muslim.uz

muslim.uz

Среда, 02 Ноябрь 2022 00:00

Сохта салафийларнинг ғоялари

Сохта салафийларнинг бир нечта ғоялари бўлиб, улардан бири: Қуръон ва суннатда ёзилган қоидаларни сўзма сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар.

Фиқҳий турғунлик ҳар бир замон алломасини хавотирга солган ҳолатдир. Воқеликни инобатга олмайдиган, ҳар масалада ҳарфий ёндашувни ёқлайдиган тоифалар ўз даврида Абу Муқотил Самарқандийнинг “ал-Олим ва-л-мутааллим” китобида Имом Абу Ҳанифа ва унинг шогирди ўртасидаги савол-жавобда ҳам танқид остига олинади. Жумладан, шогирд Имом Абу Ҳанифага савол беради:

  • Мен турли савиядаги одамлар билан мулоқотда бўлиб тураман. Улардан, иншааллоҳ, менинг назаримда энг паст савияда бўлганларидан гапни бошлайман. Менга уларга қарши далилларни айтинг. “Бу ишга асло дахл этма. Зеро, саҳобийлар ҳам бу ишларнинг ҳеч бирига дахл этмаганлар. Улар қилганини қил”, дейдиган тоифаларни кўрдим. Улар тошқин дарё ичида турган, унинг саёз жойини билмаганидан ғарқ бўлаётганга, жойингда тур, саёз жойни излама, деяётган кишига ўхшайдилар.

Ҳаким Самарқандий эса Қуръон оятларининг зоҳирига қараб ҳукм олиш борасида фикр юритиб, “Қуръондаги ҳамма нарсани ҳам зоҳирига қараб шарҳлаш мумкин эмас, чунки Қуръонда кўп ўринларда оятларнинг зоҳири бошқа маънони, ботини бошқа маънони англатади. Аллоҳдан қўрқинг. Қуръонни фақат ўз раъйингиздан келиб чиқиб шарҳламанг”, деб бу ишнининг шариат кўрсатмасига хилоф эканини таъкидлаган.

    Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби (манбалар асосида)

Среда, 02 Ноябрь 2022 00:00

Китоблар кўргазмаси 

Билим юртида октябр ойи “Фиқҳ ва усулул фиқҳ” фанлари ойлиги муносабати билан билим юрти ахборот ресурс маркази билан келишган ҳолда "Фиқҳга оид асарларни ўрганамиз" шиори остида фанга оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди. 


Кўргазмада 50 га яқин “Фиқҳ” фанига оид ҳанафий олимларнинг китоблари, мазмуни ҳамда чоп этилган нашриёти ҳақида маълумотлар берилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга  жавоблар қайтарилди. 

Ташкил этилган китоблар кўргазмаси талабаларда ижобий таассурот уйғотиб, китобга бўлган муҳаббатларини янада зиёда бўлишига сабаб бўлди.

Билим юрти матбуот хизмати 

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Ҳақ гап. Бирор хайрли иш бошланса, дарров ҳамма жойга хабари тарқайди. Буни эшитиб, одамлар хурсанд бўлишади. Чунки бу уларга манфаат келтиради-да. Энди охират учун манфаати етадиган савобли амалларни тасаввур қилинг-а. Бундай амалларнинг дарагини эшитган киши ичига сиғмаслиги аниқ.

Ана шундай хушхабарлардан бири бугун Тошкент вилоятида амалга оширилди: Нурафшон шаҳрида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Қуръон ва тажвидни ўргатиш ўқув-курси филиали очилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими бошлиғи Шайх Алижон қори, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвиддин домла Нортожиев, Нурафшон шаҳар бош имом-хатиби Абдурашид домла Рустамов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг ректори Уйғун домла Ғафуров, Тошкент ислом институти Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув-курси раҳбари Жаҳонгир Рўзиев ва бошқалар иштирок этди.

Ўқув-курсларида тўртта гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Учта гуруҳда эркаклар таълим олса, биттасида хотин-қизлар Қуръон ўрганишга бошлайди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган малакали мутахассислар тингловчиларга сабоқ беришади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Каломуллоҳни ўрганган ва ўргатган кишилар энг эхши кишилардир. Илоҳим, юртимизда ана шундай кишилар кўпаяверсин.

Аллоҳ таоло ўқув-курсларини хайрли ва бардавом қилсин.

 

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради. Мисол учун, «Албатта ишлар ниятга боғлиқдир» деганлар. Мана шу муборак гапни эшитган одамлар омонат тариқасида уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарзда авлоддан-авлодга ўтиб, муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса, илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина китобига киргизган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.

2. «Иш» деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж адо этишлари ва бошқа ишлари. Шунга ўхшаш амалларини кўрганлар кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб берганлар. Бундай маълумотлар шу тариқа ҳадис олимига етиб келган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни «амалий (иш) суннат» дейилади.

3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолади ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқийди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш маъқул, деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўя қолиш билан ҳам бўлади. Буни «тақририй суннат» дейилади.

4. «Халқий» деб тана тузилишидаги сифатларга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасалар-да, шу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

5. «Хулқий-ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

6. «Таржимаи ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббилари даргоҳига етгунларича бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўплами «Сийрат» дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар. Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба. Чунки у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир.

 

(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан.

Среда, 02 Ноябрь 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Самарқанд шаҳри "Намозгоҳ" жоме масжиди имом-хатиби Қамариддин қори Баҳриевнинг падари бузрукворлари Садриддин ҳожи отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Қамариддин қори Баҳриевнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top