Фиқҳ

Етти фақиҳ


Маълумки, барча фаннинг ўзига хос истилоҳлари бор.  Мусталаҳул ҳадис фанида ҳам ўзига хос истилоҳлар бўлиб, улар ичида “мурсал ҳадис” истилоҳи алоҳида ўрин эгаллайди. Мурсал ҳадис бу- санаднинг  охиридан тобеъиндан кейин бирорта ровий (саҳобий ёки тобеъин) тушиб қолган ҳадисдир.

Уч имом; Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаднинг наздида мурсал ҳадис саҳиҳ бўлиб, ҳужжат учун қабул қилинади. Фақат у зотлар мурсал ҳадис айтувчи ҳам, унга ҳадисни етказувчи ҳам ишончли – сиқа бўлишини шарт қилганлар. Баъзи олимларимиз қайси тобеъининг мурсаллари саҳиҳ эканлигини санаб ўтганлар. Шу зотлар ичида тобеъинларнинг улуғи Саъид ибн Мусаййиб роҳматуллоҳи алайҳ ҳам зикр қилинган. У кишига шундай таъриф берилади. Ибн Маъин айтадилар: “Мурсалларнинг саҳиҳроғи Саъид ибн Мусаййибнинг мурсалларидир, чунки у киши саҳобанинг фарзанди, жаннат башорат қилинган саҳобаларни кўрган, Ҳижоз аҳлининг фақиҳи ва муфтийси, “Етти фақиҳ”нинг аввалгисидир. Зеро Имом Молик “Етти фақиҳ”нинг ижмосини бошқа барча одамлар ижмосидек деб ҳисоблар эди. Устозимизнинг кўрсатмаси билан юқоридаги гапдаги “Етти фақиҳ”нинг тарихларини ўрганишга ҳаракат қилдик ва имом Заҳабийнинг “Тазкиротул Ҳуффоз” китобидаги таржимаи ҳолларни сизларнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Мақолалар ўқимишли бўлиши учун уларнинг таржимаи ҳолларини ““ЕТТИ ФАҚИҲ”  - УЛАР КИМ ЭДИ” рукни остида  бирин – кетин бериб борамиз. Зеро биз учун ўтган олимлар, хусусан аввалги уч аср кишилари ҳаётида жуда кўп ибратлар бор. Тавфиқ Аллоҳ таолодан.

 САЪИД ИБН МУСАЙЙИБ

سعيد بن المسيب بضم الميم وفتح الياء على المشهور وقيل بالكسر وكان يكره فتحها وأما غير والد سعيد فبالفتح من غير خلاف كالمسيب بن رافع وابنه العلاء بن المسيب وغيرهما

عمدة القاري شرح صحيح البخاري

Машҳур сўзга кўра заммали “мим” ва фатҳали “йо” билан Саъид ибн Мусаййаб, бир сўзда касрали “йо” билан Саъид ибн Мусаййиб. У киши Мусаййаб, деб айтилишини ёқтирмас эди. Саъиднинг отасидан бошқаларнинг барчаси ихтилофсиз Мусаййаб, дейилади. Масалан, Мусаййаб ибн Рофеъ, унинг ўғли Ало ибн Мусаййаб ва бошқалар...

(“Умдатул Қорий шарҳи саҳиҳул Бухорий” китобидан)

Имом, шайхул ислом, Мадинанинг фақиҳи Саъид ибн Мусаййиб Абу Муҳаммад ал- Махзумий роҳматуллоҳи алайҳ тобеъинларнинг улуғи, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг иккинчи йилида туғилган. Ҳазрати Умарнинг баъзи хутбаларини эшитган ҳамда ҳазрати Усмон, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз, Саъд, Абу Ҳурайра ва бошқа саҳобий розияллоҳу анҳумлардан ҳадис эшитган.

Жуда билимли, фақиҳ, ҳурматли, диёнатли, ҳамиша ҳақгўй эди. Усома ибн Зайд Нофеъдан ривоят қиладики, Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳга қасамки, Саъид ибн Мусаййиб фатво айтувчилардан биридир ”.  Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар айтадилар: “Саъиднинг мурсал ҳадислари ҳам саҳиҳдир”. Қатода айтади: “Саъид ибн Мусаййибдан олимроқ кишини кўрмадим”. Зуҳрий, Макҳул ҳамда бошқа кўпчилик ҳам шундай дейишган ва тўғриси ҳам шу. Али ибн Мадиний айтади: “Тобеъинлар ичида Саъидан ҳам илмлироғи борлигини билмайман. Менинг наздимда у тобеъинларнинг улуғидир”. Ижлий ва бошқалар айтишади: “У киши султоннинг совғаларини қабул қилмас, 400 динори бор эди, шу билан ёғ ва бошқа нарсалар савдосини юритарди ”.  Саъд ибн Иброҳим айтади: “Саъид ибн Мусаййибнинг: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмларни мендан яхши биладиган бирор киши йўқ, ҳатто Абу Бакр ва Умар ҳам бундан мустасно эмас”, деганларини эшитдим” (Саъид ибн Мусаййибнинг бу гапидан у зот ҳазрати Абу Бакр ва Умардан афзал эканлиги келиб чиқмайди ва бу сўзда муболаға бор. Аҳли сунна жумҳури бу икки халифанинг пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали эканига иттифоқ қилганлар. Зеро ҳазрати Абу Бакр Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ислом даъватини бошлаганларидан то вафотларигача доим бирга бўлди. У кишидан ривоят қилинган ҳадисларнинг камлигига келсак, халифалик даври қисқа бўлди, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан кейин икки ярим йилда вафот этди, бунинг устига ридда аҳли билан жангга машғул бўлди. Муддат узун бўлганида у кишидан ҳадис ривоятлари жуда кўп бўлган бўларди. Чунки саҳобаларнинг, Абу Бакр билан ривоятида шерик бўлган ҳадисларини у кишидан нақл қилишга эҳтиёжи йўқ эди. Яна у зот ҳадислар кенг тарқалиб, тобеъинлар ҳадис эшитиш, ўрганиш ва ёдлашга эътибор қаратишидан аввал вафот этган эди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин.

Ҳазрати Умарнинг илми ва фазилатига Пайғамбаримиз   саллолоҳу алайҳи васалламнинг: “Сиздан аввалги умматларда илҳом билан гапирадиган кишилар бўлган. Умматимдан бирортаси шундай бўлса, у  Умар бўлади” (Абу Ҳурайрадан Имом Бухорий ривояти), яна: “Чиндан ҳам, Аллоҳ ҳақиқатни Умарнинг тили ва қалбига қўйди ” (Ибн Умардан Термизий ривояти), деганлари кифоя. Ибн Умар айтади: “Одамларнинг бошига бир иш тушса, одамлар бир нарса дейишарди ва Умар ҳам бир нарса, дер эди. Лекин Қуръон Умар айтганидек нозил бўларди”.Термизий ривояти.).

Зуҳрийдан Ҳишом ибн Саъд, у кишидан Воқидий ривоят қилади: “Зуҳрийдан Саъид ибн Мусаййибнинг кимлардан илм олганлиги ҳақида сўралди. У киши, Зайд ибн Собит, Саъд ибн Абу Ваққос, ибн Аббос, ибн Умарлардан илм олган, Усмон, Али ва Суҳайблардан ҳадис эшитган, деди”. Саъид ибн Мусаййибнинг муснад ривоятларининг катта қисмини Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадислари ташкил этади. Чунки Саъид ибн Мусаййиб Абу Ҳурайранинг қизига уйланган эди. Ўша замонда, бирор киши ҳз. Умар ва Усмон чиқарган ҳукмларни Саъид ибн Мусаййибдан кўра яхши билмайди, дейишарди. Қатода айтарди: “Агар Ҳасанул Басрийга бирор масала мушкуллик қилса, Саъид ибн Мусаййибдан сўраб хат ёзарди”. Ҳаммод ибн Зайд  Йазид ибн Ҳозимдан ривоят қилади: “Саъид ибн Мусаййиб узлуксиз рўза тутарди”. Абдурраҳмон ибн Ҳармала: “Саъид ибн Мусаййибнинг, 40 та ҳаж қилдим, деганларини эшитдим”, дейди.

Юсуф ибн Яъқуб ал – Мажишун Муттолиб ибн Соибдан ривоят қилади: “Саъид ибн Мусаййиб билан бозорда ўтирган эдик. Ёнимиздан Бани Марвоннинг элчиси ўтиб қолди. Саъид унга деди:

-         Сен Бани Марвоннинг элчилариданмисан?

-         Ҳа.

-         Бани Марвон қандай?!

-         Яхши...

-         Улар ҳалиям одамларни оч қолдириб, итларни туйдираяптими...?! ”

Шунда элчи унга қараб бўйнини чўзди, дарров ўрнимдан туриб уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим ва ниҳоят у кетди. Мен Саъидга: “Аллоҳ сени кечирсин! Жонингни куйдирасанку, ахир”, дедим.  У: “Жим бўл, эй нодонча! Аллоҳнинг динига ёрдамчи бўлар эканман, мени уларга топшириб қўймайди”, деди.

 Макҳулдан (заиф йўл билан) ривоят  қилинишича, у кишига Саъид ибн Мусаййибнинг вафоти хабари етганда, одамлар (илмда) баробар бўлиб қолди, деган экан. Имом Молик айтади: “Саъид ибн Мусаййибнинг , бир ҳадисни деб бир неча кунлаб юрар эдим”, дегани менга етиб келди”. Мусъаб ибн Абдулоҳ айтади: “Менга Мусъаб ибн Усмон ривоят қилди: “Муслим ибн Уқба Саъид ибн Мусаййибни қатл қилмоқчи бўлганида Амр ибн Усмон ва Марвон ибн Ҳакам унинг жинни эканига гувоҳлик беришди. Уни қўйиб юборишди. Абу Юнус ал – Қовий айтадики, масжидга кирсам Саъид ибн Мусаййибнинг бир ўзи ўтирибди. Унга нима бўлди, деб сўрасам, у билан суҳбатдош бўлиш ман қилинган, дейишди”.”.

(Имом Заҳабий айтади,) Саъид ибн Мусаййибнинг сийратларини бошқа китобда алоҳида келтирдим. У зотнинг вафотлари ҳақида турлича сўзлар бор. Энг аниғи ҳижрий 94 йилда экани. Бу санани Ҳайсум ибн Адий, Саъид ибн Афир, ибн Намир ва бошқалар белгилашган (89 ҳ.й. ни Қатода, 91 ҳ.й. ни Яҳё ал Қаттон, 91 ёки 92 й. ни Зомра белгилашган. 105 й. ни Али ибн ал Мадиний, ибн Маъин ва Мадоинийлар белгилашган ва ал Ҳокимнинг айтишича кўпчилик ҳадис имомлари мана шу фикрда).

     Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олсин. Амин.

Тоштемиров Ҳикматуллоҳ

9568 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Истихора одоблари Таҳорат (поклик) китоби »

Мақолалар

Top