muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 16 Апрель 2020 00:00

Фарзанд тарбияси учун айни фурсат

Қўқон шаҳар бош имом-хатиби Абдумажид домла Исоқов

Четверг, 16 Апрель 2020 00:00

 “Масжидун Набавий” ҳақида

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари зиёрат учун бориладиган учта масжиддан биридир. Ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозгоҳлари, минбар, равзайи шарифлари ҳамда тарихий устунлар жойлашган.

Ушбу масжидда ўқилган намоз минг ракъат намоздан афзалдир Икки Шайх ривоят қилгани каби: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу масжидимда ўқилган намоз Масжидул Ҳаромдан ташқари қолган масжидлардаги намоздан минг баробар афзалдир ” – дедилар.[1]

Масжидун Набавийга кирган кишига равзайи шарифда ёки масжид ичида икки ракъат намоз ўқиб олиши мустаҳабдир, ҳудди Икки Шайх Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилганидек: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз масжидга кирсангиз ўтиришидан олдин икки ракъат намоз ўқиб олсин” – дедилар.[2]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида масжид бино қилиш

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдин Масжидун Набавий ўрнида намоз ўқирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида шу ўринда намоз ўқидилар ва у милодий 622/ ҳижрий 1 йил Роббиюл Аввал ойида масжид бино қилинди. Узунлиги 70 зиро [3], кенглиги 60 зиро яъни таҳминан 35м, 30м бўлган. Томи эса 5 зиродир. Унинг пойдевори тошлардан, деворлари хом ғиштдан қурилди. Устунлари хурмо танасидан, томи эса хурмо шохларидандир.

Масжид қурилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан бирга ишладилар, тош вах хом ғиштларини ташидилар. Масжид учун учта эшик қилдилар.

Масжидун Набавийни кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 7-йил Ҳайбар ғазотидан қайтганларидан кейин, биринчи кенгайтириш бўлди: кенглиги 40 зиро (20м) га, узунлиги 30 зиро (10м) га кенгайтирилди. Масжид 100 х 100 зиро, 50 х 50 м бўлди. Шимолий томондан ҳозирги кунда масжиднинг улуғвор томи тугайдиган жойгача, ғарбий томонда минбардан бешта устун қўйилди. Яшил гумбазга “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари чегараси” деб ёзилган. Қибла томондан масжид биринчи чегараси устида қолди. Масжид пойдевори тошлардан, девори хом ғиштдан ва томи хурмо шохларидан бўлди. Томининг баландлиги 7 зиро бўлди.
  2. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрий 17-йил (милодий 638-йил)да масжид ва иморатини кенгайтирдилар. Қибла томондан айвонгача зиёда қилдилар. Усмоний намозгоҳи ва Набавий намозгоҳини орасини кенгайтирдилар. Ғарб томондан иккита устун, бу таҳминан 20 зиро (10м) бўлади ва шимол томондан 30 зиро (15м) зиёда қилдилар. Шарқий томонини кенгайтирмадилар. Бу кенгайтириш сабабидан масжидни шимолдан жанубга қадар узунлиги 140 зиро (70м), кенглиги эса 120 зиро (60м) ва баландлиги 11 зиро бўлди. Умар розияллоҳу анҳу “Ас – салом” дарвозасини очдилар ва шарқий девор томонда аёллар эшигини очдилар. Майда тошларни масжидга тўшашни буюрдилар. Улар “Ақийқ” водийсидан олиб келинди ва масжидга тўшалди.
  3. Мўминлар амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони ниҳоятда кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Ана шу даврлар ичида ҳазрати Усмон анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги давр тақозоси ила юзага келган янгиликлар эди. Бу янгиликлар ичида Масжидун Набавийни янгитдан кенгайтириб қуриш ҳам бўлган. Ҳазрати Усмон Масжидун Набавийга кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенг ва катта, қолаверса, қурилиш ускуналарини ҳам тамоман бошқача қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан, шифтини эса хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Қиблага айвон қўшдилар. Ғарб томондан айвон ва шимол томондан 10 зиро (5м) зиёда қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бу ишларни милодий 649 -650 йилларда амалга оширганлар.
  4. Уммавий халифа Валид ибн Абдулмалик Мадинаи Мунаввара волийси Умар ибн Абдулазиз (роҳимаҳуллоҳ)га масжид иморатини кенгайтиришга буюрди. Ҳижрий 88-йил (милодий 707-йил) ва ҳижрий 91-йил (милодий 710-йил) оралиғида кенгайтирилди. Ғарб томондан икки устун зиёда қилди. Халифанинг амрига биноан, бу муборак масжидда биринчи болахоналар,4 та мезана(минора)лар ва деворнинг ичига кириб турадиган меҳроб қурилди. Ўша қурилишда оналаримизнинг ҳужралари ҳам масжидга қўшиб юборилди.  Шимол томонни ҳам кенгайтирди. Шарқ томондан учта устун зиёда қилдилар, бу таҳминан 30 зиро (15м) бўлади. Нақшли ғишт ишлатилди. 20 та эшик очилди. Томни икки қават қилдилар. Пастки том “Саж” дарахти ва шохлардан қилинган бўлиб, баландилиги 25 зиро (12,5 м) эди.
  5. Аббосий халифа Маҳдий ибн Абу Жаъфар ҳаж қилиш учун Маккага борди. Борганида Мадинаи Мунавварани зиёрат қилди. Масжидун Набавийни ҳам зиёрат қилди ва уни кенгайтиришга буюрди. Бу кенгайтиришга Абдуллоҳ ибн Осим ибн Умар ибн Абдулазизни бошлиқ қилиб тайинлади. Ҳижрий 161-165 (милодий 779 – 782) йиллар давомида фақат шимол томонини кенгайтирди ва баъзи қурилиш ишларини олиб борди.

Давоми бор...

Шайхонтоҳур тумани “Эшон 

Бобохон” жоме масжиди имом

ноиби Абдулаҳадов Абдулмўмин

 

 

 

[1] Sahihul Muslim, Haj kitobi. Makka va Madinada masjidimdagi namoz fazli. (15: 1390)

Sahihul Buxoriy. Makka va Madinadagi masjidda namozning fazli kitobi (20:1395)

[2] Sahihul Buxoriy. Namoz kitobi. Agar masjidga kirsangiz ikki rak’at namoz o’qing bobi, (8:444)

Sahihul Muslim. Musofirning namozi kitobi. Masjidga salom berish mustahab bobi (6:714)

[3] Ziro’ = 46,2 sm

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти қаторида Ўзбекистон ҳам коронавирусга қарши жиддий курашмоқда. Шу ўринда, тарихда кечган бу каби офатларни енгиш амалиёти барчамиз учун қизиқ ва муҳимдир.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган, Бухоро амирлигининг XIX аср охирига оид ҳужжатларидан маълум бўлишича, юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг тўғри ва самарали йўли бу — давлат томонидан жамоавий тадбирларни ўтказишни вақтинчалик чеклаш (чилла), одамлар билан кенг доирадаги ижтимоий мулоқотларни камайтириш (ўзини ўзи яккалаш), саранжом-саришталик, тозалик қоидаларига риоя қилиш ва ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиш бўлган.

Ҳужжатлардан бирида келтирилишича, Бухоро амирлиги билан қизғин савдо алоқалари йўлга қўйилган Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида, Афғонистоннинг Ҳирот, Кобул шаҳарлари ва Қандаҳор вилоятида вабо кенг тарқалиб кетгани маълум бўлади. Ушбу ҳолатни эътиборга олиб, Бухоро ҳукмдори бир қатор чораларни кўришни амр этади. Жумладан, унинг фармонига кўра, Амударё ва Панж дарёлари атрофида жойлашган бандарларга кириб келган кемалар назоратга олиниб, улардан тушадиган одамларни тиббий текширувдан ўтказиш учун чегараларга шифокорлар билан бирга махсус қоровуллар қўйилган.

Бошқа бир ҳужжат — Бухоро амири номига Фозилбекдан келган мактубда Келиф қўрғонидаги (ҳозирги Туркманистон) кемачилар жамоаси орасида вабо тарқалгани ва кунига 1-2 киши вафот этаётгани тўғрисида маълумот берилган. Шу сабабдан, кемаларда кириб келаётган маҳсулот ва одамларни қатъий назоратга олишга изн сўралган. Тез орада, амирнинг фармонига кўра, кемалар тўхташ жойида махсус қоровуллар қўйилган ва келган одамларни чиллада ушлаб туриш амалиёти жорий этилган.

Яна бир ҳужжатга кўра, Алихон қоровулбеги Бухоро амирига ҳисобот юбориб, унда Тифлис вилоятидан Кармана поезд бекатига келган одамларни чиллада ушлаб туриш ва тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига ёрдам бериш мақсадида 65 аскардан иборат қоровуллар жалб этилгани, улар уч қисмга бўлиниб, ҳар уч кунда навбат алмашиб ишлаётгани маълум қилинган. Бироқ олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, 1892 йилнинг ёзида Бухоро амирлиги ҳудудида вабо барибир тарқаган. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат хазинасидан 6 минг танга ажратилиб, шундан 900 тангаси тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга берилиши, қолган қисми эса дори-дармон сотиб олиш ва тозалаш тадбирлари (дезинфекция) ишларига сарфланиши тўғрисида фармон имзоланган.

Касаллик билан курашишда табиблар фаол ишлар олиб борганлар. Улар қишлоқларда юриб, аҳолига беминнат тиббий ёрдам кўрсатганлар. Жумладан, Мулло Абдурасулхўжа, Мулло Исматулла, Қори Мулла Раҳматулла ва Мулла Султон Муҳаммад каби табибларнинг Бухоронинг шарқий қисмида олиб борган фаолияти давлат томонидан кенг рағбатлантирилган. Табибларга хизмат ҳақи тўлаш билан бирга, турли совғалар ҳам туҳфа қилинган.

Вабога қарши курашишда маҳаллий табиблар билан бирга, малакали рус шифокорларини жалб этиш учун 3500 танга ажратилган. Шундай фелдшерлардан бири Станислав Сталевский бўлган. У амирнинг таклифига кўра, 1892 йил 5 июлда Бухорога вабога қарши курашиш учун хизмат сафарига юборилган. Фелдшер ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан амалга оширганлигини Бухоро амири юксак баҳолаб, 1893 йил 18 августда уни катта олтин медаль билан тақдирлаган.

Шифокорлар аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида жойларда ҳар хил тадбирлар олиб борганлар. Шунингдек, амирликда тарқалган вабо ҳақида ёзма эълонлар тарқатилиб, уларда шифокорларнинг аҳолига эпидемияга қарши курашиш бўйича тавсиялари, беморларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш тартиби, шахсий тозалик қоидалари, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш ҳамда уларнинг буюм ва идишларидан фойдаланмаслик бўйича маълумотлар берилган.

Бундан ташқари, вабонинг белгилари, тарқалиши ва унга қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида рисола шаклида махсус йўриқнома ҳам чоп этилган. Рисолада касалликни даволаш усуллари, аҳоли турар жойлари ва жамоат жойларни зарарсизлантириш (дезинфекция қилиш), беморларга тавсия этилган дори-дармон турлари ва касаллик билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам батафсил баён қилинган.

Ўз навбатида, аҳолининг бой қатлами эҳтиёжманд инсонларга беғараз моддий ёрдам кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш ва закот тўлаш ишларини ҳам олиб борганлигини қайд этиш жоиз. Умуман олганда, оммавий тарқалган касалликларга қарши курашишда, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини оширишдан бошлаб, тегишли тозалик тартиб-қоидаларини жорий этиш, малакали шифокорларни кенг кўламда жалб этиш ва уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш ишлари ўз самарасини берган.

Демак, юз ўттиз йилча бурун, ҳали илм-фан бугунчалик тараққий этмаган пайтларда ҳам аждодларимиз ўзларини сақлаш учун шунча ҳаракат қилган эканлар, бугуни авлод — XXI кишилари бўла туриб, “тожли оғу”га қарши давлатимиз олиб бораётган барча чора-тадбирда фаол қатнашиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Президентимиз ўз мурожаатида таъкидлаганидек, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.
 
Манба: http://uza.uz
 

Уйда қолинг!

Мамлакатимизда ҳар йили янгиланиш фасли – баҳор келиши билан жисму жонимиз яшнаш, яшариш ишқи билан ёнади. Эзгу анъаналар бардавомлигини яна бир бор ҳис этамиз. Ёши улуғ бўлса-да, қўлига кетмон, белкурак, қайчи олиб ёшларга экин-тикин қадашни, хомток қилишни ўргатаёган отахонларга кўзимиз тушади...

Бу анъана асрлар бўйи давом этиб келаяпти. Бироқ бу йил...

Бу йил ҳам бодомлар, ўриклар гуллади, қиру адирларда кўклам элчиси бойчечаклар бош кўтарди. Тоғ ён-бағирлари алвон гилам каби лолақизғалдоқларга бурканди. Чучмўмаларни шудринг таради. Ариқлардан сувлар жилдиради, илиқ нурлар ҳар ёққа тушган бўлса-да, бироқ биз, яъни бани башар бу йил баҳорнинг фусункорлигини, жозибадорлигини унчалик сезмадик. Сабаби, бутун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси (COVID-19) бизни ана шундай бебаҳо неъматдан мосуво этди. Бу ҳадик оқибатида боғу далаларимизда, томорқаларимизда ишларимиз ўлда-жўлда бўлиб қолди.

Токи муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини алоҳида таъкидланганига қадар.

Дарҳақиқат, яратувчанлик халқимизга хос азалий қадриятлардан. Айниқса, дарахт экиш, боғ, гулзорлар барпо этиш эзгу амал сифатида авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда. Хонадонда янги туғилган чақалоқ шарафига албатта бир туп ниҳол ўтқазиш ҳам бизга хос анъана.

Муқаддас динимиз ҳам ҳар ерни обод қилишга буюради. Аллоҳ таоло Ер юзини инсониятнинг ҳаёт кечириши учун муносиб манзил-маъво қилиб яратган. Зеро, атрофдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган бўлиб, Қуръони каримда бу ҳақда: «У шундай Зотки, сиз учун Ердаги барча нарсаларни яратди» – дейилган (Бақара сураси 29-оят).

Демак, Ер юзидаги барча нарсалар инсоният учун яратилган экан, ўз навбатида, ҳар бир инсон ҳам уларга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, уларни асраб-авайлаши лозим.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўп аҳамият берганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар сафаридан Мадинага қайтиб келаётганларида шаҳарни кўрсатиб, бундай деганлар: “Ё Раббим, Иброҳим алайҳиссалом Маккани Ҳарам деб эълон қилгани каби, мен ҳам Мадинани шу кундан бошлаб Ҳарам шаҳар деб эълон қилдим. Икки қоянинг ораси Ҳарам ҳудудидир. Ҳарамнинг дарахтлари кесилмайди, ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди ва дарахтларининг барглари узилмайди”.

Аллоҳ таоло биз яшаб турган заминни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, атроф-муҳитга зарар етказишдан, ердан унумли фойдаланмасликдан  қайтарган: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!” – деган (Бақара сураси 205-оят).

Баҳор – тупроқнинг юзи очилиб, уруғ қадаладиган, кузги мўл-кўлчиликка асос солинадиган фаслдир. Шу маънода қадимдан асосий тириклиги деҳқончилик ва чорвачиликдан иборат бўлган халқимиз баҳор фаслини интизорлик билан кутиб, уни байрамона иштиёқ билан қарши олишга одатланган. Миллий байрамимиз саналмиш Наврўзнинг нишонланиши асосида ҳам айнан шу маънолар ётади.

Баҳор – кўкаламзорлаштириш, экин экиш, ерга ниҳол қадаш фасли. Халқимиз бежиз: “Ҳамал келди – амал келди” демайди. Шу кунларда бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли гул кўчатлари экиш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган: Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон, ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат экишга, экин-тикин қилишга шу даражада тарғиб этдиларки, ҳатто Қиёмат қоим бўлиш арафасида ҳам, имкон қилолса, кўчат экишга буюрдилар: “Агар Қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, Қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”.

Аждодларимиз ҳам навбаҳор фаслдан унумли фойдаланиб қолишга интилишган. Соҳибқирон бобомиз “Темур тузуклари”да: “Бир дарахт кессам, ўрнига ўн икки дарахт экдим...” – деган. Қолаверса, буюк саркарда барпо этган Боғи баланд, Боғи беҳишт, Боғи давлатобод, Боғи дилкушо, Боғи жаҳоннома, Боғи майдон, Боғи нав, Боғи чинор, Боғи шамол боғлари ҳали-ҳануз дунёга машҳур.

Баҳор аллақачон бошланган, ҳамал кириб келганига ҳам бир ойча бўлиб қолган эса-да, бироқ ҳалиям айрим юртдошларимизнинг томорқалари бўш тургани киши дилини хуфтон қилади. Қилдан қийиқ ахтаришни одат қилган, бир иш айтсангиз, гарчи бу иш унинг ўзига наф келтирса-да, ҳар турли баҳоналар тўқийдиган одамлар, наҳотки ҳашаротлардан ибрат олишмаса?!

Ахир, барчамиз эрта баҳорда асалариларнинг ғуж-ғуж бўлиб асал йиғишини, чумолиларнинг тўп-тўп бўлиб тинимсиз ҳаракат қилаётганини кўрамиз-у, лекин улардан ибрат олмаймиз. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бежиз бир сурани “Наҳл”, яъни “асаларилар”, яна бир сурани “Намл”, яни “чумолилар” деб номламаган.

Халқ орасида юрамиз, кўпчилик билан суҳбатлашамиз. Айримлар ҳаёт қийинчиликларидан нолишади. Тўрт мучаси соғ бўлса-да, меҳнат қилгиси келмайди. Бир куни атайлаб ана ўшандай кишиларнинг бирини суриштирдим. Вилоятларимизнинг бирида яшар, 16 сотих томорқаси бор экан. Лекин ҳайҳотдай ер бўш ётибди. Хаёлимга ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байтлари келди:

Тухм ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!

 Бугун “исроф” деганда кўп маблағ сарфлаш, ортиқча одам чақириб тўй бериш, маблағни кўкка совуриш, вақтни зое кетказиш ва ҳоказо каби ҳолатлар кўз ўнгимизга келади. Тўғри, булар – исроф, лекин бўш турган жойдан фойдаланмаслик, имконият бўла туриб меҳнат қилмаслик ҳам – КАТТА ИСРОФДИР!

Динимизда исроф қаттиқ қораланади. Ҳатто исроф қилувчилар шайтоннинг биродарлари экани таъкидланади. Мисол учун: «...исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди»  (Исро сураси 26–27-оятлар).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, кийининглар, садақа қилинглар.  Лекин ҳаргиз исрофга йўл қўйманглар!” – деганлар.

Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг,” – дедилар. Шунда у киши: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди,” – дедилар. Шунда ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга албатта кўчат экинг,” – деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади,” – дедилар.

Мухтасар айтганда, ҳар биримиз баҳорги имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳамалнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини карантин қоидаларига қатъий (!) риоя қилган ҳолда тезроқ якунига етказайлик. Томорқамизни асло қаровсиз қолдирмайлик! Эртага ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келганда, аттанг қилиб қолмайлик, азизлар. Вақт – ғанимат! Бир кун кечиктириб экилган ниҳол ўй-ўн беш кун кейин ҳосил бериши миришкорлар тажрибасида исботланган.

Бизнинг доно халқимиз ҳақиқатан ҳам доно халқ! Шунинг учун ҳам: "Бекор ўтиргандан, бекор ишла" чунки "Бекорчидан Худо безор" деб бежиз айтмаган.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Top