Фиқҳ

Абу Ҳанифа ва адашган бир киши

Абу Ҳанифа (Нуъмон ибн Собит ал-Куфий) раҳимаҳуллоҳнинг зеҳн – заковат ва фаҳм – фаросатлари, юксак фазилатлари борасида ўнлаб китоблар ёзилган.

 

У зотнинг ўта аниқ ва теран фикрлари кўп олимларни ҳам ожиз қолдирган. Ҳатто баъзи мухолифлари ҳам ўзи билан учрашгандан сўнг у кишининг ҳақиқатда Худо берган кучли ақл эгаси эканини эътироф этиб, у ҳақида илиқ фикрлар билдирган. Гапимизнинг исботи ўлароқ қуйида у зотнинг ҳаётларида бўлиб ўт ган ибратли бир воқеани зикр қиламиз:

Куфа шаҳрида обрўли, атрофидагиларга гапи ўтадиган бир адашган кимса бор эди. У ўзича одамларга Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ислом келишидан олдин яҳудий эди. Ислом келгач ҳам мусулмон бўлмай, яҳудийлигича қолган деган бўлмағур бир даъво қила бошлади...

Ушбу машъум хабар Абу Ҳанифани ҳам четлаб ўтмади. У гапни эшитгач Абу Ҳанифа ҳалиги одамнинг уйига борди ва: “Бир дўстимга қизингизни  қўлини сўраб, совчи бўлиб келдим, деди”.

Ҳалиги киши: “Хуш келибсиз тақсир, бош устига... Сиздек зотга рад жавоби берилмайди эй Абу ҳанифа! Қизимни – ку  албатта бераман,  лекин куёв бўлмиш ким экан ўзи?”, деди.

Абу Ҳанифа: “Қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида обрў-эътибор ли, бой-бадавлат бир киши... Қўли очиқ, ўта сахийки... Ўзлари Аллоҳ азза ва жалланинг каломини ёд олган қори... Туни билан намоз ўқий ди... Худодан қўрққанидан кўз ёши тинмайди...”, деб куёвнинг фази латларини санаб кетган эдилар ҳалиги киши: “Субҳоналлоҳ,  эй Абу Ҳанифа, кифоя. Бундай сифатли йигит Амирул-муъмининнинг қизига куёв бўлишга ҳам лойиқ”, деди.

Шунда Абу Ҳанифа: “Лекин, унда сиз билиб қўйишингиз керак бўлган  бир хислат (айб) бор”, дедилар. У киши ҳайрон бўлиб:“Нима экан у?!”, деди.

Абу Ҳанифа: “У яҳудий”, деди.

Ҳалиги киши сесканиб кетди ва: “Яҳудий?! Ҳали сиз мендан ўз қизимни яҳудийга беришимни истайсизсизми? Худо ҳаққи, дунёдаги барча яхши хислатларни ўзида мужассам қилган бўлса ҳам унга бер майман”, деди. Шунда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асосий мақсадга ўтиб:

“Ўзинг  битта қизингни ҳам яҳудийга беришга кўнмайсан ва қаттиқ инкор қиласан-а? Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал лам гулдек икки қизларини яҳудийга берган деб даъво ҳам қила сан! Сен бу гапинг билан Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг икки қизларига уйланиб, “Зун-нуройн” яъни, “икки нур соҳиби” деган лақабга сазовор бўлган ҳамда Усмонга никоҳлаб берган  иккинчи қизлари ҳам вафот этгач, Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Усмонни уйлантириб қўйинглар. Агар яна қизим бўлга нида эди, албатта, уни ҳам Усмонга берган бўлардим”, деган ва тириклигидаёқ жаннат башорати берилган, қолаверса, 12 йилдан зиёд мўминларнинг амири – Амирул муъминин бўлган зотни яҳудий эди демоқчимисан?”, дедилар. Шунда ҳалиги одам қалтирай бошлади ва адашганини англаб: “Астағфируллоҳ, тавба қилдим. Эй Аллоҳ, бу қилган бўҳтонимни Ўзинг кечир”, дея тавба қила бошлади.

Воқеани ўқигач ўзингиз ҳам юқоридаги фикрларнинг барчаси ҳақ эканига амин бўлгандирсиз. Дарҳақиқат, Имом Моликнинг: “Абу Ҳанифа мободо масжиддаги устунни тилла дейдиган бўлса, сўзсиз унга далил келтириб беради ва у тилла бўлиб чиқади ҳам”, деган сўзида ҳеч бир муболаға йўқ. Бундай ажойиб услуб кимнинг хаёлига келади дейсиз. Урмай-сўкмай адашган бир кимсани гўзал  услуб ила тўғри йўлга солиб қўйдилар. Аллоҳ таоло заковатли мазҳаббошимиз ни Ўз раҳматига олиб, жаннатдаги даражаларини юқори айласин. Aмин...

Аъзамов Баҳодир

2147 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Қози Иёс ва бир хоин воқеаси Истихора дуоси »
Top