muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин қизлар бўлими “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳудудлардаги вакилликлар билан ҳамкорликда Республикамизнинг барча ҳудудларида “Сиз бизга кераксиз!” мавзусидаги тадбирлар ўтказди.

Шу йил 29 октябрь куни ана шундай хайрия тадбири Бухоро вилоятида бўлиб ўтди. Унда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган ҳамюртларга маърифий суҳбат қилинди. Тадбир асносида уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, эҳсон дастурхонига таклиф этилди.

Ана шундай диний-маърифий тадбирлар Тошкент вилоятининг Зангиота, Чирчиқ, Олмалиқ туманларида, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ўтказилди.

Тадбирларда нотиқларнинг чиқишлари имконияти чекланган инсонларга имо-ишора тилида тушунтирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Устоз Аюбхон домла Сўпиев ва Абдулқодир қори Аҳмедов билан суҳбат

Вторник, 01 Ноябрь 2022 00:00

Имом Термизий жоме масжиди

Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган “Имом Термизий” жоме масжиди бўлиб, 1876 йилда шу маҳаллада яшаб ўтган сувоқчи Исмоил ота ташаббускорлигида маҳаллий масжид сифатида, маҳалла аҳолисининг ҳашар йўли билан қурилган, иккита кичик тоқилик хонақоҳдан иборат бўлган. Ўша даврда ушбу маҳалла мўғул кўча деб номлангани сабабли, масжид ҳам “Мўғул кўча” масжиди номи билан юритилган, халқ тилида эса “Тахтапул” масжиди деб танилган. Совет ҳукмронлиги даврида масжид бир неча муддат беркитилиб, фаолияти тўхтатилган. 1945 йиллардан муфтий Эшон Бобохон ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан қайта фаолият юрита бошлаган.

1990 йилда мамлакатимизда буюк ватандошимиз, ислом оламидаги машҳур муҳаддис Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан масжиднинг номи ўзгартирилиб, “Мўғўл кўча”  масжиди ўрнига “Имом ат-Термизий” жоме масжиди деб номланди.

2017 йил 21 апрель кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бўлиб, “Имом Термизий” жоме масжидига ҳам ташриф буюриб, уламолар ва нуронийлар билан суҳбатлашди.

Ушбу суҳбатда Шавкат Мирзиёев буюк аллома бобомиз номидаги “Имом Термизий” жоме масжидини тубдан қайта қуриш, атрофларини гўзал масканга айлантириш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди. Шу муносабат билан 22 апрель куни ушбу масжидда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, уламолар ва нуроний отахонлар иштирокида тадбир ўтказилди, эҳсон дастурхони ёзилди. Муқаддам ушбу масжидда хизмат қилиб ўтган Яҳё қори дода, устоз Салоҳиддин Муҳиддин домла каби уламолар хотирланди. Қуръони карим тиловат қилинди.

Ушбу тадбирда нутқ сўзлаган марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қайта қурилиши бошланаётган ушбу жоме масжид мўмин-мусулмонларга узоқ йиллар давомида хизмат кўрсатадиган муборак масканга айланишини, халқимиз фаровонлиги, динимиз равнақини, мамлакатимиз ривожини сўраб, дуо қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишди. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб, масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти).

2017 йил 19 июль куни эса,  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчиликларида ушбу жомега биринчи ғишт қўйилди.

Қисқа вақт ичида барча замон талабларига жавоб бера оладиган ҳамда янги қиёфада қад ростлаган гўзал масжид 2018 йилнинг 16 май куни мўмин-мусулмонлар учун фойдаланишга топширилди.

Масжидда мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Унинг хонақоҳи 1800 кишига мўлжалланган.

Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, асосий хонақоҳ ва ички айвон ҳамда ертўла қисмидан иборат. Масжидда кутубхона, ошхона ва бир қанча маъмурий хоналар мавжуд.

Масжид меҳроби жуда ҳам кўркам, нақшинкор бўлиб, унга Қуръони каримдаги “ал-Балад” сураси ёзилган. Масжид гумбази ҳам қадимий накшинкор услуб билан безатилган бўлиб, унга эса Қуръони каримдаги “ал-Фажр” сураси ёзилган.

Хоноқоҳга кириш учун қўйилган эшиклар ҳам барчаси миллий, нақшинкор эшиклар ўрнатилган. Масжидга кириш қисмининг ўнг ва чап томонида айвонлар бўлиб, улар қадимий, миллий меъморчилик услубида жуда ҳам гўзал тарзда  қурилган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, масжид таҳоратхонаси юртимиздаги энг тоза ва намуналик таҳоратхона бўлиши билан бир қаторда, бир вақтнинг ўзида бир юз йигирма киши бемалол таҳорат қила олиши билан бошқа таҳоратхоналардан ажралиб туради.

Масжидда аёллар учун ҳам таҳоратхона ҳамда намозхона мавжуд бўлиб, улар учун ҳам барча шарт-шароитлар  мавжуд.

Қолаверса, масжидда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида таҳоратхона мавжуд.

Бугунги кунда масжидда кундалик намозларда ўртача 100-200 киши, жума кунлари 1800-2000 киши, ҳайит кунлари эса  2500-3000   нафар атрофида намозхонлар ўз ибодатларини эмин-эркин адо этиб келмоқда.

Ҳозирда масжидда ўндан ортиқ ходимлар мўмин-мусулмон фуқароларимизнинг қўлай шарт-шароитлар яратиш учун фидойилик билан хизмат қилиб, фаолият кўрсатиб келмоқда.

Масжид манзили: Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Себзор даҳаси, Қизил кўча 96-уй. Локация манзили: 41.337323,69.252077

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Понедельник, 31 Октябрь 2022 00:00

Бидъатнинг турлари (видео)

Илҳомжон домла Умаржон ўғли

"Мўйи муборак Уккоша" жоме масжиди имом-хатиби

Мисрнинг «Ал-Муватин» ахборот агентлиги веб-сайтида «Ўзбекистон – 2023 йилнинг энг яхши сайёҳлик манзили» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Журналист Фотима Бадавий қаламига мансуб мазкур мақолада Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатнинг 2023 йилга мўлжалланган туризм лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар ёритилган.


Нашрда «Lonely Planet» халқаро ноширлик уйи томонидан эълон қилинган рейтингда Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон визасиз кириш ва саёҳат қилиш қулайлиги бўйича энг яхши туристик йўналиш номини олгани, «The Economist» журнали эса Ўзбекистонни сўнгги бир неча йил ичида Марказий Осиёдаги энг бардавом ривожланган давлат дея этироф этгани таъкидланган. «Буларнинг барчаси, шунингдек, азим тарих ва бетакрор маънавий-маърифий мерос мамлакатни етакчи сайёҳлик масканига айлантирмоқда», деб қайд этилган мазкур мақолада.


Нашрда ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари киритилгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасини илгари суришда ижтимоий тармоқларнинг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.


«Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг энг муҳим сайёҳлик жойлари ҳақида туристлар ўзларининг турли кечинмалари билан ўртоқлашмоқда. USAID жамғармаси ҳам Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасининг энг жозибали ва хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш учун блогерларни таклиф қилишда ҳамкорлик қилмоқда. Фуд-блогерлар эса ўзбек халқининг миллий таомларини жуда фаол ёритаяпти», деб ёзади Фотима Бадавий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top