Аёллар саҳифаси

Отинойиларга тавсиялар

Бувиларимиз қизларни бекаликка тайёрлаш, диний маърифат тарқатиш, ёшларга одоб-ахлоқ бериш борасида отинойиларга мурожаат қилиб келган. Эл ардоқлаган отинойилар Қуръонни тажвид билан ўқиш, тафсир, ислом дини арконларини билиш билан бир қаторда юксак одоб-ахлоқ соҳибаси ҳам бўлган.

Илм-фан жадаллик билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда отинойиларнинг билимига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Замон талабига жавоб бера оладиган маърифатли отинойи дунёвий ва диний билимларни ўзлаштириши, шунингдек, мазҳаблар ҳақида ҳам пухта маълумотга эга бўлиши ғоят аҳамиятлидир.

Отинойи номига муносиб бўлиш учун халқ ишончини оқлаши, маънавий ёрдамга муҳтож инсонларга ҳусни хулқда бўлиши, турли маросимларга борганда риё, манманлик ва таъмагирлик қилмаслиги керак. Отинойилар бир-бирини ҳурмат қилиши, турли масалаларда маслакдош бўлиб иш олиб боришлари лозим.

Инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган, динимиз таълимотига зид бўлган фолбинлик, сеҳр-жоду, мушкулкушод, бибисешанба ва бошқа бидъат-хурофотларга барҳам бериш отинойиларнинг муҳим вазифаларидандир.

Отинойилар ўзларига мурожаат қилган оилаларга тўғри йўл кўрсатиб, бахтли оилалар сонини кўпайтирса жамиятимиз ва давлатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўлади.

Қуйида ҳурматли отинойиларимизга баъзи тавсияларимиз борки, уларга амал қилишса, иш фаолиятлари самарали, билим савиялари янада ошади, иншоаллоҳ:

1. Уйингизда алоҳида кутубхона бўлишига эътибор беринг. Ҳар ой янги китоб сотиб олишга ҳаракат қилинг;

2. Фикр доирангизни кенгайтириб боринг. Замон талабига мувофиқ келадиган илмларни эгаллашга ғайрат қилинг;

3. Илм олишда ва дин йўлида энг сўнги замонавий воситалардан (компьютер, аудио-видео материаллар, интернет, китоб ва электрон китоблар) унумли фойдаланинг;

4. Сўзлашиш ва муомала услубингизни гўзаллаштиринг. Ушбу мавзуга оид манбалар билан танишиб боринг;

5. Ишингизни режа асосида олиб боринг, бир хилликдан қочинг;

6. Ўзингизга ҳар кеча ўтган кунингиз юзасидан ҳисобот беринг;

7. Турли даврада бўласиз, давра ва вазиятга мос услубда гапиринг. Сўзингиз ва амалингиз бир бўлсин;

8. Ҳаммага эътиборли бўлишга ҳаракат қилинг, инсонларда доимо яхшиликка интилиш туйғусини уйғотишга ҳаракат қилинг;

9. Сиз туфайли бир инсоннинг тўғри йўлга кириши дунё ва ундаги барча нарсадан яхшилигини эсда сақланг;

10. Бошқа отинойилар билан муносабатингиз гўзал бўлсин, уларни ҳурмат қилинг. Ўрганган билимингизни бошқалар билан баҳам кўришга интилинг;

11. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Буюк ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим” деган ҳадисларини ўзингизга шиор қилиб олинг.

Халқ ҳурматига сазовор бўлган отинойиларимиз  элу юртнинг суянчиғи ҳисобланади. Юксак маънавият ва маданиятга эга маърифатли отинойиларимиз халқимизнинг зийнатидир. Масъулияти юксак, сифатлари ибрат, ҳар соҳада амали билан ўрнак бўладиган илмли отинойиларимизнинг  фаолиятларини олиб боришда Аллоҳ таолодан мадад сўраймиз.

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

579 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Муслиманинг “тайм менежменти”нинг 7 босқичи
Top