Фиқҳ

Уринотерапия ёхуд пешоб билан даволашнинг ҳукми қандай?

Айрим ижтимоий йўналишдаги босма оммавий ахборот воситаларида берилган уринотерапияга бағишланган мақолаларда пешобнинг кўп касалликларга даво экани ҳақида ёзилмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Сўраган эдингиз” номли китобларида ушбу масала юзасидан юборилган саволга қуйидагича жавоб берилган: 

“Аллоҳ таоло Ўзи ҳаром қилган нарсаларни бандаларига шифо қилмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сийдикдан сақланинглар, чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, деганлар. 

Ўзини кўрсатиш билан фахрланадиган, табибликни даъво қиладиган айримларнинг уринотерапия орқали даволайман, деб жар солиши яхши эмас. Ҳолбуки, инсон табиатига мутлақо зид, ҳаром нарсада қандай даво ёки шифо бўлиши мумкин? 

Шамсиддин ибн Жавзиянинг “Тиббун набавий” номли асари Ислом оламида жуда машҳур. Шу асарнинг бирон жойида пешоб билан даволаш ҳақида гап йўқ. Ёки Ибн Сино бобомизнинг “Тиб қонунлари” номли асари ҳам бундай “шифо”лардан буткул йироқ. Шунча покиза неъматлар, қанчадан-қанча соф доривор гиёҳлар турганида пешоб билан даволаш деган сўзнинг ўзи уят. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин”.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

2077 марта ўқилди

Мақолалар

Top