Фиқҳ

Мусофирнинг намози баёни

Мусофир деб, шундай кишига айтиладики, ўзининг шаҳаридаги уйларидан айрилиб чиққан бўлиб, уч кеча-кундузлик йўлни ният қилган бўлур, ораларидаги одатлари қандоқ бўлса, ўшандай роҳатга амал қилур, аммо кундузи юрмоқ учун, кечаси эса роҳат қилмоқ учундур. Бундай мусофирга намозини қаср қилиб ўқиш лозим бўлади ва яна жумъа намози ва икки ҳайит намози ўша мусофирдан соқит бўлгай. 

Жумъа кунида пешин намозини ўқийди. Мусофир кишига Қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Садақаи фитр берса, мубоҳ бўлади, яъни ихтиёр ўзида. Берса ҳам бўлади,бермаса ҳам гуноҳкор бўлмас. Мусофир киши тўрт ракаатли намозини қаср қилади, яъни муқимликдаги тўрт ракаатлик фарз намозини сафарда икки ракаат қилиб ўқишлик вожибдур. Мусофир ўз ватанига қайтиб келгунча, муқимга тўрт ракаат фарз бўлган намоз, мусофирга икки ракаат фарздур.

Пайғамбар (с.а.в)дан ривоят қилинди: «Муқимликдаги тўрт ракаатлик намозни кимики сафарда тўрт ракаат ўқиса, икки ракаат ўқигандек бўлгай». Сафарда намозни батамом ўқиган киши муқимликда тўрт ракаат намозни икки ракаат ўқиганга ўхшашдур. Ва яна Росулуллоҳ(с.а.в)дан ривоят қилинди: «Албатта бу икки ракаат ўқилган намоз садақадир, Аллоҳ таоло бу икки ракаатни сизларга садақа қилибдур. Эй мусулмонлар,садақани қабул қилинглар».

Сафар қилган киши ярим ой бир шаҳарда ё қишлоқда турмоқни ният қилгунча, икки ракаат ўқимоғи вожибдур. Ислом шаҳрининг саҳроларида ўн беш кун туришни ният қилган одамлар, яъни овул ва ўтов номли уйлар ва чодирлар билан юрадиган жамоадан бўлиб, мазкур саҳроларда бир ўтли жойдан, иккинчи ўтли жойга кўчиб юрсалар, уларнинг саҳросида муқимлик нияти дурустдур.

Муқим киши мусофирга имом бўлса, ўқилаётган намози тўрт ракаатли бўлса, мусофир ҳам ўша тўрт ракаатни тўлиқ ўқийди, чунки мусофирнинг фарзи имомга иқтидо қилган сабабидан тўрт ракаатга айланади.

Имом бўлган мусофир икки ракаат намоз ўқийди, лекин салом бергандан кейин иқтидо қилган муқимларга: «намозларингни тамом қилинглар, мен мусофирман», дейишлиги мустаҳабдир. «Тамом ўқинглар», деб лафзни жам қилади. Бу Пайғамбар (с.а.в) нинг сўзлари табарруклиги жиҳатиданки, аҳли Маккага « ҳажжатул видоъ»да айтган эдилар.

Ватани иқомат деб ўн беш кун ё бундан ортиқ кун

туришни ният қилишни айтурлар. Масалан: бир киши бир шаҳар ёки бир қишлоқда туғилган, ё ўсган ё ўйланган бўлса, бошқа шаҳар ё бошқа қишлоққа аҳли ё уй асбоблари билан кўчиб келса, аввалги шаҳар ё қишлоқ ватани аслий бўлмоқдан чиқар. Агар ўша шаҳар ё қишлоққа бориб муқимлик ниятини қилмаса, мусофир бўлиб, тўрт ракаат фарз намозни икки ракаат қилиб ўқийди. Чунки Пайғамбар (с.а.в) нинг аслий муборак ватанлари Маккаи-Муаззамда эди, сўнгра ватанлари Мадинаи-Мунавварада бўлди.

Ватани иқоматни ватани сафар ва ҳам ватани аслий бузади. Масалан, бир киши бир бегона шаҳарда муқим бўлиб турса, ундан кейин иккинчи жойга сафар қилса, ўша замон яна мазкур муқим бўлган жойга қайтиб келса, намозни қаср ўқийди. Ватани аслий ботил қилади деганлари шудир. Ва яна мусофир бўлиш ва муқим бўлиш, қазога қолган намозни ўзгартирмагай. Масалан, сафарда қазо бўлиб қолган тўрт ракаатлик намозни мусофирга икки ракаат ўқишлик лозим эди, муқимликда унинг қазосини ўқимоқчи бўлса, сафарда қазо қилган бу киши икки ракаат ўқийди. Агар муқимликда тўрт ракаатлик намоз қазога қолиб, сафарда ўқимоқчи бўлса, тўрт ракаатни тўлиқ ўқийди.

Мусофир киши рўзасини очиш жоиздур. Жумъа билан икки ийд намози мусофирдан соқит бўлади. Мусофир адо намозда муқимга иқтидо қилса, унга тўрт ракаат намоз ўқишлик лозим бўлади. Қазо намозда мусофирга муқим кишининг иқтидо қилишлиги дуруст эмас. Адо намозда мусофир муқим кишига иқтидо қилса дуруст бўлади. 

Савол:

Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари! Сизга қуйидаги саволларни бермоқчи эдим.

  1. Сафарда намозларни қандай адо этмоғимиз лозим бўлади?
  2. Сафарга чиқиш масофаси қандоқ белгиланади, узунликками ёки кунларгами?
  3. Сафарда масжидда имомга иқтидо қилган ҳолда намозни адо этсак, суннатларини ҳам ўқишимиз лозимми?
  4. Масжидга кирганимизда, имом бошқа мазҳабда намоз ўқиётган бўлса, биз униинг барча ҳаракатларини такрорламоғимиз лозим бўладими?
  5. Сафарда бир масжид имоми фарз намози иккинчи ракъатида рукудан сўнг дуо қилиб, сўнгра сажда қилди, бу ҳолатда биз нима қилмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин! 

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

  1. Бу саволга тўлиқ жавоб бериш учун «Мухтасарул Виқоя»да бу масалада келган матн билан танишиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Унда, жумладан, шундай дейилган: «Мусофир ўз юртининг уйларидан ўртача юриш ила уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир. Бу, қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир. Денгизда эса, кеманинг шамол мўътадил бўлгандаги юришидир. Тоғда эса, ўзига муносиб юришдир.

Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунича ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли намозни қаср қилади.

Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундоқ эмас. Унда, ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.

Агар у қаъдаи улаага ўтириб тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади. Аммо яхши қилмаган бўлади. Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи улаага ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.

Қай бир мусофирга муқим киши вақтли намозда имом бўлса, намозни тўла ўқийди. Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, унинг иқтидоси ботил бўлади. Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.

Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намозингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айтиши мандуб бўлади.

Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас. Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади. Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартирмайди. Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.»

Аллоҳ таоло сафарда намозни қаср қилиб, тўрт ракъатли фарз намозларни икки ракъат қилиб ўқишни шариатга киритган. Чунки сафарнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Сафардаги кишиларга ўша машаққатларни енгиллаштириш учун Аллоҳ таоло меҳрибонлик қилиб тўрт ракъатли намозларнинг ярмини қисқартириб енгиллик берган.

Бу, Аллоҳ таолонинг дийни-Ислом осонлик дийни эканини кўрсатади. Шу билан бир вақтда, намознинг нақадар аҳамиятли ибодат эканини ҳам кўрсатади. Аллоҳ таоло сафарга алоҳида енгил намоз жорий қилиши шунга далил бўлмаса, нимага далил бўлар эди.

Мусофир намозни қаср қилиб ўқиши Қуръон, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Қачонки ер юзида жавлон урганингиз, сизлар¬га намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир» (101-оят), деган. 

Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Умар ибн Хаттобга:

«Сизларга намозни қаср қилишда гуноҳ йўқдир. Агар куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан қўрқсангиз», дейилган. Батаҳқиқ, одамлар эмин бўлдилар?!» – дедим.

«Мен ҳам сен ажабланган нарсадан ажабланиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу – Аллоҳ таоло сизга қилган садақадир. Бас, Унинг садақасини қабул қилинг», дедилар», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Уламолар мусофир киши тўрт ракъатли намозни қисқа-икки ракъатли қилиб ўқишига ижмоъ қилганлар.

Мусофир учун намозни қаср қилиши азиймат бўлиб, ҳукми вожибдир. Унинг учун тўрт ракъатли намозни икки ракъат қилиб ўқиш фарздир. Ундан зиёда қилиш жоиз эмас.

Биз бу масалада ўрганадиган матнларимизда мусофирнинг намозига оид кўпгина ҳукмлар қисқа тарзда баён этилган. Биз уни муфассалроқ шарҳ қилишга уриниб кўрамиз.

«Сафар» луғатда масофани кесиб ўтишдир. Лекин ҳар бир сафар ҳам шаръий аҳкомларнинг ўзгаришига сабаб бўлавермайди. Бунинг учун алоҳида шартларни ўзида мужассам қилган сафар бўлиши лозим.

Шунинг учун, шаръий ҳукмлари ўзгарадиган сафар қиладиган мусофир кимлигини билиб олишимиз лозим бўлади.

Шаръий мусофир бўлган одамга эса намозни қаср қилиб ўқишга, рўза тутмасликка рухсат берилади. У, маҳсига уч кечаю кундуз масҳ тортади ҳамда Жумъа, Ийд намозлари ва қурбонлик қилиш ундан соқит бўлади.

Хўш, ўша мусофир ким ўзи? Бу саволга жавоб қуйидагича:

«Мусофир» ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб ажраган одамдир.

«Ўз юртларининг уйлари» деганда, шаҳарнинг четидаги уйлар кўзда тутилади. Мусофир қайси йўналишда кетаётган бўлса, ўша тарафдаги охирги уйдан ажраганда мусофирлик бошланади. Агар шаҳарга туташган қишлоқ бўлса, ўша қишлоқдан ўтгандан кейин мусофирлик бошланади. 

Имом Муслим ва Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳу¬дан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадийнада Пешинни тўрт ракъат ва асрни Зул Ҳулайфада икки ракъат ўқидим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан бўлсалар ҳам, Мадийнадан чиқмаганлари учун Пешинни тўрт ракъат ўқиганлар. Асрда шаҳар¬дан чиқиб Зул Ҳулайфа деган жойга етиб қолганлари учун намозни қаср қилиб, икки ракъат ўқиганлар.

«Уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб» деган гапни ҳам шарҳ қилишимиз лозим бўлади.

Бунда уч кун юриш ва уч кеча дам олиш бўлиши кўзда тутилган. Бунга далил қуйидагича: 

Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маҳсига масҳ тортиш мусофир учун уч кун, муқим учун бир куну бир кеча», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

Мана шу ҳадисдан уч кунлик сафарни ният қилмаган одам шаръий маънодаги мусофир бўлмас-лиги келиб чиқади.

  1. «Масофани қасд қилиб» дейиш билан, масофани қасд қилмай содир бўлган сафар шаръий ҳукмларга тегишли сафар бўлмаслигини билиб оламиз.

Мисол учун, биров қочиб кетган отини ушлайман деб йўлга чиқса ва бир неча кун унинг ортидан қувиб юрса ҳам намозни тўлиқ ўқийди.

Уч кунлик масофани босиб ўтиш вақтини ҳисоблашда мўътадил юртлардаги энг қисқа кунлар эътиборга олинади. Яъни, кундузи жуда қисқа ёки жуда ҳам узун бўладиган эмас, ўртача бўладиган юртларнинг куни олинади. Ўшанда ҳам, эрталабдан пешингача юргани ҳисобга киради. Қолгани намоз, дам ва овқатланишга чиқарилади. Агар тез юриб, мазкур масофани ундан оз вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам, қаср ўқийди.

Ҳанафий уламоларнинг кўплари: сафарни фарсахлар билан ўлчанмайди, деганлар.

Бошқа мазҳаблар: сафар масофаси тўрт барид бўлса, шаръий сафар ҳисобланади ва унда намозни қаср ўқишга рухсат бўлади, дейдилар.

«Барид» масофа бирлиги бўлиб, бир барид масофа тўрт фарсахга, ҳадисда келган тўрт барид эса ўн олти фарсахга тўғри келади. Бир фарсах 5544 метр, тўрт фарсах эса 22176 метр бўлади. Тўрт барид эса 88704 метр бўлади.

«Барид» луғатда «почта» маъносини билдиради. Илгариги вақтда Ислом ўлкаларида почта ишлари от билан юриб амалга оширилган. Шаҳарлар орасидаги почтахоналар маълум масофага қурилган. Бир барид билан иккинчисининг ораси тўрт фарсах, яъни 22176 метр бўлган. Ҳар почтахона-баридда ходимлар отларини боқиб, шай бўлиб турганлар, аввалги бариднинг ходимлари узоқдан кўриниши билан йўлга тайёр бўлиб отни миниб турганлар. Улар келиб, почтани топшириши билан, от чоптириб, олға босганлар. Биринчи ва иккинчи почтахона орасидаги масофа эса, ўша вақтнинг таомилига кўра «барид» деб айтилган.

Ушбу биз ўрганаётган ривоятга кўра, тўрт барид, яъни 88 км. 704 метр жойга сафар қилган одам мусофир ҳисобланган.

Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра 96 км. масофа сафар масофаси ҳисобланган.

Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган вақт ва шароитда пиёда юриб, ҳар қадамини ўлчаб, уч кунлик йўл 88 км билан 96 км орасида чиқишига гувоҳ бўлдилар.

Улар туяга юк юклаб, юргизиб кўриб ҳам худди шу каби натижанинг гувоҳи бўлдилар.

Ва ниҳоят, икки тарафнинг услуби икки хил бўлса ҳам натижа бир хил экан, деган хулосага келдилар.

Ўртача юриш ила.

Тез юриш ҳам, секин юриш ҳам ҳисобмас.

У, қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир.

Ўртача юриш бўлганда ҳам, отнинг ёки бошқа ҳайвоннинг эмас, туянинг юриши ҳисобидандир. Шунингдек, оддий пиёда юришда уч кун юриладиган сафар бўлиши керак.

Денгизда эса, кеманинг шамол мўътадил бўл¬гандаги юришидир.

Мабодо, денгиз сафари бўлса, ўша вақтдаги шамол кучи билан юрадиган кемаларнинг қаттиқ шамол тургандаги ҳам, шамолсиз қолган вақтдаги ҳам бўлмаган, денгизчилар урфидаги мўътадил юриш ҳисобга олинади.

Тоғда эса, ўзига муносиб юришдир.

Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликда юргандан кўра бошқача юрилади. Яна, тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади.

Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги, саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли намозни қаср қилади.

Бунинг далили қуйидагича.

Умар розияллоҳу анҳу:

«Жумъа намоз икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», – дедилар».

Насаий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қили¬нади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракъат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабида бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ турмоқни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз турмоқни ният қилса, қаср ўқийди.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:

«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юрт¬да ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўла ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқи¬шингни билмасанг, намозни қаср ўқи».

Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундоқ эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.

Биров бир ерда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам намозни қаср қилиб ўқийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср ўқиганлар.

Ибн Умар ва бошқа саҳобаларнинг йўлини Озар¬бойжонда қор тўсиб қолганда, олти ой қаср намоз ўқишган.

Дорул ҳарб (уруш диёри)да, яъни ғайри мусулмонларнинг диёрида қамалда турган одам ҳам қаср ўқийди.

Боғийлар-Ислом давлатига қарши чиққан мусулмонлардир. Уларнинг қамалига тушиб қолганлар ҳам намозни қаср қилиб ўқийдилар. Чунки, бу ҳолатда барқарорлик бўлиши мумкин эмас.

Биров бир ерга ўз ҳожатини чиқариш учун кирса, агар ўн беш кун туришни ният қилган бўлса ҳам, намозни қаср ўқийди. Чунки у ҳожати раво бўлиши билан, қайтиб жўнаб қолиши турган гап.

Агар мусофир қаъдаи улаага ўтириб, тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади. Аммо яхши қилмаган бўлади.

Чунки у Аллоҳ таоло берган имкондан фойдаланмади. Шу билан бирга, у икки ракъат қаср намоздан кейин бериладиган саломни кечга сурди.

Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар қаъдаи улаага ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.

Яъни, кейинги икки ракъат унинг учун нафл намоз ўрнига ўтади. Мусофир намозни тўлиқ ўқиганда икки ракъатдан кейин ўтирмаган бўлса, ўқиган фарз намози намоз бўлмайди. Бошқа ўқиши лозим.

Қай бир мусофирга муқим киши вақтли намозда имом бўлса, намозни тўла ўқийди.

Фарз вақтида ўқилаётган намозда муқимга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам, имомга эргашгани учун, тўрт ракъатга айланади. Шунинг учун, агар муқим имом янглишиб биринчи икки ракъатдан кейин қасдан ёки унутиб бир ташаҳҳуд миқдорича ўтирмаса ҳам, мусофирнинг намози тўғри бўлаверади, албатта, имом саждаи саҳв қилса, чунки, мусофир муқимга эргашгани туфайли уни намози ҳам тўрт ракъатга айланиб қолади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича: 

Имом Муслим ривоят қилади:

«Нофеъ: «Ибн Умар имом билан ўқиса, тўрт ракъат, ўзи ёлғиз ўқиса, икки ракъат ўқир эди», деди.

Вақт ўтгандан кейин муқим киши мусофирга имом бўлмайди.

Агар такбири таҳримани айтишга вақт қолган бўл¬са, иқтидо қилса, бўлади. Аммо вақт чиқиши билан, мусофир муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас.

Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бў¬лади.

Агар вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади.

Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.

Яъни, мусофир имом бўлиб, муқим муқтадий бўлганда, имом салом бериши билан муқтадий туриб, қолган икки ракъатни ўзи ўқиб намозини тугал қилади.

Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намо¬зингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айти¬ши мандуб бўлади. 

Имом Абу Довуд ва Термизий қилган ривоятда Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. Сўнгра у зот билан Фатҳда ҳозир бўлдим. Бас, у зот Маккада ўн саккиз кеча намозни фақат икки ракъатдан ўқиб турдилар. Шунда «Эй аҳли Макка, тўрт ракъат ўқинглар, биз мусофирмиз», – дер эдилар».

Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.

«Ватани аслий» (аслий ватан) деганда, туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур ердан оила қуриши шарт эмас.

Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги ватани аслийси аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.

Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. У кишининг ватани аслийлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса, Мадийна у зотга ватани аслий бўлди. Ҳижратдан кейин Мадийнадан Маккага келганларида, ватани аслий Мадийна ўзининг мисли Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.

Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат, бирор боғланиш каби нарсалари қолмаган бўлса, тўғри бўлади.

Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.

Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.

Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади.

«Иқома ватани»-вақтинчалик яшаш макони. Унда мусофирнинг аҳли бўлмайди, ҳамда у бу ерда ўн беш кун ва ундан кўп яшашни ният қилган бўлади.

Ана шундоқ иқома ватанини ўзига ўхшаш бошқа иқома ватани ботил қилади. Яъни, киши эски иқома ватанидан янги иқома ватанига ўтса, эскисига оид ҳамма ҳукмлар ўз кучини йўқотади.

Шунингдек, сафар бошланиши билан ҳам иқома ватанига оид ҳукмлар ўз кучини йўқотади. Чунки, сафар иқома ватанини бузади.

Ватани аслий иқома ватанини бузиши турган гап. Чунки, ватани аслий ватани иқомадан кучлидир.

Сафар ва унинг зидди қазо намозни ўзгартир¬майди.

Сафарнинг зидди ҳазардир. «Ҳазар» дегани «сафармас ҳолат», «ҳозир турган ҳолат» деганидир.

Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш пайтининг унинг қандоқ ўқилишига таъсири йўқлигидандир.

Мисол учун, биров сафарда қазо намоз ўқимоқчи бўлса, намозни қай ҳолда қазо қилгани эътиборга олинади. Агар ҳазарда қазо қилган бўлса, гарчи унинг қазосини сафарда ўқиётган бўлса ҳам, тўлиқ ўқийди. Сафарда қазо қилинган намозни ҳазарда ўқиётган бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди.

Маъсият сафари рухсатларда бошқаларига ўхшайди.

Чунки, ифтор ва қасрга рухсат берган оят ҳамда ҳадисларда сафарнинг қандоқ бўлиши шарт қилинмаган. Уларда умумий «сафар» истилоҳи ишлатилган. 

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз тоҳаратхонадан келса ёки аёлларига яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинг» (6-оят), деган. 

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Қачонки ер юзида жавлон урганингиз, сизлар¬га намозни қаср қилишингизда гуноҳ йўқдир» (101-оят), деган.

  1. Сафарда юриб турганда суннатларни ўқимаса, бўлади. Аммо жойлашиб олгандан кейин суннатлар ҳам ўқилади.
  2. Бошқа мазҳабдаги имомга иқтидо қилганда унга эргашилади.
  3. Афтидан ўша сафардаги намоз Бомдод ва имом Шофеъий мазҳабида экан. Бу ҳолда сиз имомга эргашасиз. Яъни, у қунут дуосини ўқиб бўлгунча кутуб турасиз ва бирга қўшилиб сажда қиласиз. Худди шундай қилган бўлсангиз ҳам керак. Валлоҳу аълам. 

Сафарда Пешин, Аср ва Хуфтон намозларини қаср қилиб ўқиш вожибдир. Бомдод, Шом ва Витр намозлари қаср қилинмайди.

صَلَّى الْفَرْضَ الرُّبَاعِيَّ رَكْعَتَينِ وَاحْتَرَزَ بِالْفَرْضِ عَنِ السُّنَنِ وَالْوِتْرِ وَ عَنِ الْفَجْرِ وَالْمَغْرِبِ.

«Тўрт ракъатли фарз намозини икки ракъат қилиб ўқийди. Фарз дейиш билан суннат ва витрдан, бомдод ва шомдан иҳтироз қилинди» (Раддул мухтор).

Витр намози вожиб бўлиб, у сафарда тарк қилинмайди. Лекин сафар мобайнида суннатларни ўқиш ёки ўқимаслик тўғрисида бир неча ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, уламоларимиз уларга асосланган ҳолда «Агар мусофир киши бирор жойдан қўним топса ёки сафар мобайнида шошилмаса ёки самолёт, поезд каби сафар воситаларига улгурмай қолиш хавфи бўлмаса ёки шерикларини куттириб қўйиш заҳмати бўлмаса, фарз намозлари билан бирга ўқиладиган суннат намозларни ўқиш афзал», деганлар. Хусусан, Бомдод ва Шом намозларининг суннатларини ўқишни алоҳида таъкидлаганлар. Қолаверса, суннатларни шаҳардан ташқарида машина ичида ўқиб кетиш жоиз. Фарзлар эса, уловдан тушиб адо этилади.

Аллома Ибн Обидийн ўзларининг «Раддул-Мухтор» китобларида қуйидагиларни баён қиладилар:

يَأْتِي الْمُسَافِرُ بِالسُّنَنِ إِنْ كَانَ فِي حَالِ أَمْنٍ وَ قَرَارٍ وَ إِلا بِأَنْ كَانَ فِي خَوْفٍ وَ فِرَارٍ لا يَأْتِي بِهَا هُوَ الْمُخْتَارُ.

«Мусофир қўрқув ва қочиш ҳолатида бўлмай омонликда ва бирор жойда қарор топиб турган бўлса, мухтор қавлга биноан суннатларни ўқийди» (Дуррул мухтор).

Мусофир ўз аҳли аёлига моддий ва маънавий нарсаларни қолдириб чиқар экан, қолдирган нарсаларининг ичида энг афзали, Аллоҳнинг раҳматига, баракотига сабаб бўлгувчиси икки ракъат нафл намоздир. 

عن المطعم بن مقدام قال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مَا خَلَّفَ عَبْدٌ عَلَى أَهْلِهِ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يَرْكَعُهُمَا عِنْدَهُمْ حِيْنَ يُرِيدُ السَّفَرَ.

Мутъим ибн Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафарга чиқувчи одам хонадон аҳлига сафар олдидан ўқиладиган икки ракъат намоздан афзалроқ нарса қолдирмабди» (Канз ул-Уммол). 

Саҳобалар, тобиинлар жумҳури ва Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ижмоъсига кўра, мусофир фарз намозларини қаср қилиб ўқиши вожибдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки:

«Мен кўп бор Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламга кўп сафарларда ҳамроҳ бўлдим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозларини икки ракъатдан оширмас эдилар».

Бухорий ривоят қилганлар.

Аллома Айний «Умдатул Қорий» китобида ибн Умардан ривоят қилиб айтадиларки: 

صَلاةُ السَّفَرِ رَكَعَتَانِ مَنْ تَرَكَ السُّنَّةَ فَقَدْ كَفَرَ (الديلمى عن ابن عمر)

«Сафар намози икки ракъатдир. Кимки мана шу (суннат)ни тарк қилса, Аллоҳнинг берган неъматига ношукурчилик қилибди».

Намозни қаср қилиб ўқиш вожиб бўлгани сабабли унга хилоф қилиш гуноҳ ҳисобланади. Аллома Нужайм «Бахрур роиқ» китобида қуйидагиларни айтадилар: 

وَالْمُرَادُ وُجُوبُ قَصْرِهَا حَتَّى لَوْ أَتَمَّ فَإِنَّهُ آثِمٌ عَاصٍ 

«У (намоз)ни қаср қилиб ўқиш вожиблиги муроддир. Агар тўлиқ ўқиса, у гуноҳкор, осий бўлади» (Баҳрур роиқ).

«Ҳадисларда келган «қаср»дан мурод унинг вожиблигидир. Агар мусофир намозларини қаср қилмай, тўлиқ ўқиса, у гуноҳкор бўлади. Мусофирнинг намозларини қаср қилмай ўқиши макруҳи таҳримий бўлади ва ўша намозларнинг вақти чиқмаган бўлса, бошқатдан ўқиб олиши лозим бўлади. Мусофир намозни тўлиқ ўқиши билан тўрт хил вожибни тарк қилган бўлади: 1. Қаср қилишнинг вожиблиги тарк қилинади; 2. Мусофирнинг ҳаққида аввалги қаъда фарз саналади. Шунинг учун иккинчи ракъатдан сўнг салом бериши вожибдир. Демак, тўлиқ қилиб ўқишда иккинчи ракъатдан кейинги салом бериш, яъни вожиб амал тарк қилинади; 3. Мусофирнинг учинчи ва тўртинчи ракъатлари нафл саналиб, уларга алоҳида такбири таҳрима вожиб бўлади. Тўрт ракъат ўқиганда эса ўша такбири таҳрима тарк қилинган бўлади; 4) Нафлни қасддан фарзга қўшиб юбориш. Бу эса мутлақо жоиз эмасдир» (Дурр ал Мухтор). 

فَلَوْ أَتَمَّ مُسَافِرٌ إنْ قَعَدَ فِي الْقَعْدَةِ (الْأُولَى تَمَّ فَرْضُهُ وَ) لَكِنَّهُ (أَسَاءَ) لَوْ عَامِدًا لِتَأْخِيرِ السَّلَامِ وَتَرْكِ وَاجِبِ الْقَصْرِ وَوَاجِبِ تَكْبِيرَةِ افْتِتَاحِ النَّفْلِ وَخَلْطِ النَّفْلِ بِالْفَرْضِ، وَهَذَا لَا يَحِلّ.ُ

«Мусофир намозни тўлиқ қилиб ўқиб, аввалги қаъдада ўтирса, фарз тўлиқ бўлиб, тамом бўлади. Лекин, у саломни ўз вақтидан кечиктиргани, қаср вожибини тарк қилгани, нафлни такбири таҳримасини тарк қилгани ва нафл билан фарзни аралаштириб юборгани учун гуноҳкор бўлади. Бундай қилиш ҳалол эмас» (Дуррул мухтор). 

Мусофир бирорта қишлоқ ёки шаҳарга келиб, намоз ўқиса ва намозининг орасида ўн беш кундан ортиқ қолишни ният қилса, унинг нияти шаръан дуруст бўлиб, намозининг ичида муқимга айланади ва ундан сафар ҳукмлари соқит бўлади. Хоҳ у ёлғиз ўқисин, хоҳ жамоат билан бўлсин, хоҳ масбуқ (иқтидо қилиб, биринчи ёки иккинчи ракъатга улгурмаган) бўлсин, хоҳ намознинг аввали ёки ўртаси ёки охири бўлсин. Чунки намоздаги ҳолатлар бир неча хил бўлиши мумкин:

– Агар намоз ўқиётган мусофир пешин, аср ёки хуфтон намозларининг иккинчи ракъатидан сўнг, салом беришидан олдин муқимликни ният қилса, унинг намозлари тўрт ракъатга айланади.

– Агар мусофир иккинчи ракъатнинг қаъдасидан кейин эсидан чиқиб, учинчи ракъатга туриб кетса ва учинчи ракъатга сажда қилишидан олдин иқоматни ният қилса, у муқимга айланиб, намози тўрт ракъат фарз бўлади. Лекин рукуъдан кейин ният қилса, қиём, қироат, рукуъни қайтадан қилади. Чунки ниятдан олдин нафл эди, ниятдан кейин фарзга айланди.

– Агар учинчи ракъатнинг саждасидан кейин муқимликни ният қилса, намози ўзгармайди, яъни нафллигича қолиб, унга бир ракъат қўшиб, тугатади ва учинчи, тўртинчи ракъатлар нафл бўлади.

– Агар иккинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтирмасдан, туриб кетиб, учинчи ракъатга сажда қилишдан олдин иқоматни ният қилса, унинг нияти эътиборга олиниб, тўрт ракъат фарз бўлади. Аввалги қаъдага ўтирмаганлиги учун саждаи саҳв қилади.

– Агар иккинчи ракъатдан кейин қаъдага ўтирмаса ва учинчи ракъатнинг саждасини қилса, намозниннг фарзлиги ботил бўлиб, нафлга айланади. Унга бир ракъат қўшиб, охирида саждаи саҳв қилиб, тугатади. Бошқатдан тўрт ракъат фарзни ният қилиб адо этади.

– Агар имом мусофир бўлиб, иқтидо қилувчи муқим бўлса, имом иккинчи ракъатдан кейин салом беради. Иқтидо қилувчи эса салом бермасдан, учинчи, тўртинчи ракъатларни қироат қилмасдан, қиёмда бир оз (бир тасбеҳ миқдорича) туриб, рукуъ ва сажда қилиб, намозини тугатади. 

إذَا نَوَى الْإِقَامَةَ قَبْلَ أَنْ يُقَيِّدَ الثَّالِثَةَ بِسَجْدَةٍ) أَيْ فَإِنَّهُ إذَا نَوَاهَا حِينَئِذٍ صَحَّتْ نِيَّتُهُ وَتَحَوَّلَ فَرْضُهُ إلَى الْأَرْبَعِ

«Мусофир учинчи ракъатни саждасини қилмай иқоматни ният қилса, яъни ўша пайт ният қилса, нияти дуруст бўлади ва фарзи тўрт ракъатли фарзга айланади» (Дуррул мухтор). 

Фиқҳ китобларимизда мусофир ва муқим кишилар учун намозда қироат қилишлари суннат бўлган оятлар миқдори баён қилинган. Жумладан, муқим киши учун Бомдод ва Пешин намозларида «Ҳужурот» сурасидан «Буруж» сурасигача ўқиш, Аср ва Хуфтон намозларида эса узунлиги ўртача бўлган сураларни, яъни «Буруж»дан «Баййина»гача бўлган оралиқдаги сураларни ўқиш, Шомда эса «Баййина»дан «Наас» сураларигача ўқиш суннатдир. Агар мусофир хотиржам ҳолатда бўлса, унинг учун ҳам муқимга суннат бўлган сураларни зам қилиш афзалдир. Мабодо хотиржам бўлмаса, тоқати етгунича ўқиса бўлади.

وَأَمَّا التَّسْبِيحَاتُ فَلا يَنْقُصُهَا عَنِ الثَّلاثِ.

«Мусофир одам учун рукуъ ва саждадаги тасбеҳлар миқдорини учтадан камайтириш жоиз эмас» («Раддул-Мухтор») 

Киши намоз вақти киргандан кейин уйидан сафарга чиқса ва ўзининг шаҳар ёки қишлоғидан чиқмасдан олдин ўша намозни ўқиса, тўлиқ қилиб ўқийди. Шаҳар ёки қишлоғидан чиқиб кетган бўлса, қаср қилиб ўқийди.

إِذَا كَانَ الرَّجلُ مُقِيماً فِي أَوَّلِ الوَقتِ فَلَم يُصَلِّ حتى سافر في آخر الوقت كان عليه صلاة السفر وإن لم يبق من الوقت إلا قدر ما يسع فيه بعض الصلاة

«Бир киши намознинг аввалги вақтида муқим ҳолда бўлиб, намозини ўқимаган бўлса, вақтни охирида эса, сафарга чиқиб кетса, қаср қилиб адо қилади. Гарчи, мусофир бўлганида вақтдан намознинг бир қисми сиғадиган қолган бўлса ҳам» (Баззозия)

Бир киши намоз вақти кирганида мусофир эди, агар мусофирлигида ўша намозни ўқимаган бўлиб, ватанига кириб келиб ўқиса, тўлиқ ўқийди, агар мусофирлигида ўқиса, қаср қилиб ўқийди. 

Бир киши намоз вақти кирганда сафар ниятида шаҳридан чиқса, йўлда ўша намозни қаср қилиб ўқиса, сўнг сафарни бекор қилиб, уйига қайтса, ҳалиги намозини қайта ўқимайди.

لَوْ خَرَجَ مُسَافِرٌ مِنْ بَلَدِهِ وَجَاوَزَ الْعِمْرَانَ وَ صَلَّى الظُّهْرَ رَكْعَتَينِ ثُمَّ تَرَكَ السَّفَرَ لَمْ يُعِدْ مَا صَلَّى.

«Мусофир ўз шаҳаридан чиқиб, обод жойлардан ўтиб кетиб, пешин намозини қаср қилиб ўқиса, сўнг сафарини бекор қилиб, шаҳрига қайтса, қаср қилиб ўқиган намозини қайтариб ўқимайди» («Сирожия») 

Қачонки бир одам сафарда намоз ўқиса, сўнг ватанига келиб, сафардаги намозлари намоз бўлмаганини билса, бу пайтда ўқиган намозининг вақти чиқмаган бўлса, қайтадан тўлиқ ўқийди. Агар вақти чиқиб кетган бўлса, қаср қилиб ўқийди.

لَوْ صَلَّى الظُّهْرَ أَرْبَعًا ثُمَّ سَافَرَ أَيْ فِي الْوَقْتِ فَصَلَّى الْعَصْرِ رَكْعَتَينِ ثُمَّ رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ لِحَاجَتِهِ فَتَبَيَّنَ أَنَّهُ صَلاهُمَا بِلا وُضُوءٍ صَلَّى الظُّهْرَ رَكْعَتَينِ وَالْعَصْرِ أَرْبَعًا لأَنَّهُ كَانَ مُسَافِرًا فِي آخِرِ الْوَقْتِ الظُّهْرِ وَمُقِيمًا فِي الْعَصْرِ.

«Пешинни тўрт ракъат қилиб ўқиб, пешин вақти чиқиб кетмай туриб сафарга чиқди ва йўлда асрни икки ракъат қилиб ўқиди. Сўнг сафарини бекор қилиб уйга қайтса, ўқиган иккала намозини ҳам таҳоратсиз ўқигани маълум бўлса, пешинни икки ракъат, асрни эса, тўрт ракъат қилиб ўқийди. Чунки, у пешинни охирги вақтида мусофир, асрнинг охирги вақтида эса, муқимга айланган эди» («Раддул мухтор»). 

Ҳамма мусофирларнинг намозларни тўлиқ ўқиши макруҳи таҳримийдир (яъни ҳаромга яқин макруҳ). Шариати Исломияда бирор-бир гуноҳ ишни қилишга қасам ичиш жоиз эмасдир. Сафарда намозларни тўлиқ ўқиш гуноҳ бўлиб, бирор киши «Намозларимни тўлиқ ўқийман», деб қасам ичса, бу қасами ножоиз саналади. Бундай қасам бекор бўлади ва у одам намозларини қаср қилиб ўқиб, ичган қасами учун каффорот тўлайди.

Аммо, қасам ичмасдан намозларини тўлиқ ўқийверса, каффорот вожиб бўлмайди-ку, лекин гуноҳкор бўлади. Тўлиқ ўқиганда иккинчи ракъат қаъдасида ўтирган бўлиши шарт. Акс ҳолда намози намоз бўлмайди. 

Фарз намозларининг дуруст бўлиши учун ўша намознинг қайси намоз эканини, мисол учун, «Аср намози», «Шом намози» деб айтиш кифоя қилади. Ракъатларнинг ададини таъкидлаш шарт эмас. Шунинг учун мусофир адашибми ёки қасдданми, «Тўрт ракъат», деб ният қилса ҳам унга икки ракъат фарз бўлади. Шунингдек, мусофир ўзининг намозлари учун ният қилганда «қаср» сўзини қўшиб айтиши шарт эмас, балки «Фалон намознинг фарзини ўқишга ният қилдим», дейиши кифоя.

Агар мусофир адашиб, тўрт ракъат ўқиб юборса, унинг икки хил ҳолати бор.

  1. Агар икки ракъат ўқиганидан кейин аввалги қаъдага ўтирмасдан, учинчи ва тўртинчи ракъатларни ўқиса, унинг фарзи ботил бўлиб, қайтадан икки ракъат ўқиши вожиб бўлади. Ўқиган тўрт ракъат намози нафл бўлиб қолади.
  2. Агар иккинчи ракъатдан кейин аввалги қаъдага ўтирса, сўнг учинчи ва тўртинчи ракъатларга турса, биринчи ва иккинчи ракъатдаги фарзи адо бўлиб, учинчи ва тўртинчи ракъатлар нафлга айланади.

( فَلَوْ أَتَمَّ مُسَافِرٌ إنْ قَعَدَ فِي ) الْقَعْدَةِ ( الْأُولَى تَمَّ فَرْضُهُ وَ ) لَكِنَّهُ ( أَسَاءَ ) لَوْ عَامِدًا لِتَأْخِيرِ السَّلَامِ وَتَرْكِ وَاجِبِ الْقَصْرِ وَوَاجِبِ تَكْبِيرَةِ افْتِتَاحِ النَّفْلِ وَخَلْطِ النَّفْلِ بِالْفَرْضِ، وَهَذَا لَا يَحِلُّ كَمَا حَرَّرَهُ الْقُهُسْتَانِيُّ بَعْدَ أَنْ فَسَّرَ أَسَاءَ بِأَثِمَ وَاسْتَحَقَّ النَّارَ ( وَمَا زَادَ نَفْلٌ ) كَمُصَلِّي الْفَجْرِ أَرْبَعًا ( وَإِنْ لَمْ يَقْعُدْ بَطَلَ فَرْضُهُ ) وَصَارَ الْكُلُّ نَفْلًا لِتَرْكِ الْقَعْدَةِ الْمَفْرُوضَةِ إلَّا إذَا نَوَى الْإِقَامَةَ قَبْلَ أَنْ يُقَيِّدَ الثَّالِثَةَ بِسَجْدَةٍ لَكِنَّهُ يُعِيدُ الْقِيَامَ وَالرُّكُوعَ لِوُقُوعِهِ نَفْلًا فَلَا يَنُوبُ عَنْ الْفَرْضِ وَلَوْ نَوَى فِي السَّجْدَةِ صَارَ نَفْلًا.

«Мусофир сафар давомида намозларини қас қилиб ўқиш ўрнига тўлиқ ўқиса ва аввалги қаъдада ўтирса, фарз адо бўлади. Лекин, саломни кечиктиргани учун, вожиб бўлган қасрни тарк қилгани учун, нафлнинг такбири таҳримасини тарк қилгани учун тўлиқ ўқигани учун, нафлни фарзга қориштириб юборгани учун гуноҳкор бўлади. Қуҳистоний «асоа» лафзини гуноҳкор бўлиш ҳамда дўзахга мустаҳиқ бўлишлик билан тафсир қилгани кўра бундай қилиш ҳалол эмас. Икки ракъатдан зиёдаси бомдод намозини тўрт ракъат қилиб адо қилинганда, икки ракъати нафл бўлгани каби мусофирнинг учинчи ва тўртинчи ракъатлари нафл бўлади (Муқим киши мусофирнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларига иқтидо қилса, намози намоз бўлмайди). Агар мусофир фарз бўлган аввалги қаъдага ўтирмаса, фарз ботил бўлади ва аввалги қаъдани тарк қилгани учун тўрт ракъат қилиб ўқилган фарз намоз нафлга айланади. Агар учунчи ракъатнинг саждасини қилишдан аввал муқимликни ният қилса, намози намоз бўлади. Лекин, учинчи ракъатнинг қиём ва рукуъсини қайтадан қилади. Агар учинчи ракъатни саждасида муқимликни ният қилса, намози нафлга айланади ва қайтариб, тўрт ракъат қилиб ўқийди. Чунки, у намоздаги нияти билан муқимга айланди» («Раддул мухтор»). 

Мусофир учун намозларини қасддан тўлиқ ўқиши макруҳи таҳримийдир.

Шунинг учун у бундай ҳолатда, гарчи охирида саждаи саҳв қилган бўлса ҳам, намозини қайтадан ўқиб олиши вожибдир.

وُجُوبُها فِي الوَقتِ وَبَعدَهُ أَي بِنَاءً عَلَى أَن الإِعادَةَ لا تَختَصُّ بِالوَقتِ

«Макруҳи таҳримий бўлиб ўқилган намозни ҳатто вақти чиқиб кетган бўлса ҳам қайтадан ўқиш вожибдир» (Раддул мухтор).

Мана шу қайта ўқиладиган намознинг фарз ёки нафл экани тўғрисида фуқаҳолар бир неча фикрларни айтганлар. «Раддул-Мухтор» китобининг соҳиби аллома Ибн Обидийн қуйидагиларни айтганлар:

(وَالْمُخْتَارُ أَنَّهُ) أَيْ الْفِعْلُ الثَّانِي جَابِرٌ لِلأَوَّلِ بِمَنْزِلَةِ الْجَبْرِ بِسُجُودِ السَّهْوِ، وَبِالأَوَّلِ يَخْرُجُ عَنِ الْعُهْدَةِ وَإِنْ كَانَ عَلَى وَجْهِ الْكَرَاهَةِ عَلَى الأَصَحِّ.

«Мухтор қавлга биноан қайта ўқилган намоз саждаи саҳв каби аввалги намозни тўлдиргувчисидир. Аввалги намоз билан фарз зиммасидан соқит бўлади, гарчи макруҳлик билан адо бўлсада. Шу гап саҳиҳдир».

وَالْمُخْتَارُ أَنَّ الْمُعَادَةَ لْتَرْكِ وَاجِبٍ نفل جابر وَالْفَرْضُ سَقَطَ بِالأَوْلَى لأَنَّ الْفَرْضَ لا يَتَكَرَُّ.

«Қайтадан ўқилган намоз саждаи саҳв даражасида бўлиб, нуқсон билан ўқилган аввалги намозни тўлдирувчи ҳисобланади. Яъни аввалгиси фарз, кейингиси нафл бўлади. Нуқсон билан ўқилган намоз билан зиммасидан фарз макруҳлик билан соқит бўлади. Чунки фарз такрор-такрор ўқилмайди» (Мароқил фалоҳ).

Мабодо мусофир киши муқимларга имомликка ўтса-ю, намозни тўлиқ ўқиб қўйса, муқим кишилар ўша намозни қайтадан ўқиш фарз бўлади.

Агар мусофир билмасдан, тўлиқ тўрт ракъат ўқиб қўйса, бу ҳолда унинг намозининг дуруст бўлишида икки хил кўриниш бор:

  1. Агар мусофир намозини тўлиқ ўқиб, аввалги қаъдада ўтирса, фарзи тўлиқ тамом бўади, лекин учинчи ва тўртинчи ракъатларни қўшганлиги учун гуноҳкор бўлади. Зотан, мусофирларга иккинчи ракъатдан кейин ўтириш фарз эди.
  2. Агар аввалги қаъдада ўтирмаган бўлса, ўша намозининг фарзи ботил бўлиб, нафлга айланиб қолади ва намозини қайтадан ўқиши вожиб бўлади.

 

Қуръони Каримнинг «Нисо» сураси, 103-ояти билан намоз вақтлари белгилаб қўйилган бўлиб, фарз экани собитдир. Икки намозни жамлашнинг маъноси шуки, биринчи намоз учун белгиланган вақтнинг охири, иккинчи намоз учун эса аввалги вақти олинади. Аслида эса ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилган бўлади, яъни суратан жамланади, вақт жиҳатидан эса, ўз вақтида ўқилинган бўлади.

Дарҳақиқат, бизнинг Имоми Аъзам мазҳабимизда икки фарз намозини бир вақтда жамлаб ўқиш фақат арафа куни учун хос бўлиб, Арофатда Пешин билан Аср, Муздалифада Шом билан Хуфтон жамланади.

Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳу марҳамат қиладилар:

«Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор намозни ўз вақтидан бошқа вақтда

 

Манба: fiqh.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

507 марта ўқилди

Мақолалар

Top