Версия для печати

Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Силаи раҳмни узманг!

Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро инсонлар ўртасидаги муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, қотиур-раҳм бўлиб, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَسْـَٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ ۖ قُلْ مَآ أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍۢ فَلِلْوَٰلِدَيْنِ وَٱلْأَقْرَبِينَ وَٱلْيَتَٰمَىٰ وَٱلْمَسَٰكِينِ وَٱبْنِ ٱلسَّبِيلِ ۗ وَمَا تَفْعَلُواْ مِنْ خَيْرٍۢ فَإِنَّ ٱللَّهَ بِهِۦ عَلِيمٌ

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).

Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор нафақат бизни динимизда, балки биздан олдинги динларда ҳам бўлгандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَىٰ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا مِّنكُمْ وَأَنتُم مُّعْرِضُونَ

яъни: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг, - деб аҳд  олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан  бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз (Бақара сураси, 83-оят).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: “Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا"

(رواه البخاري)

 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ"

(رواه البخاري)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин! (Имом Бухорий ривояти).

Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсоннинг умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳли ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор бўлади.

Силаи раҳм деганда яқинлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ"

(رواه البخاري ومسلم)

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

бугунги кунда тирикчилик, нафақайи рўзғор илинжида чет элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. фуқаҳоларимиз эр ўз турмуш ўртоғини тўрт ойдан ортиқ муддатга қаровсиз ташлаб кетиши мумкин эмаслигини айтганлар. Сийлаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.

عن أبي بكر رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: « مَا مِنْ ذَنْبٍ أجْدَر أنْ يُعَجِّلَ اللهُ لِصَاحِبِهِ بِالْعُقُوبَةِ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يُدَّخَرُ لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنَ البَغْيِ وَقَطِيْعَةِ الرَّحْمِ»

رواه أبو داود والترمذي وابن ماجه

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Хусусан, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати жўшиб турган муборак Рамазон кунларида меҳр-оқибатларимизни бир-бирларимиздан дариғ тутмасак, бу ойнинг шукуҳига ҳамоханг амал қилган бўламиз. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаб, Аллоҳ ва унинг Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзининг розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом қилсин! Юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини зиёда айласин! Омин.

 

 


фитр  садақаси

Киши рўза тутар экан, гоҳида билиб билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетиши, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйиши мумкин. Ана шу ғашликларни ювиб юбориш учун фитр садақаси жорий бўлган.

Фитр садақаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ила собит бўлгандир: 

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ ثَعْلَبَةَ عَن أبِيْهِ أنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَدُّوا عَنْ كُلِّ حُرٍّ وَعَبْدٍ صَغِيرٍ أَوْ كَبِيرٍ نِصْفَ صَاعٍ مِنْ بُرٍّ أَوْ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ" (أخْرَجَهُ الدَّارَقُطْنِي وَأحْمَد)

яъни: Абдуллоҳ ибн Саълаба отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ҳар бир балоғатга етган-етмаган ҳур ва қулнинг тарафидан буғдойдан ярим соъ (2кг) ёки хурмо ва арпадан бир соъ фитр садақасини адо қилинглар” (Имом Дорақутний ва Имом Аҳмад ривояти).

Фитр садақасини фақирларга бериш ҳикматларидан бири, улар ҳам ҳайит кунини байрам кайфиятида, хурсандчилик билан, кўнгиллари тусаган баъзи таомларни тановул қилиб ўзказишлари учун кўмакдир.

Ҳанафий мазҳабимиз бўйича мусулмон киши ўзининг турар жойидан, кийимидан, уй жиҳозларидан, миниб турган уловидан, иш қуроллари ва дастгоҳларидан ташқари закот нисоби миқдорига етадиган мулкка эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади.

Бошқаҳча қилиб айтганда фитр садақаси зарурий эҳтиёжтаридан ортиқча нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган мусулмонга вожибдир. Мазкур нисоб миқдоридаги мулкнинг кўпаювчи бўлиши ёки орадан бир йил ўтган бўлиши шарт эмас.

Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.

Фитр садақасини ҳайит кунидан аввал ёки кейин бериш жоиздир. Ҳайит намозига чиқмасдан аввал бериш мустаҳабдир. У буғдойдан ярим соъ яъни тақрибан 2 кг берилиши лозим. Ҳар йилги фитр садақасининг миқдори вилоят, шаҳар ва туманларимизнинг бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда, белгиланади. (Масалан, 2018 йилда Тошкент шаҳар бозорларида  1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2500 (икки ярим минг) сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 5000 (беш минг) сўм бўлади).

Закот ва фитр садақаси мискинниннг ҳаққи бўлиб, уларга мулк қилиб берилиши керак. Агар буларни масжид ёки болалар уйининг таъмирлаш ишларига ишлатиладиган бўлса, закот ва фитр садақаси адо бўлмайди. У жойдаги мутасаддилар тушган закот ва фитр садақасини фақир, мискинларга, етим болаларнинг эҳтиёжларига сарф қилсалар жоиз бўлади. Фитр садақасини закот берса бўладиган кишиларга берилади.

4341 марта ўқилди
Юклаб олиш: