Жума мавъизалари

 بسم الله الرحمن الرحيم

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ШАРАФЛИ МАСЪУЛИЯТ

Муҳтарам азизлар! Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

عن عُمَرَ بْنَ أَبِى سَلَمَةَ يَقُولُ، كُنْتُ غُلامًا فِى حِجْرِ النَّبِىّ صلى الله عليه وسلم وَكَانَتْ يَدِى تَطِيشُ فِى الصَّحْفَةِ فَقَالَ لِى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "يَا غُلامُ سَمِّ اللَّهَ وَكُلْ بِيَمِينِكَ وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِى بَعْدُ"

 (رواه الامام البخاري).

яъни: Умар ибн Абу Салама р.а. айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин”, деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ"

(رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади:

عَنْ أَبِي رَافِعٍ، قَالَ: "قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَ لِلْوَلَدِ عَلَيْنَا حَقٌّ كَحَقِّنَا عَلَيْهِمْ؟" قَالَ: "نَعَمْ، حَقُّ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدِ أَنْ يُعَلِّمَهُ الْكِتَابَةَ وَالسِّبَاحَةَ وَالرَّمْيَ، وَأَنْ يُؤَدِّبَهُ طَيِّبًا"

(رواه الإمام البيهقي).

яъни: Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ с.а.в.! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатмоғлиги ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбияламоқлиги”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس"

(رواه الإمام الخطيب و الإمام الديلمي).

яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида шундай деганлар:

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالسُّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً"

(رواه الإمام البخاري).

яъни: Абу Мусо р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишинг, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишинг мумкин. Аммо, темирчининг босқони эса, ё кийимингни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингни ачитади” (Имом Бухорий ривояти). Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий р.ҳ. бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий р.ҳ.: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг Ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар баёни қисмида жамоат намози хусусида сўз юритамиз.

Беш вақт намоз учун икки киши, жума намози учун эса имомдан ташқари уч киши жамоат ҳисобланади.

Жума ва икки ҳайит намозларини жамоатсиз адо этиб бўлмайди. Яъни ҳеч бир киши ёлғиз ҳолида мазкур намозларни ўқиши мумкин эмас.

Беш вақт намоз учун жамоат суннати муаккададир. Яъни узрсиз кишилар учун беш вақт намозни масжидда жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатдир.

Агар икки киши намозни жамоат бўлиб ўқимоқчи бўлса, имом чап тарафда туради, унга иқтидо қилувчи эса, имомнинг ўнг тарафида туради (Бунда иқтидо қилувчининг оёқ панжалари имомнинг товони баробарида туради). Агар иқтидо қилувчиларнинг сони иккитадан ортиқ бўлса, имомнинг ортидан саф тортадилар.

Аёллар намозни жамоат қилиб ўқимайдилар, имомликка ўтмайдилар.

Масжидда жамоат намози ўқиб бўлингандан кейин кеч қолиб келган кишиларнинг намози борасида икки хил ҳолат мавжуд:

  1. Агар масжид маҳалла ичида жойлашган бўлиб, шу масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан сўнг, жамоатга кеч қолиб келган кишиларнинг ҳар бирлари намозларини жамоат қилмай ёлғиз ўқийдилар.
  2. Агар масжид катта йўл бўйида жойлашган бўлиб, у масжиднинг қавми жамоат намозини ўқиб бўлганидан кейин ҳам йўловчилар бирин-кетин масжидга кириб келишлари доимий тарзда, одатий ҳолга айланган бўлса, у ҳолда бундай масжидда жамоатга кеч қолган кишилар намозларини қайтадан жамоат қилиб ўқишлари жоиз бўлади. Бироқ, кейинги жамоатнинг имоми аввалги жамоатнинг имоми турган меҳробдан бошқа жойда туради.

Шуни билмоқ лозимки, кейинги жамоатга етиб олишдан умидвор бўлиб аввалги жамоатга қасддан кеч қолиб келиш макруҳдир.

Таҳоратли киши узрли киши (соҳиби узр)га иқтидо қилмайди. Қори (қироати намозга яроқли) киши омий (қироати тажвидга мувофиқ бўлмаган) кишига иқтидо қилмайди. Руку ва сажда қилишга қодир бўлган киши имо-ишора билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилмайди. Фарз ўқийдиган киши нафл ўқиётган кишига ёки бошқа фарзни ўқиётган кишига иқтидо қилмайди.

Таҳорат олган киши таяммум қилган кишига, аъзоларини ювган киши масҳ тортган кишига, нафл ўқийдиган киши фарз ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз.

 

 

4996 марта ўқилди
Юклаб олиш:
Top