Аёллар саҳифаси

Қизларга айтарларим

Қиз боланинг кийими ўзига ярашиб турсин. Нари борса, бармоғида битта нозик бандли узук ва қулоғида кичик сирға бўлса, етарли. Узук, билагузук, бўйинга тақадиган турли мунчоқлар келинчаклар зийнати. Уларни уйда, қариндош-уруғлар тўйида тақиб олса ярашади. Аммо жамоат жойига, ўқув юртларига  ўта узун осилмачоқ сирғалар тақиб келиш, ўта ялтир-юлтир буюмларни соч ва кўйлакка қадаб юриш  одобдан эмас.

 

* * *

Фаросатли қизлар кир ювса ёки бирор оғирроқ ишга уннаса, ишини тугатиб, тезда ювинади ва кийимларини алмаштириб, ўзига қараб олади. Овқат пиширганида, албатта, бошига рўмол ўрайди. Соч тўкилишидан ёки ёғ иси сочга ўрнашиб қолишидан ўзини сақлайди. Қизларнинг уй кийимлари осон ювиладиган, ғижим бўлмайдиган, энг асосийси, қимматбаҳо бўлмаса ҳам, чиройини очиб, иш қилишига ҳалақит бермайдиган бўлиши керак.

 

* * *

Онамларимиз тут пишиб болга тўлганида тўйиб-тўйиб еб олишарди-да, қолганини эзиб, юзларига суришарди. Вақти-вақти билан бодринг, помидор, олмани ҳам эзғилаб, юзга суришарди. Юзга қатиқ ёки сузма суриш ҳам момолардан қолган яхши одат.  Шундай қилинса, рангга ранг, танага тетиклик киради. Онам қиз ва келинларга ўсма, хина қўйиб, ороланишни тез-тез уқтирардилар.  Ўсма таркибидаги танин моддаси қош ва киприкларга қувват бўлади. Сочи қазғоқли қизлар вақти-вақти билан ўсмани эзиб, соч илдизларига суртиб турса, сочи бақувват тортиб, қазғоқдан асар ҳам қолмайди.

 

* * *

Айрим аёллар ёш кўринамиз деб сочларини кесади, рангларга бўяйди, киприклар улаб, қошларига мўйчинак теккизади,  лекин барибир йиллар асоратини беркитолмайди.  Айримлар эса, Яратганнинг берганига шукр қилади, қош-кўз борасида “яратувчанлик” қилмайди. Кийинишда, безанишда  оддийликни танлайди. Ўсма, хина билан ороланади. Балки шунинг учун ёш ва тетик кўринар...

 

Умида АБДУАЗИМОВА

 

5138 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Отинойиларга тавсиялар Тўнғич қизимга мактуб »

Мақолалар

Top