Фотолавҳалар

24 март куни Диний идорада Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ишлари келишиб олинди. Жумладан, фатво ҳайъати тузиш, диний таълим бериш, мусобақалар ўтказиш ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, ўзбек ва қозоқ халқи азалдан бир заминда яшаб, оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзгани, ҳол-аҳвол сўраганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани, икки давлат раҳбарларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ эканини қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари шаръий масалаларни ечиш, фатво ишлаб чиқиш ва турли мусобақаларни ҳамкорликда ўтказиш тўғрисида сўзладилар. Жумладан, мўмин-мусулмонларни қийнаётган долзарб муаммолардаги фатволарни эълон қилиш, Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда уламолар ҳамкорлигини таъминлаш жуда ҳам яхши натижа беришини алоҳида баён қилдилар.
Ўз навбатида Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз ҳазратлари қардош ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшагани, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Шунингдек, ёшларга диний таълим бериш, диний-маърифий адабиётларни ўзбек ва қозоқ тилларига нашр этиш, уламолар иштирокида йирик анжуманлар, форумлар ўтказиш ҳамкорлик самарали бўлишини изоҳлади. Қозоғистон муфтийси Ўзбекистонда Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг хотираларига катта эҳтиром кўрсатилаётгани, янги масжид қурилаётгани, “Ҳилол нашр” нашриётида диний адабиётлар чоп этилаётганидан жуда ҳам хурсанд бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом академияси ректори Неъматуллоҳ Иброҳимов қозоғистонлик ёшларни Ўзбекистондаги мадрасалар, Олий маъҳад, Мир Араб олий мадрасаси ва Ислом академиясида ўқитиш борасида барча шарт-шароитларни ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди. Томонлар меморандум икки давлат диний идоралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди. Ўз навбатида минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, диний эътиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга меморандум асос бўлишини билдирилди.
Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом”, “Минор”, “Ислом ота” жоме масжидлари ва “Ҳилол-нашр” нашриётини ҳам зиёрат қилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

2831 марта ўқилди
Top