҳияти тинчлик экани ҳақида бошлаш зарур. Ислом эзгулик ва яхшиликка қурилган Динимизнинг бош ғояси ва мақсади инсониятни яккахудоликка чорлаш билан эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборатдир.

Қуръони каримда айтиладики, Бас, (эй, Мҳаммад) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 17-18 оятлар)

Ҳадиси шарифда ҳам фақат эзгулик мужассам. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жаллага маъсият бўладиган ўринда махлуққа итоат қилинмайди” деб таъкидлаганлар. Имом Аҳмад ривоятлари.

Бошқа бир ҳадисда эса “Гуноҳ ишларда (бандага) итоат йўқ. Итоат фақат маъруф ишлардадир” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Агар бирор кимса дин номидан гапирсаю, аммо у дин таълимотини нотўғри тушунса, бу билан унинг ўзини ҳам, унга эргашганларни ҳам савобга эмас, аксинча, гуноҳга бошлаган бўлади.

Мамлакатимизда, аввало ёшларни турли манфаатдор кучлар таъсирида бузғунчилик, низо ва фитна чиқариш билан шуғулланаётган ҳаракатлар таъсиридан сақлаб қолиш ҳар биримизнинг юксак бурчимиздир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз ҳидоятида бардавом айласин.

 

Ж.Умаров

Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Қорақалпоғистонга сафарлари мобайнида Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, аввал билим юрти фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Аввал ушбу билим юртининг бош биносига бўйма-бўй янгидан қад ростлаган янги иншоот кўздан кечирилди. Янги иморатда ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, билим юрти ўқитувчилари ва талабалари билан дилдан суҳбат қилиниб, муфтий ҳазратлари билим юртида таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан билим юртининг тўрт нафар талабасига ўқув шартнома пуллари тўлаб берилиши эълон қилинди.
Муфтий ҳазратлари шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган мазкур мадраса фаолияти билан танишар эканлар, аввало бу неъматларга шукрона қилиш кераклигини таъкидладилар. Келажакда ушбу маскандан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига катта манфаат келтирадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Ташриф давомида ушбу мадрасага Тошкент шаҳридаги диний таълим муассасаларидан бориб, билим ва кўникмаларини ўртоқлашаётган устоз-мураббийлар билан ҳам суҳбат қурилди.
Шу билан Қорақалпоғистон сафари якунига етди, эртага Хоразм вилояти сафари бошланади.

 

Адил ЕРЕЖЕПОВ
Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича мудир ўринбосари

Вторник, 03 Декабрь 2019 00:00

Янги рукн: Қуръон мўъжизалари

Мўмин-мусулмонларнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббатларини сайқаллаш, Аллоҳ таолонинг каломининг маъноларини теран англаш мақсадида, Muslim.uz жамоаси “Қуръон мўъжизалари” номли янги рукнни ташкил этди. Сизга ушбу рукн орқали Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизаларни, Қуръон оятларини замонавий илмий янгиликлар ҳамда кашфиётлар билан баён этамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва Қуръони Каримга, Суннати Набавияга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Қорақалпоғистон Республикасига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни ширин сўзлари ила уларнинг ўксик қалбларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали жажжи болажонларнинг қалбларига шодлик улашилди.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади. Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этдилар. Ушбу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Қорақалпоғистон сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top