Видеолавҳалар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги Ф-5006-сон билан ташкил этилган Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги фармойишига биноан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ташаббуси билан бугун – 17 март куни пойтахтимизнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Рассомчилик коллежининг имконияти чекланган талабалари билан “Аждодларимизнинг буюк мероси” мавзусида учрашув бўлиб ўтмоқда. 

Устоз хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ учрашувда имконияти чекланган йигит-қизларнинг хаттотлик сирларига оид саволларига жавоб бериш билан бирга “Биз кар-соқовлар...” деб сўз бошлаган ёш иштирокчилардан бирига: “Сиз ўзингизни ҳеч қачон кар-соқовман, деманг. Сизлар Аллоҳ таолонинг танланган, Яратганнинг латиф муҳри урилган бандаларисиз!” дея  гўзал лутф билан жавоб берди. 

Ёшлар хаттотлик сирлари билан бирга миллатимиз ижодкор-хаттотларига тегишли бўлган ва дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайдиган нақши нигорларнинг келиб чиқиши ва асл манбаи борасида билимга эга бўлдилар. 

Иштирокчилар гоҳо кўзда ёш, гоҳо лабда табассум билан мароқли ва таъсирчан анжуманнинг шоҳидига айландилар. Жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган ушбу йигит-қизларнинг қорачиқларида порлаган учқун уларнинг бу тадбирдан мамнун эканликларини изҳор қилди. Миллатимизнинг фахри саналган, неча-неча асрлар оша қадри юксалиб, дунёга довруғи достон бўлган бой миллий-адабий-бадиий меросимизга бўлган муҳаббатларининг ортганидан дарак берди. 

Muslim.uz сайти қадриятлар, миллий мерослар борасида бугунги сингари уюштириладиган анжуманлардан хабар ва лавҳалар бериб боради.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

3516 марта ўқилди
Мавзулар

Видеолавҳалар

Top