Фиқҳ

Кўзи ожиз одам имомга ўтса бўладими?

Кўзи ожиз одам, агар олим бўладиган бўлса, унинг жаноза намози ўқиши ҳам, бошқа намозларни ўқиб бериши ҳам жоиздир. 

Фиқҳ китобларида кўзи ожиз одамнинг мукаммал таҳорат қилиши қийин кечгани сабабли унинг имом бўлмаслиги авло, дейилади. Бироқ ундан кўра бошқа имомликка лойиқ киши топилмаса, унинг имом бўлиши яхшидир. Чунки илмли одам кўзи ожиз бўлса ҳам парҳезкор бўлади, одамларда шубҳа уйғотадиган ишлар қилмайди. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинадан сафарга чиққанларида кўзи ожиз бўлса ҳам Абдуллоҳ ибн Умми Мактум (розияллоҳу анҳу)ни ўз ўринларига қўйиб кетар эдилар. У саҳобаларга намоз ўқиб берарди (Имом Абу Довуднинг Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривояти). 

Демак, кўзи ожиз одамнинг намози, агар у имомликка лойиқ ва муносиб бўлса, дурустдир.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

1483 марта ўқилди

Мақолалар

Top