muslim.uz

muslim.uz

Бутун ислом уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар етакчилари ва ҳукумат раҳбарлари, чет элдаги таниқли жамоат ва дин арбоблари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан табрикномалар келмоқда.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида мамлакатимиз Президенти ва кўп миллатли халқига чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини изҳор этиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирмоқда, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиламоқда.
Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев;
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров;
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон;
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;
Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий;
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди;
Бирлашган Араб Республикаси Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;
Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо;
Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб;
Кувайт Давлати Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад бин Исо Ал Халифа;
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II;
Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад;
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос;
Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид ол Наҳаён;
Кувайт Давлати валиаҳди Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
Сингапур Республикаси Бош вазири Ли Сянь Лун;
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев;
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий;
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Қутловлар келишда давом этмоқда.

Воскресенье, 23 Апрель 2023 00:00

Ислом тарихида такфирнинг пайдо бўлиши

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли «кофир» дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади», – деди. Бора-бора «Хавориж»ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам «Хавориж» фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан «ўрнак» олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа «ғамлари» йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, «Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган» (Аллоҳ асрасин!). Буларнинг бу «фатвоси»нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ яъни: «Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз» деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Машҳур саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У зот: «Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз» дедилар» («Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид» китоби).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Фиқҳул акбар» китобларида шундай деганлар: «Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз».

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг «Ал-Ақида ат-таҳовия» асарида шундай деганлар: «Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динимизда мусулмон кишиларни кофирликда айблаб, уларни такфирга чиқариш ўта қаттиқ қайтарилган қабиҳ ишлардан ҳисобланади.

САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Воскресенье, 23 Апрель 2023 00:00

Гуноҳни бутунлай тарк қилинг

Баъзида инсон гуноҳ қилиб қўяди. Шунда иймони унга буни қайтиб қилмасликка буюради. Шайтони эса ундан яна бир марта лаззатланиб, кейин бутунлай тарк этишига чақиради. Инсон унинг гапига кириб, ўша гуноҳни яна бир бор қилади. Шайтон-чи?! У тўхтамайди. Яна ва яна келиб, ҳалиги гуноҳга ундайверади, унинг “яна бир гал”и тугамайди. Охир оқибат тавба кейинга сурилиб қолиб кетади.

Ҳа, шайтоннинг мўминларни тузоққа тушириш йўлида ишлатган хатарли ҳийлаларидан бири мана шу, яъни улар гуноҳларни бутунлай тарк этишларига йўл қўймаслигидир. Балки, ўша гуноҳларни зийнатли кўрсатиб, қалбда ҳасрат қолмасин дея яна бир бор қилиб кўришлари, такрор қўл уриб, кейин тавба қилса бўлишини қалбига солади. Шу боис гуноҳ қилган инсон учун муносиб йўл шуки, нафсига қаттиқ босим ўтказиб бўлса-да, ўша гуноҳ ишни дарров тарк қилимоғи лозим.

Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Бу ўта хатарли алдовдир. Чунки мўмин киши иймони ва тақвоси туфайли маъсият яқинига боришга журъат қилмайди. Лекин, агар бирор гуноҳни бир марта қилиб кўрса, ундаги маъсиятларни тўсиб турган иймоний оташ ўчади. Шу билан у бошқа ва бошқа гуноҳларга қўл ура бошлайди. Маъсият ҳеч қачон инсонни тўйдирмайди. Инсон гуноҳни яна қайта қилиш билан ундан тўйгани ёки зерикканидан тарк қилишга бормайди. Балки, маъсиятнинг табиати, у ёнига бошқа кўпгина гуноҳларни чақиради. Уни теридаги қўтирга ўхшатиш мумкин. Инсон уни қашлаб роҳатланади-ю, лекин бу қашлаш қўтирларни кўпайтириб, касалликни кучайтириб юборади”.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

 

Top