muslim.uz

muslim.uz

Сурхондарё вилоятида давом этаётган Қуръони карим мусобақасининг ҳудудий босқичи давом этаётган бир паллада, самодан Яратганнинг раҳмати ва баракоти – оппоқ қор ёға бошлади. Денов туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидига ташриф буюрган ёшу қари, аёлу эркак илоҳий каломга қулоқ тутар экан, ундан таъсирланиб, кўзларидан шашқатор ёш қуйилмоқда. Ушбу мусобақа қалбларга таскин берувчи ва тўғри йўлга бошловчи Қуръони каримга бўлган чексиз муҳаббатимизни янада мавжлантирмоқда.
Юртимиз узра Яратганнинг илоҳий раҳмати ёғилиб турган дамда, ушбу тароватли онлардан баҳраманд бўлиш, бугунги Қуръон мусобақасида иштирок этиш, сомеъ бўлиш учун бериладиган ажрлардан умидвор бўлган Қуръонга ошно қалблар, совуқ ҳаво – чилланинг авжи кунлари бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб Каломуллоҳни тинглаш учун ошиқиб келишмоқда. Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бу кўнгиллар таскин топмоқ учун Қуръоний зиёфатга шошмоқда.
Дарҳақиқат, Қуръон энг тўғри йўлга бошловчи илоҳий каломдир. Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур…», дея Қуръонни васф қилган.
Роббимизнинг каломига қанчалик ошиқсак, уни қанчалик маҳкам тутсак, бизга Ҳақ таолонинг баракоти шунча кўп ёғилади. Айниқса, мана шундай қалблар эриб, кўнгиллар юмшаб турган дамларда унинг тиловатини тинглаб, маъноларини ўргансак, иншоаллоҳ, Қуръонда ваъда қилинган хушхабарларга эришамиз ва икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз!
Шундай экан азизлар, Қуръони карим қироатларини жонли тинглаб, руҳингизга қувват беринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Понедельник, 29 Январь 2018 00:00

Адлия ходимлари адолат посбонлари

Адлия тизимида ишлайдиган шахсларнинг шиори идоранинг номидан келиб чиққан ҳолда адолат бўлмоғи кераклигини катта-ю кичик, ҳамма билади. Аммо халқимиз ушбу идорада ишлайдиган кишиларнинг адолатли инсонлар эканига шубҳаланиб қарайди.  Ана шубҳалар вазирлик ўтказган махфий тадбирда ўз исботини топди.

ЎзА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларининг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлигида мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган.

Бу ҳақда адлия идораларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.

Бунда вазирлик ходими нотариус, ФҲДЁ идораси ёки давлат хизматлари кўрсатиш марказига мижоз сифатида боради. Улардан бирор хизмат кўрсатишни сўрайди. Бундан бехабар ходим эса...

“Сирли мижоз” Янгийўл тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига янги корхона ташкил этиш истагида борган. Масъул ходим эса мижоздан 400 минг сўм тамаъ қилган.

Урганч тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига хорижий корхона очиш истагида борган “сирли мижоз” қўлига ўз кучини йўқотган ҳукумат қарори тутқазилган.

Ана шундай хуфёна ўрганиш натижасида қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 17 ходим ишдан бўшатилган.

Мажлисда бундай ҳолатларга барҳам бериш борасида барча имкониятлар ишга солиниши қайд этилди.

Вазирлик “сирли мижоз” тадбирини ҳудудий адлия органларига ҳам ўтказишни топширган. Бироқ жойларда бунга “сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, қабилида панжа ортидан қаралган.

Мажлисда Қорақалпоғистон республикаси адлия вазиридан бу борада қандай иш қилингани сўралганда жавоб бера олмади. Унга биринчи чорак якунигача юзта “сирли мижоз” тадбири ўтказиш топшириғи берилди. Бухоро, Сурхондарё адлия бошқармаларида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам танқид қилинди.

ФҲДЁ органлари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Бу борада 232 орган аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Лекин улар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифаларга совуққонлик билан қараётир.

Президентимиз топшириғи асосида тўй маросимларини ихчамлаштиришга қаратилган “Бекобод намунаси” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Лекин бундан шу ишни бевосита амалга оширишга масъул бўлган жойлардаги адлия ходимлариинг ҳали хабари йўқ. Масалан, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғидан бу ҳақда сўралганда у сукут сақлаган.  

Ҳозирда 58 миллион далолатнома ёзуви мавжуд бўлиб, уларнинг электрон архиви яратилмоқда. Бу фуқароларга яратилаётан катта қулайлик бўлиб, зарур ҳужжатни тез ва осон топиш имкониятини яратади.

Бу борада Тошкент шаҳрида самарали иш олиб борилмоқда. Бироқ жойлардаги 75 ФҲДЁ органи тизим бўйича умуман иш олиб бормаган. Шунинг учун мажлисда ишни жадаллаштириш учун ҳар бир органга электрон архивга маълумот киритиш бўйича қатъий юклама қўйилиши айтилди.

Мажлисда бундан буён тизимнинг ҳар бир соҳаси бўйича қаттиқ назорат ўрнатилиши маълум қилинди. Бундан ўз вақтида хулоса чиқарган ходимларгина тизимда ишлашда давом этиши таъкидланди.

Қабулига келган одамнинг қўлига қараш, уларнинг осон битадиган ишларини тамагирликни қасд қилиб  атайлаб қийин қилиб кўрсатиш, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб пора талаб қилиш давлатимиз қонунларига кўра – жиноят, миллатимиз фитратига кўра – хиёнат, динимиз таълимотига кўра – гуноҳи кабирадир.

Аёнки, бошига бирор мушкул иш тушмаган бировдан жабр кўрмаган ёки бошқа муаммоси бўлмаган киши адлия идораларига келмайди. Ташвишдан ёрдам сўраб келган одамдан бир нарса тамаъ қилиш унинг ишини янада оғирлаштириш демакдир. Шундан сақланишни амр этиб, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз! (Бақара сураси,188-оят).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”, деганлар (Табароний ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, давлат идорасига порахўрликни касб қилиб, шундан бой-бадавлат яшашни ният қилиб ишга кирган киши ўзи билан бирга ҳузурига ёрдам сўраб келган кишини ҳам дўзахга етаклар экан. Чунки ишини битириб бермай ойлаб судраб юравергандан кейин одам мажбур бўлади-да, унинг сўраганини беришга. Шу билан у бечора ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда зарар кўрувчи бўлиб қолади. Энг ёмони, халқнинг давлат идораларига бўлган ишончи буткул йўқолади. Адлия вазирлиги тизимида олиб борилаётган ислоҳтлардан вазирлик раҳбарияти айнан мана шу ёмон иллатларнинг олдини олиш бўйича қатъий қарор қабул қилганлари билимоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташриф буюргани ҳақида маълумот берган эдик.

Шавкат Мирзиёев Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу қадамжога ташриф доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилган.

Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат этилди. Уламолар билан мулоқотда халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 29 Январь 2018 00:00

Орзу деб нимага айтилади?

Етишиб бўлмас нарсалар ҳақидаги ўйлар, хаёлларга орзу дейилади.

Динимизда нақд нарсаларни қўйиб, ушалмас орзулар кетидан қувиш қораланади. Буни саробга ҳам ташбеҳ қилинади.

Бир ҳакимдан сўрадилар: яхши одам ким?
-«Қанийди ёшилигим қайтиб келсайди» дейишдан олдин ёшлигини ғанимат билган киши бахтли кимсадир, деди у.

Қилиш, топиш мумкин бўлган нарсалар вақт ўтгандан кейин орзуга айланади. Шунинг учун дам ғанимат.

يَا لَيْتَنِي كُنْتُ مَعَهُمْ فَأَفُوزَ فَوْزًا عَظِيمًا

73.«...Қани эди мен ҳам улар билан бўлганимда, улуғ зафар қозонар эдим», дейди. Нисо сураси.

يَا لَيْتَنَا نُرَدُّ وَلَا نُكَذِّبَ بِآيَاتِ رَبِّنَا وَنَكُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ

27.«...Қани энди (у дунёга) қайтарилсак эди, Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсанг эди. Анъом сураси.

يَا لَيْتَنِي لَمْ أُشْرِكْ بِرَبِّي أَحَدًا

42.«...Қани энди Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», деб қолаверди. Каҳф сураси.

يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلًا

27.«...Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!» дер. Фурқон сураси.

يَا وَيْلَتَىٰ لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا

28.«...Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди». Фурқон сураси.

يَا لَيْتَنَا أَطَعْنَا اللَّهَ وَأَطَعْنَا الرَّسُولَا

66.«...Вой шўримиз қурсин, кошки Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар. Аҳзоб сураси.

يَا لَيْتَنِي لَمْ أُوتَ كِتَابِيَهْ

25. «...у, вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди». Ҳааққоҳ сураси.

يَا لَيْتَنِي كُنْتُ تُرَابًا

40.«...кошки тупроқ бўлиб кетсам», –дейдир. Набаа сураси.

يَقُولُ يَا لَيْتَنِي قَدَّمْتُ لِحَيَاتِي

24. «У, афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан, дейдир». Фажр сураси.

Қуръони каримдаги юқоридаги «ушалмас орзулар» ҳаёт бўлган кишининг қўлида нақд, вафот бўлганларга эса орзу бўлган ишлардир.

Ҳаёт эканмиз, ундан фойдаланиб қолайлик.

Нақдингизни орзуга айлантирманг!

Равшанбек Ўринбоев

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top