muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Жидда шаҳрида “Wehdat al-Irtikaz” компанияси бош директори Юсуф ал-Занбаги билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида 2023 йил 24-26 январь кунлари Макка шаҳрида ўтказиладиган “Makkah Expo for Hotels & Restaurants” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Юсуф ал-Занбаги мазкур кўргазмада меҳмонхоналар менежменти, хизмат кўрсатиш ва тегишли маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши, Малайзия, Индонезия, БАА, Ўмон, Иордания, Миср ва бошқа қатор давлатлар миллий павильонларда ушбу соҳадаги салоҳиятини намойиш этишини таъкидлади.
Халқаро кўргазмада меҳмонхона ва ресторанлар фаолиятида қўлланиладиган маҳсулотлар ҳам тақдим этилади. Саудия Арабистони, жумладан, Жидда, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда бундай маҳсулотларга доимий равишда эҳтиёж мавжудлигига эътибор қаратилди. Шу маънода, мазкур анжуман Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун ўз товарларининг экспортини кенгайтириш учун қулай имконият эканлиги урғуланди.
“Makkah Expo for Hotels & Restaurants” миллий таомлар кўргазмаси, шунингдек, ушбу йўналишдаги мусобақалар каби тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шу боис Ўзбекистон делегациясининг миллий таомлар билан қатнашиши кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларини ўзбек пазандачилик санъати анъаналари билан яқиндан таништиришда аҳамиятли бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 07 Ноябрь 2022 00:00

Зарарли иллат

Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаровон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.

Гиёвандлик илмий тилда наркомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.

Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон суратида қоладилар, холос.

Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

“…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”(Бақара, 195).

Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради. Жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёҳвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.

Бу ҳақида Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” (Имом Ҳоким ривояти).

Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:

– оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;

– барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;

– зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;

– ҳаёт қийинчиликлари ва зерикиш;

– жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;

– кайфичоғлик қилиш истаги;

– атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.

Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Тегишли муассасалар, ташкилотларнинг ўзи билангина уларнинг олдини олиш мушкул иш. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади. Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, бу касалликдан халос бўламиз.

Тошкент Ислом институти

талабаси Соатов Мансур

 

“Китобсевар миллат” шиори остида 2022 йил 2-4 ноябр кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Tashkent Book Fest” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.


Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда Республикамиз ижтимоий-маънавий сохада бўлаётган янгиликлар билан таништириш ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи» бошлиғи А.Ғаниев ҳамроҳлигида кўргазма-ярмаркага ташриф буюрдилар.


Ушбу ярмаркада китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга бағишланган тадбирлар, хорижий ва маҳаллий китоб маҳсулотлари билан танишиш, янги асарлар тақдимоти, ёзувчи, шоирлар ҳамда соҳа мутахассислари билан ташкил этиладиган давра суҳбатлари, семинарлар, маҳорат дарслари ва тренинглар ўтказилди.
Таълим муассасаси талабалари мазкур китоб ярмаркасида бўлиб ўтган барча тадбирларида қатнашиб ўзлари учун керакли маълумотлар олдилар ва улкан таассуротлар билан қайтдилар.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот бўлими

 

Фатво маркази директори ўринбосари

Ғуломиддин домла Холбоев

Ваҳший ҳайвонлар туркумига кирувчи бўриларнинг ўз оиласига вафодорлиги ҳақида жуда кўп маротаба эшитганмиз, бадиий асарларда ўқиганмиз. Бўрилар битта бегона урғочи билан жуфтлашиб, умр бўйи ўша билан яшайди, жуфтига асло хиёнат қилмайди. Шунингдек, урғочиси ҳам бир умр ўша жуфти билан яшайди. Улар ўз болаларини танийдилар. Улар бир она ва бир отадан дунёга келадилар.

Ҳайвонлар ичида фақат бўригина ота-онасига ғамхўрлик қилади. Уларни ўз инида қолдириб, ов қилиб боқади, парваришлайди.

Лев Толстойнинг “Бўри болаларини қандай ўргатади?” номли асарида ҳам она бўрининг ўз боласи олдидаги масъулияти ҳақида ҳикоя қилинади. Она бўри ёш боласига ов қилиш тартибини ўргатиши, хавф туғилганида уни қандай ҳимоя қилиши акс этган эпизодни ўқиган китобхоннинг хаёлида меҳрибон, жасоратли, қатъиятли она тимсоли гавдаланиши табиий.

Биз инсонмизку?! Нима учун айрим ота-оналарда оиласи, фарзандларига нисбатан мана шу бўриларчалик масъулият етишмайди?

ХИЁНАТЛИ УЙДАН ФАЙЗ ҚОЧАДИ

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг Оилавий, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 36 минг 456 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврида 29 минг 98тани ташкил этган бўлиб, 7 минг 358та (20 фоиз)га ошган.

Республика бўйича қайд этилган умумий 36 минг 456 та ажримнинг 9 минг 967 таси ёки 18 фоизи ўттиз ёшга тўлмаган оилалар ҳиссасига тўғри келади. 

Никоҳдан ажралиш сабаблари ўрганилганда характери тўғри келмаганлиги – 14 минг 127та ёки 39 фоиз, хиёнат – 1 минг 72та ёки 3 фоизни ташкил этган.

Халқимизда хиёнатли уйдан файз қочади, деган қараш бор. Бу сўзни эшитиш илгари одамлар учун уят саналган. Оила шаънини асраш учун эркак ҳам, аёл ҳам тўғри йўлдан юришга ҳаракат қилган. Бугунги кунга келиб эса... Афсуски орамизда хиёнат сабаб ажрашаётган ва бундан заррача уялмаётган ота-оналар бор. Хўш, бунга сабаб нимада?

– Хиёнат одамнинг шахсий тарбияси билан боғлиқ масала, деб ўйлайман, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. – Болаларга ёшлигидан ҳаром ва ҳалоллик ўргатилса, нотўғри йўлларда юришнинг оқибати ёмон бўлиши тушунтирилса, оилада хиёнатлар бўлмайди.

ЖУФТ ТАНЛАШДА ШОШМА-ШОШАРЛИК ҚИЛМАНГ

Оила қураётганда икки ёш ҳар томонлама бир-бирини ўрганиши, қарашлари билан ўртоқлашиши, бирор муаммони бартараф этиш йўлида фикрлашиши керак. Шошма-шошарлик, отамга, онамга ёқди бўлди, деган қарашлар билан оила қуриш, ёқмаса ажрашиб кетиш бу жуда катта хатоликдир.

АҚЛЛИ ОДАМЛАР АЖРАЛИШГА САБАБ ИЗЛАМАЙДИ, УНИ БАРТАРАФ ЭТАДИ

Кўпинча биз жанжалкаш, тажанг аёлларга нисбатан эри хиёнат қилади, деб ўйлаймиз. Аммо мулойим, одобли, ўқимишли аёлларга ҳам ўз эркаги томонидан хиёнат қилинаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Аёллар томонидан хиёнат қилинишига эса уларга эркаклар томонидан эътиборнинг камлиги, хоҳиш-истаклар инобатга олинмаганлигини рўкач қилиб айтамиз. Буларнинг ҳеч бири ажрашишга асосий сабаб бўла олмайди.

ҲАР БИР БОЛА ОТА-ОНАСИ БИЛАН ЯШАШГА ҲАҚЛИ

Охирги пайтда хиёнатларнинг кўпаяётгани катталарнинг ёшларга, оилага бўлган муносабати билан боғлиқ. Ёшлар ажрашиб, бошқаси билан оила қураман, деганида катталар ҳам қўллаб-қувватламасликлари керак. Тўғри, оила қуриш шахсий масала, аммо танганинг иккинчи тарафида фарзандлар олдидаги масъулият, бурчни бажариш деган тушунчалар туради. Айрим ота-оналарга мана шу вазифаларни бажариш оғир туюлади. Натижада осонгина ажралиш йўлини танлашади.

Ажрашгач аёл ҳам, эркак ҳам ўз йўлини топиб кетиши мумкин. Лекин боланинг тақдири нима бўлади? Ҳар бир бола ота-онаси билан яшашга ҳақли. Уларни бу ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Оилада эркак ва аёлнинг битта мажбурияти бор: ота-оналик масъулияти. Мана шунга хиёнат қилмаслик керак.

Оилавий қадриятлар, меҳр-оқибат, ота-оналик масъулияти, жамият олдидаги бурч, булар ҳаммаси болага ёшликдан сингдирилиб борилиши керак бўлган тушунчалар. Ёшлар бундай тушунчаларни қаердан ўрганади?  Оилада ота-онасида, бобою бувисидан, мактабларда эса тарбия дарслари орқали ўрганишади. 

Агар мактабларда ёшларга тарбия дарсларини ҳақиқий мутахассис ўтадиган бўлса, оила борасидаги муаммоларга бироз бўлсада ечим топилади. Чунки буларнинг барчаси тарбия билан боғлиқ масалалар.

Нигора Раҳмонова, ЎзА

Мақолалар

Top