Фиқҳ

“Саждаи саҳв” ҳақида батафсил билишни хоҳлайсизми?

Саждаи саҳвдаги асл қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозда хатога йўл қўйиб сажда қилганларига асосланади. Савбон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳар бир хато учун намоздан кейин икки сажда бор”.

Имом Кархий имом Муҳаммаднинг қавлига таяниб  саждаи саҳв қилиш вожиб дейди.

Бу ибодатдаги нуқсонни тузатиш, тўлдириш деганидир. Чунки, ибодатни камоли сифат билан адо этиш вожиб бўлади. Нуқсонни тузатилмаса, камоли сифат билан адо этилмаган бўлади. Қудурий айтади: биринчи салом бергандан кейин такбир айтиб сажда қилади, саждада тасбиҳ айтади, иккинчи саждани ҳам шундай қилиб ўтиради ва яна ташаҳҳудни ўқийди. Бир тарафга салом беришининг сабаби аслий салом билан зиёда қилинаётган ишнинг ўртасидаги фарқни ажратиб туриш учун бўлади. Имом Муҳаммад саждаи саҳв қилиши вожиб бўлган кишининг биринчи саломи уни намоздан чиқармайди, шунинг учун саловотни саждаи саҳв қаъдасига кечиктиради, дейди. Имом Кархийнинг “Мухтасар” да айтган сўзига кўра Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотни кейинги ўтиришда қилади. Намоздан фориғ бўлиш ҳам шу қаъдадан кейин бўлади. Шамсулаимма Ҳалавоний: саждаи саҳвдан кейинги ўтириш рукн эмас. Саждадан кейин яна қаъдага ўтиришга буйруқнинг ворид бўлиши намоз у билан ниҳоясига етиши ва бу саловот айтишнинг ўрни бўлганлиги учундир. Мабодо у саждаи саҳв қилмаса, намози бузилмайди. Агар сажда қилгандан кейин ўтирмай туриб кетса ҳам намози бузилмайди, дейди.    

Саждаи саҳвни қачон қилади? Саждаи саҳвни нуқсон ёки зиёда қилишидан қатъий назар саломдан кейин қилади. Имом Шофеъий эса, саломдан аввал қилади, дейди. Бизнинг далилимиз Савбон розияллоҳу анҳунинг ҳадиси бўлиб, бу ҳадис юқорида келтирилди. Саждаи саҳвни энг охирига қолдиришнинг ҳикмати шулки, такрор бўлиб қолиш гумонидан сақланилади. Саломдан аввал қилинганда яна саҳв пайдо бўлиши ва яна саждаи саҳв қилиниши эътимоли бўлганлиги учун энг охирги амал бўлсин деб ортга сурилади. Саждаи саҳв фарз ва нафл намозларида бир хил бўлади. Чунки Савбон розияллоҳу анҳу келтирган ҳадисда фарз ва нафл намозлари учун умумий тарзда баён этилган. Не учунким, фарз ва нафл намозлари фарзлик ва нафллик сифатларида бир биридан фарқ қилади, арконларида ва шартларида эмас.

Саждаи саҳв қайси ноўрин амал учун вожиб бўлади? Барча машоихлар олтита сабаб билан саждаи саҳв вожиб бўлади, дейдилар. Бир рукнни ўз ўрнидан олдин қилиб қўйиш ёки ўз ўрнидан кечиктириб қўйиш. Бир рукнни такрор қилиш ва бир вожиб амални ўзгартириб қўйиш. Вожибни тарк қилиш ва намознинг барча ўринларга тегишли суннатни тарк қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлади.

Бир рукнни муқаддам қилиш: қироат қилмасдан олдин рукуъ қилиб қўйиш ёки рукуъ қилмасдан олдин сажда қилиб қўйиш.

Бир рукнни кечиктириш: биринчи ракаатда бир марта сажда қилиб қўйиш ва иккинчи ракаатда эсига тушиб уч марта сажда қилиш. Ташаҳҳудга бир неча калимани зиёда этиб учинчи ракаатни кечиктириш.

Бир рукнни такрор қилиш: икки марта рукуъ қилиш ёки уч марта сажда қилиш.

Вожибни ўзгартириб қўйиш: махфий қироат қилинадиган ўринда жаҳрий қироат қилиш ёки аксинча жаҳрий ўринда махфий қироат қилиш.

Вожибни тарк қилиш: фарз намозларида биринчи қаъдани тарк қилиш.

Барча намозларга изофа қилинувчи суннатни тарк қилиш: биринчи қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш. Қози Содрулислом роҳимаҳуллоҳ бундай деган: унинг вожиблиги битта нарсадир. Ўша вожибни тарк қилиш бўлади. Мана шу сўз бу хусусда айтилган сўзларнинг энг жамловчисидир.

Мана шу олти ўрин ё муқаддам қилиб қўйишдан ёки кечиктириб қўйишдан келиб чиқади. Не учунким, тартибга риоя қилиш мазҳабимиз пешволарининг уччовларининг наздида алоҳида бир вожибдир. Агар тартибни тарк қилиб қўйса, бир вожибни тарк қилган бўлади. Бир рукнни такрорласа, ундан кейинги рукнни кечиктирган бўлади. Рукнни кечиктирмай бажариш вожибдир. Жаҳрий қироат ҳам ўз ўрнида вожибдир. Махфийси ҳам худди шундай. Аммо, биринчи қаъдадаги ташаҳҳуд ҳақида: у айтади: у вожибдир. Асҳобларимиздан муҳаққиқлари шу фикрда бўлганлар. (Алмуҳийтул бурҳаний  фий фиқҳин нўъманий).

“Алҳидаяти фи шарҳи бидаятил мубтадий” китобида саждаи саҳв ҳақида қуйидаги маълумотлар келади: ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломдан кейин икки саҳв саждасини қилганлар. Қилган ишлари билан айтган сўзлари муориз бўлса, қилган ишлари боқий амалда қолади. Чунки, саждаи саҳв такрор бажариладиган амал эмас. Шунинг учун саломдан кейин қилинади. Икки саломдан кейин саждаи саҳв қилади. Мана шу саҳиҳ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотларни ва дуоларни саждаи саҳв қаъдасида ўқийди. Чунки, дуонинг ўрни намознинг охиридир. Саждаи саҳв намозда пайдо қилинган нуқсонни тўлдириш учун жорй бўлган. Худди ҳажда қон вожиб бўлганидек. Агар вожиб бўладиган бўлса, вожибни тарк қилиш билан ёки уни кечиктириш билан бўлади. Бирон рукнни кечиктириш билан ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади.

Айтди: “Суннат қилинган ишни тарк қилиш билан ҳам лозим бўлади”. Бу сўз билан гўё вожиб феълни ирода қилган. Вожиб амал суннат билан собит бўлгани учун. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қунут дуосини, ташаҳҳудни, ҳайит намозининг такбирларини доимий равишда қолдирмасдан қилганлар. Бу эса вожиблигига далилдир. Бу амаллар барча намозларга тааллуқли. Яъни, барча намозларда қилинадиган амаллар сарасига киради. Жаҳрий намозда махфий қилиб қўйса ёки аксинча қилиб қўйганда ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади. Миқдори намоз у билан жоиз бўладиган миқдорда ўқиб қўйишдир. Яъни, махфий намозда Абу Ҳанифанинг сўзига биноан бир оят тўлиқ жаҳрий ўқиб қўйилса, икки имомнинг сўзига кўра уч оят тўлиқ жаҳрий ўқиб қўйилса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Бу имомга тегишли масала бўлиб ёлғиз ўқиётган кишининг ҳукми эмас. Чунки, жаҳрий ёки махфий қилиш жамоатнинг хос ҳукмларидир. Имом хато қиладиган бўлса, иқтидо қилган ҳам имом билан сажда қилади, акси эмас. Имом сажда қилмаса, муқтадий ҳам сажда қилмайди. Муқтадийнинг ўзича сажда қилиши имомига хилоф қилиш бўлади. Иқтидо қилгандан кейин имомга эргашиб намозни адо этиш лозим. Муқтадий хато қилса, имом ҳам муқтадий ҳам сажда қилмайди. Муқтадий ўзича сажда қилса, имомга мухолиф иш қилган бўлади. Имом унга қўшилиб сажда қилса, асл қоида бузилиб эргаштирувчи эргашувчига айланиб қолади. Биринчи қаъдага ўтирмай туриб кетаётган киши хатосини англаган вақтда ҳали тик туриб улгурмаган ва қаъдага яқин турган бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқийди. Саҳиҳ қавлга кўра бундай ҳолатда саждаи саҳв қилмайди.

Агар қиёмга яқин бўлиб қолган бўлса, қайтиб ўтирмайди. Чунки, у тик турувчининг-қоимнинг ҳукмига ўтиб бўлди. Битта вожибни тарк қилгани учун саждаи саҳв қилади. Охирги қаъдага ўтирмай бешинчи ракаатга туриб кетса, модомики ҳали сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради. Вожибни кечиктиргани учун саждаи саҳв қилади. Бешинчи ракаатнинг саждасини ҳам қилиб қўйса, фарзи ботил бўлади, намози Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг наздида нафлга айланиб кетади. Бундай пайтда яна бир ракаат қўшиб олти ракаат қилиб тугатади. Агар тўртинчи ракаатга ўтирган бўлса ва туриб кетиб бешинчи ракаатни қилиб қўйса, яна бир ракаат қўшиб икки ракаат қилади. Фарзни суннат қилинган кўринишда тугатмаганлиги ва нафлни суннат қилинган кўринишда бошламаганлиги  учун истиҳсонан саждаи саҳв қилади.

Ким икки ракаат нафл намозида хато қилиб саждаи саҳв қилса, устига яна икки ракаат нафл намоз бино қилмайди. Чунки, намоз ўртасидаги саждаи саҳв намозни ботил қилади. Зиммасида саҳв саждаси бор имом салом бергач бир киши келиб иқтидо қилса ва имом саждаи саҳв қилса, ўша иқтидо қилганнинг иқтидоси дуруст бўлади. Агар имом сажда қилмаса, иқтидоси ботил бўлади. Бу Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг сўзи.

Ким салом берса ва бу саломи билан намозини тугатишни ирода қилган бўлса, ваҳоланки унинг зиммасида саждаи саҳв бўлса, саждаи саҳвни қилиб олаверади. Унинг саломи эса тугатувчи салом бўлмайди. Унинг нияти  машруъ амални ўзгартириб юборди, бироқ хато қилган эди.

Ким намозида шак қилиб уч ёки тўрт ракаат ўқиганини билмай қолса ва бундай ҳолатга биринчи тушаётган бўлса, намозини янгидан бошлайди. Агарбундай ҳолат тез-тез такрорланиб турадиган бўлса, неча ракаатлиги ҳақидаги тахмини ғолиб томонни олиб давом эттираверади. Мутлақ неча ракаат ўқиганини билмай шубҳаланиб қолганида энг озини олади ва ҳар ракаатда ўтиради. Шундай қилса, қаъдаи охирни топади. Учинчи ракаатдан кейин ўтирган бўлиши ва кейинги ракаатнинг фарзини кечиктирган бўлиши мумкин деган гумон билан саждаи саҳв қилади.

(Алҳидоя фи шарҳи бидаятил мубтадий).

Фатовои ҳиндийяда саждаи саҳв ҳақида келган масалалар.    

Саждаи саҳв қилиш учун вақт ҳам эътиборлидир. Агар намозда хато қилган киши сажда қилмоқчи бўлиб  биринчи тарафга салом берганда қуёш чиқиб қолса, сажда соқит бўлади. Бошқа ўринларда ҳам шундай. Фарз ва нафл намозлардаги саҳвнинг ҳукми бир хил. Саждаи саҳвдан кейинги қаъда рукн эмас. Намозни саҳв саждасидан кейин одатий кўринишда адо этиш учун жорий бўлган. Агар саждаи саҳвдан кейин ўрнидан туриб кетса, намози бузилмайди. Валволижийда айтилишича, тарк қилинган нарсалар уч хил бўлади: фарз, суннат ва вожиб. Биринчиси: фарзни қазо қилиб бажариб олса бўлади. Акс ҳолда намоз фосид бўлади. Масалан, битта саждани тарк этган бўлса, кейинги ракаатнинг саждасида сажда қилиб олади. Иккинчиси: суннатни тарк этиш намозни бузмайди. Учинчиси: вожибни тарк этилганда саждаи саҳв билан нуқсон тўлдирилади. Қасддан тарк этилса, саждаи саҳв билан ўрнига келмайди. Барча уламолар сўзларига кўра, қасддан вожибни тарк этилганда саждаи саҳв нуқсонни тўлдира олмайди. Намозни янгитдан қоим қилиш керак. Таъаввузни, басмалани  тарк қилиш билан, санони, такбири интиқолларни тарк қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Ҳайит намозидаги иккинчи ракаатдаги такбирни тарк қилса ундай эмас. Ҳайит намозининг такбирларида қўлни кўтармаганлиги учун ҳам саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Адашиб биринчи чап тарафга салом бериб қўйса, рукуъдан туришни-қавмани адашиб тарк этиб рукуъдан тўғри саждага кетиб қолса, “Фатавои қозиҳон”га кўра саждаи саҳв қилади. Бу Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммаднинг сўзи. “Фатҳул қодирда” ҳам шундай ворид бўлган.

Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб. Агар фотиҳанинг кўпроқ қисмини ўқиб озроқ қисмини унутиб қолдирса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Озроғиин ўқиб кўпроқ қисмини унутиб қолдирса, имомга ҳам ёлғиз ўқиётган кишига ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади. Фарз намозининг учинчи ва тўртинчи ракаатларида фотиҳани тарк қилса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Нафл ва витрнинг кейинги ракаатларида (3-4) тарк қилса, вожиб бўлади. Биринчи ракаатда фотиҳани такрор ўқиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Агар зам сурадан кейин яна ўқиса ёки 3-4 ракаатларда такрор ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Аввал бир сура ўқиб ортидан фотиҳани ўқиса саждаи саҳв вожиб бўлади. Биринчи ракаатда бир сурани зам қилган бўлса, иккинчи ракаатда суралар тартиби бўйича ундан юқоридаги сурани ўқиб қўйса, саждаи саҳв қилмайди.

Намоз ўқиётган киши сажда оятини ўқиб сажда қилмаган бўлса, ёдига тушганида сажда қилиб олса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Бир сурани зам қиламан деб бошқа сурани ўқиб юборишнинг зарари йўқ. Қироатдан олдин рукуъ қилиб қўйса, қайтиб қироат қилади ва яна рукуъ қилиш фарз бўлади. Биринчи қилган рукуънинг эътибори йўқ. Саждаи саҳв вожиб бўлади.

Ташаҳҳудни тўлиқ ўқиш вожиб бўлади. Агар баъзисини ўқиб қолганини тарк этса, фарз ёки нафл бўлсин саждаи саҳв вожиб бўлади. Биринчи ракаатда қироатдан олдин ташаҳҳудни ўқиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Агар фотиҳани ўқигандан кейин ташаҳҳудни ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Вожибни кечиктиргани учун. Қироатдан олдинги ташаҳҳуд сано ўрнига ўтади. 3-4 ракаатларда ташаҳҳудни ўқиб қўйса ҳам саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Қиёмда, рукуъда ва саждада ўқилган ташаҳҳудга саждаи саҳв қилиш вожиб бўлмайди. (Муҳийт).

Қаъдаи аввалда ташаҳҳудни такрор ўқиб қўйса саждаи саҳв вожиб бўлади. Биринчи қаъдадаги ташаҳҳудга “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад” деб тўлиқ бир жумлани қўшиб ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади.

Намоз ўқиган киши қаъдага ўтириб ташаҳҳудни ўқиса ва шу ҳолида уч ракаат ўқидими ёки тўрт ракаат ўқидими билмай шакка  тушиб саломни кечиктириб қўйсаю кейин дарҳол ўзини ўнглаб тўрт ракаат ўқиганини билиб қолса, саждаи саҳв вожиб бўлади.

Қунут дуосини тарк қилса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Қироатдан кейинги, қунутдан олдинги такбирни тарк қилса ҳам ҳайит такбирлари мақомида бўлгани учун саждаи саҳв қилади.

Икки ҳайит такбирларини кам айтиб қўйса, зиёда қилиб қўйса ёки  ўз ўрнидан бошқа жойда айтиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Иккинчи ракаатдаги такбири интиқолни тарк қилса, саждаи саҳв қилади. Чунки, бу такбир ҳайитнинг вожиб бўлган такбирлари билан бирга бўлганлиги учун вожиб ҳукмини олган. Биринчи ракаатнинг такбири ундай эмас.  Жумъа, икки ҳайит, фарз ва нафл намозларининг саҳв-хатолари бир хил. Бироқ, машоихларимиз икки ҳайит ва жумъа намозида одамлар фитнага тушмасликлари учун саждаи саҳв қилинмайди, деганлар.

Ёлғиз намоз ўқиётган киши жаҳрий ёки махфий қироат қилиб қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки, жаҳрий намозда жаҳрий қироат қилиш, махфий намозда махфий қироат қилиш жамоатнинг хос ҳукмларидир.

Таъаввузни, басмалани ёки амийнни жаҳрий айтиб қўйса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди.

Бир киши пешинни беш ракаат ўқиб қўйди. Тўртинчи ракаатда ташаҳҳуд миқдорича ўтирган эди. Агар бешинчи ракаатни сажда билан аниқ қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом бериб намозини тугатади, саждаи саҳв қилади. Агар бешинчи ракаатни сажда билан аниқ қилган бўлса, қаъдага қайтмайди ва унга яна бир ракаат қўшади. Ўзи алоҳида икки ракаат бўлади. Истеҳсонан саждаи саҳв қилади. Лекин, бу икки ракаат нафл пешиннинг икки ракаат суннатининг ўрнига ўтмайди. Бомдоднинг учинчи ракаатига туриб кетганда эса, тўртинчи ракаатни унга қўшиб ўқимайди.

Пешиннинг тўртинчи ракатига ўтирмай туриб кетган бўлса, ҳали сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Ўша туриб кетганида сажда қилиб қўйса, пешин намози фосид бўлади. Нафл намозга айланиб кетади.

Бир киши икки ракаат нафл ўқиш пайтида хато қилиб қўйса ва саждаи саҳв қилса, унинг устига 3-4 ракаатларни бино қилмайди. Намоздаги бир неча хатоларга икки марта сажда қилиш кифоя. Валлоҳу аълам.

Лутфуллоҳ УБАЙДУЛЛОҲ

таёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

2049 марта ўқилди

Мақолалар

Top