Рамазон-2019

Рамазон – тақво ойи

Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва уларни қайтарган амалларда инсонларнинг дунё ва охиратдаги саодатли ҳаётлари кафолатланган. Ана шундай ибодатлардан бири Рамазон ойида рўза тутиш ҳисобланади. Рўза тутиш орқали инсон гуноҳларига тавба қилади ва ибодат қилиш баробарида жамиятга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Рўзанинг бир қанча фойдалари бор. Жумладан:

  1. Рўза тутиш тақвога васила ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдан умид қилиб ва рўза тутмаса азобга қолишдан қўрқиб кундуз кунлари ҳалол бўлган амаллардан ҳам тийилади. Ҳалолдан тийилган кишининг ҳаромдан сақланиши эса турган гап. Демак, рўза Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. “...тақволи бўлсангиз”, ибораси рўза тутиш ҳикматини баён қилиш учун келтирилган сабаб жумла ҳисобланади. Инсон рўза тутиш орқали гуноҳлардан сақланади. Шаҳватини синдиради ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Рўза тақвога сабаб бўладиган энг катта омил ҳисобланади.
  2. Рўза тутиш орқали шайтонни бўйсиндирилади. Шайтон залолат, иғво ва шаҳватларга чорлайди. Инсон ейиш ва ичишни камайтириш билан шаҳватлардан тийилади. Сафийя розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларида: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, дейилган.
  3. Рўза инсон табиатини бўйсундиради ва шаҳватини синдиради. Инсоннинг қорни тўқ бўлганида турли хил гуноҳларни хоҳлайди. Қорни оч бўлганда эса нафсу ҳавоси хоҳлаган нарсалардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.
  4. Рўза тутиш инсонни камбағалларга меҳрибон ва раҳмли бўлишга ундайди. Чунки рўза тутган инсон бир кунгина очлик нималигини ҳис қилса доим қорни оч юрадиганлар ҳақида ўйлайдиган бўлади. Қалби юмшайди, фақир-мискинларга эҳсон қилади ва уларга раҳмли бўлади. Бу билан Аллоҳ таоло тарафидан ҳам юксак ажр-мукофотларга эришади.
  5. Рўза тутиш орқали инсон ўзига берилган неъматга шукр қилишни ўрганади. Рўза тутиш сабабли энг катта неъматлар ҳисобланадиган ейиш ва ичишдан тийилиш юзага келади. Неъматлардан маълум муддат тийилиш уларнинг қадрини билишга сабаб бўлади.

Хулоса ўрнида айтганда, бандалар бу амални адо қилиш орқали тақво ва Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига етади. Натижада Аллоҳ улардан рози бўлган ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлган инсонлар жумласидан бўладилар. Рўза ўз эгасини энг юқори даражаларга кўтаради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида: “Рўза сақлагувчи”, деганлар. Рўза гуноҳлардан сақлайди, охират азобидан сақлайди, еб-ичишда чегарадан чиқиш оқибатида келиб чиқадиган турли касалликлардан сақлайди.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ойбек ҲОШИМОВ тайёрлади

201 марта ўқилди
Мавзулар
Top