Сиз бизга кераксиз

Нукус шаҳри масжиди 55 нафар имконияти чекланганлар фуқаролар учун Хива шаҳрига зиёрат ташкил этди

Хабарингиз бор, ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони мавжуд кишилар учун диний-маърифий йўналишда алоҳида тизимли ишлар олиб бориляпти.

Жорий йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида биринчи бор Қорақалпоғистон Республикасида Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманларидаги марказий масжидларда эшитиш ва гапириш қобилиятида нуқсони бўлган кишилар билан катта маърифий учрашув ўтказилиб, унда жами 160 нафар имконияти чекланган фуқаролар иштирок этишган эди. Ана шу мунаввар ва таъсирчан ўтган тадбирдан сўнг, улар билан энди мунтазам равишда, диний-маърифий суҳбатлар ўтказилишига келишиб олинган эди.

 

 

Жумладан, ҳафтаниниг ҳар жума куни “Имом Эшон Муҳаммад” ва  “Тўрткўл” жоме масжидларида жума маърузасининг махсус сурдо таржимаси узатилаётган бўлса, ҳар шанба куни мазкур масжидларда алоҳида мавзулар бўйича имом-хатиблар, мадраса мударрислари иштирокида диний-маърифий суҳбатлар ўтказилмоқда.

 

 

Яна бир қувонарлиси, куни кеча, 7 апрель куни Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди маъмурияти ташаббуси билан  55 нафар суҳбат иштирокчилари: имконияти чекланганлар фуқаролар учун Хива шаҳрига зиёрат уюштирилди. Сурдо таржимон воситасида ҳамюртларимиз кўҳна шаҳар тарихи билан яқиндан танишдилар. Зиёратни ташкил этган ташкилотчилар ҳақларига дуолар қилиб, миннатдорчилик изҳор этдилар. 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

513 марта ўқилди
Top