Фотолавҳалар

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир”, деб марҳамат қилдилар.(Термизий ривояти.) 

*    *    * 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ёдлаган қорига (қиёмат куни) “Ўқи, кўтарил ва дунёда тиловат қилганингдек тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир”, деб айтилади”. (Термизий ва Насоий ривояти.) 

*    *    *  

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онасига тож кийдиради. Унинг нури дунё уйларидаги қуёш нуридан кўра ёрқинроқдир. Бунга амал қилган инсон ҳақида гумонинг қандай?”. (Абу Довуд ривояти.)

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)

*   *   *

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)

*   *   *

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир”. (Термизий ривояти.)

*   *   *

Бизни кузатиб боринг ва мусобақа расмларидан баҳраманд бўлинг 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

*    *    *

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

*    *    *

Абу Мусо Ашъарий[1]розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа[2] кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала[3]кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 

*    *    *

4727 марта ўқилди
Top