Аёллар саҳифаси

Бевақт пайҳон бўлган жаннат райҳонлари

“Ўз чақалоғини пакетга солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган бир аёл аниқланди”, “Сирғали туманида янги туғилган чақалоқнинг ўлик мурдаси топилди”, “Сурхондарёда коллеж ўқувчиси бўлган қиз чақалоғини бўғиб ўлдирди”, “Тошкентда ташлаб кетилган чақалоқ топилиб, шифохонага топширилди”, “Фарғонада бир аёл ўз чақалоғини ўлдирди”... Булар бор йўғи сўнгги уч ой давомида kun.uz сайтида эълон қилинган хабарлар, холос. Бундай ҳолатларнинг кўплиги миллат ва юртнинг бугуни ва келажагига катта хавф солиши мумкин.

Тарихдан маълум, Ислом дини келишидан олдин кўплаб жирканч амаллар одат тусига кирган эди. Жумладан, одамлар фарзандлари қиз туғилгани учун тириклайин кўмар ёки камбағалликдан қўрқиб, уларни ўлдирар эди. Бу эса, Қуръони карим оятлари ила қаттиқ қораланди. Ва бунга барҳам берилди. Аслида, қизми ёки ўғил ота-онага Аллоҳнинг улуғ инъомидир. Бу ҳақда Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: Албатта, фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга берган ҳадясидир” (Ҳоким ва бошқалар ривояти).

Яна бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди”, дея марҳамат қилганлар (Абу Шайх Асбаҳоний ривояти).

Ислом дини фарзанд ота-онага Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат экани  ва уни тарбиялаб вояга етказиш эса уларнинг бурчи эканини бот-бот такрорлаши натижасида бу салбий тушунчалар таг-томири билан суғуриб ташланган эди. Аммо ривожланган дунёда “оммавий маданият”нинг ҳужумлари натижасида бу иллатлар қайтадан яна илдиз отмоқда. Кўз ўнгимизда муҳрланиб қолган, кечалари мижжа қоқмай боласига қараб чиққан меҳрибон она тимсоли бугунги куннинг даҳшатли воқеалари соясида қолиб кетаётгандек.

Бундай ҳолатларга ўз вақтида чора кўрилиб, олди олинмаса, жамият эътиборсизликнинг жазосини оғир ўтаб беришига тўғри келади.

            Аллоҳ таоло фарзандни ота-онасига бир омонат қилиб берди. Ва уларга болалари то улғайгунларича нимага яратилганлигини тушунтириш, тўғри таълим-тарбия бериш ва касб-хунар ўргатиш вазифасини  ҳам юклади. Омонатга хиёнат қиладиган, дину диёнатдан йироқ, бузғунчи кимсалар етишиб чиқишига сабаб бўладиган ота-оналарни Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ҳар бирингиз қўл остидагиларингиз (оилангиз, қарамоғингизда бўлган кимсалар ва ишчиларингиз) ҳақида (охиратда) сўроққа тутиласизлар”, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 

Маъруфхон КАРИМОВ

тайёрлади

921 марта ўқилди

Мақолалар

Top