Аёллар саҳифаси

Фарзандлар ўтинчи: илтимос – ажрашманглар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламВидолашув хутбаси”да шундай деганлар: “Эй инсонлар, хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри Илоҳий ила сизларга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳаққингиз бўлгани каби хотинларнинг ҳам сизларда ҳаққи бордир....”

Бу муборак хутбада олам-олам маъно ва оила бошлиқларига улуғ топшириқ ва буйруқ мужассамдир. Бир қарашда оила деган уммонда сузиб кетиш жуда осондек туюлади. Аммо бу анчайин қийин. Негаки, сизларга сўзлаб бермоқчи бўлган ҳаётий воқеадаги ҳодисотлар одамни анчайин ўйлашга мажбур этади. Энг ачинарлиси кимлар бундан тўғри хулоса чиқаради, кимлардир ғафлатда қолади!

Гувоҳи бўлганимдек, Муқаддас илмли, тақволи, ҳалим бир аёл эди. Турмуш ўртоғи билан кечган кўп йиллик турмушининг аччиқ изтиробини ичига юта-юта адои тамом бўлди. Оиланинг оғир юкини кўтариш, фарзандларини таъминлаш, ижара ҳаққини ўз вақтида тўлаб туриш ҳам унинг зиммасига охирги пайтлар жуда оғирлик қила бошлади.

Кунлар, ойлар шиддат билан йиллар ҳам ўтди. Ҳаёт деб аталмиш дарғанинг оғирини елкасида 15 йил кўтариб охири чарчади. На уйга бир сум пул олиб келади, на уйдан узоқларга кетганда бир оғиз аҳвол сўрайди... Эри унинг ёнида елкадош, ёрдамчи, ҳамдард бўлиш ўрнига ўз масъулиятидан четга чиқиб аёлининг ҳақларига риоя этмади. Лоақал ижара пулини тўлашни ўз зиммасига олмади.

Баридан тоқати тоқ бўлган Муқаддас бир куни эридан “жавобини беришини” сўради. Эри бошида унинг гапларига эътибор бермади. Кейинчалик бу сўзлар яна такрорлангандан кейин: “Мени қўядиган хотиним йўқ, сендан ажралишни истамайман”, деб рози бўлмади. Бир куни эри Муқаддасга “суннатга мувофиқ талоғингни бераман” деб бир талоқ берди. Иккинчи талоқни берди... Учинчисини беришга унча шошмади. Эр-хотин роса тортишишди, биридан бири ўпкалади. Тўрт боласи ҳам уларнинг ёнида барча баҳсларига гувоҳ бўлди. Тинмай ёғилаётган гап-сўзлар ёмғирини эрининг: “Бўлди бошинг очиқ, сенга сўнгги талоқни ҳам бердим!” деган сўзи тўхтатди. Гўё нимадир гумбирлаб тушгандек бўлди. Атроф узоқ сукунатга чўмди. Гарчи бундай яшашдан безиб жавобини беришини сўраган бўлса-да Муқаддаснинг шунча йиллик турмуши интиҳо топганидан юрак-бағри эзилди. Аммо на эри, на фарзандларига билдирди буни.

Сукунатни эрининг: “Мен нималар қилиб қўйдим, шошиб нималар деб қўйдим. Бу гапни айтмаслигим керак, эди” дея афсус-надоматлари бузди. Фарзандлар олдидан нари кетган эр-хотин, иккаласи ҳам тинимсиз йиғлай бошлади. Эр ҳам, хотин ҳам унсиз йиғлади. Бири айтган сўзидан афсусда бўлса, иккинчиси шунча йил асраб-авайлаган турмушининг чиннидек чилпарчин бўлганидан юрак бағри қон бўлди.

Эр уйни тарк этаркан фарзандлари қўлига оз-оздан пул берди. Хотини Муқаддаснинг қўлига эса анчагина пул бериб: “Рўзғорда нима кам бўлса айт?” деган сўзидан аёлнинг жони бўғзига келди. Аммо ҳеч нарса деёлмади. Эрини кузатгунча ўзини зўрға тутиб турган Муқаддас дод-фарёд солди: “Наҳот ТАЛОҚ деган сўз эримни бир пасда тарбиялаб, оилапарвар, меҳрибон ота ва масъулиятли бошлиқ қилишга қодир бўлса...

Куннинг кечида эшик қўнғироғи жиринглади. Муқаддас эшикни очиб кўзларига ишонмади. Эрининг икки қўли тўла гўё бутун бозорни кўчириб келган. Гўшт, сут, ёғ, рўзғорга керакли бўладиган барча озиқ-овқатларни харид қилиб келганди. Аслида:

“Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир”  (Бақара сураси, 241-оят).

ТАЛОҚ – оила неъматидан айирса-да, унга оилада ҳақиқий оталик ва маҳрамлик масъулиятини ўргатди. Муқаддас эрини изидан жимгина кузатаркан, қизалоғи: “Барча фарзандларингиз номидан деб” бир мактубни қўлига тутқазди. Мактубда:

“Бизнинг оиламиз, бузилмас, мустаҳкам, бахтли, гўзал, чиройли, фариштали, баракали бўлишини тилаймиз. Барча эзгу-хайрли тилакларингиз амалга ошсин. Сизларга соғ-омонлик, бахт-саодат тилаймиз, онажон. Отажон биз сизларни доим кулишиб, фикрингиз бир жойдан чиқиб бахслашмаслигингизни хоҳлаймиз. Сизларга совға бу – БИЗ. Сизлардан бошқа болаларга ўхшаб бирор жойга айлантиришингизни ёки бирор совға олиб беришингизни ҳам сўрамаймиз. Фақат илтимос – АЖРАШМАНГЛАР! Бизга энг зўр совға – СИЗЛАР. Аллоҳдан оилавий хотиржамлик, уруш-жанжалларсиз яшашдан бошқа нарсани сўрамаймиз!”

Фарзандларингиз

 Бомдод маҳали телефонга СМС келиб тушди.

Эр: “Мен барча айбларимга иқрорман, сизларнинг ҳаққингизга риоя қилолмадим. Менга сўз бер, ҳеч бўлмаса, у дунёда бирга бўлайлик”.

Хотин: “Хўп”.

Муқаддаснинг юраги юм-юм йиғлади. Умр бўйи эрининг шундай рўзғор тебратишини, ундан хол-аҳвол сўраб телефонлашишини йиллаб орзу қилганди.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

1187 марта ўқилди

Мақолалар

Top