Ақида

Ризқ Раззоқ зиммасидадир

Имомлар минбари

Аллоҳ таоло бандаларни ризқнинг турли сабабларини бажаришга, тақдир қилган ризққа бўлган интилиши, унинг сабабларини излаши ва меҳнат қилишини буюрган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам – банданинг ризқ сабабларини қилиш-қилмаслигидан қатъи назар ризқни фақатгина Аллоҳ таолодан эканига қатъий ишониш, ягона Аллоҳни Раззоқ деб билиш иймонимиз амридир.

Бу ҳақда Ҳаким Термизийнинг «Наводир ул-усул фи-маърифати аҳадисил расул» китобида Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган. 

Ашъарийлар кемада ҳижрат қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига отланишди. Улар орасида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир ҳам бор эди. Манзилга етиш асносида уларнинг озиқ-овқатлари тугаб қолди. Шунинг учун ораларидан бир кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига емак сўраш учун жўнатишди.

У киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшигининг олдига етиб борганида қуйидаги оятнинг ўқилаётганини эшитди: «Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ҳалиги киши «Ашъарийлар Аллоҳ таоло наздида арзимас ўрмаловчи эмас», деди-да, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига кирмасдан ортига қайтди.

Шериклари олдига етгач, «Хурсанд бўлинглар, сизларга ёрдам келади», дея хушхабар берди. Шериклари уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан гаплашган ва У зот емак етказишга ваъда берган, деб ўйлашди.

Кўп ўтмай, икки киши нон ва гўшт тўлдирилган катта идиш кўтариб келди. Ашъарийлар таомдан хоҳлаганча ейишди. Кейин бир-бирига: «Бу таомнинг қолганини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қайтарсак, ўз заруратларига ишлатардилар», дейишди. Ҳалиги икки кишига: «Бу таомни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб боринг, биз ундан ҳожатимизни қондирдик», дейишди.

Бир муддатдан сўнг улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига бориб: «Эй Расулуллоҳ, Сиз жўнатган таомдан кўпроқ ва ширинроқ таом кўрмаганмиз», деб миннатдорлик изҳор қилишди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таажжубланиб: «Мен сизларга таом юборганим йўқ», дедилар. Шундан сўнг улар У зотнинг ҳузурига шерикларидан бирини юборишгани у билан бўлиб ўтган воқеаларни айтиб беришди. Шунда У зот: «Аллоҳ сизларни ризқлантирибди», дедилар. Бу ҳадис бандага ризқни қилаётган ишлари эмас, Аллоҳ етказишига яна бир далилдир.

Аллоҳ таоло инсонларнинг, ҳайвонларнинг ва барча жонзотларнинг ризқини Ўз зиммасига олган. Зеро Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир. Ризқни Аллоҳдан деб билиш, шунга ишониш ҳамда ризқ сабаблари бўлган ишимизга суяниб қолмасдан Раззоқ бўлган Зотни бир лаҳза бўлса-да унутиб қўймаслигимиз муҳим амаллардандир. 

 

 

Шуҳрат ҒОИМОВ,

Тошкент шаҳридаги «Ҳасанбой»

жоме масжиди имом-хатиби

1788 марта ўқилди

Мақолалар

Top