Ҳадиси шариф

Имом насаий

Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар.

Бу зот китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти имомнинг биридурлар. Асҳоби ҳадислар ичида асллар аҳлининг имоми ва пешқадами эдилар. Ёшлари ўн бешга етганда Қутайба ибн Саъид ал-Балхийнинг ҳузурларига бориб, бир йилу икки ой давомида ҳадис эшитадилар.

Имом Насаий илм талаб қилиб Хуросон, Ҳижоз, Миср, Ироқ, Арабистон ярим ороли, Шом каби юртларни кезиб чиқдилар. Сўнгра Мисрда «ал-Қанадийл» номли машҳур китоб бозори бўлган тор кўчада яшадилар. Бу зотнинг ҳузурларига ҳадис эшитиш учун ҳуффозлар ташриф буюришар эди. Ана шу вақтда бу кишига тенг келадиган киши топилмас эди. У зотнинг сифатларини зикр қилиб Дора Қутний айтадилар: «Абу Абдураҳмон ҳадис илмида эсга олинганларнинг муқаддами эдилар». Ибн ал-Асийр «Жомиъ ул-Усул» китобида: «Насаий Шофеъий мазҳабида эдилар ва шу мазҳабда «Ҳаж» китоблари бор. У киши тақволи, талабчан бўлиб Довуд пайғамбарнинг рўзасида давомли эдилар», деб айтадилар. Бу зот ровийларни ўз вақтида жароҳатлаб, ўз вақтида таъдил этардилар. Шунинг учун жарҳ ва таъдиллари уламолар орасида эътиборлидир.

Имом Насаий таълиф этган китоблари қуйидагилар: «Сунани кубро ва суғро», «Хасоису фий фазли Али ибн Абу Толиб ва оли байт», «Китобу зуафо вал матрукийн», «Маносику Насаий», «Жамъу муснад Молик ибн Анас ва муснад Али ибн Абу Толиб».

Имом Насаийнинг «Ас-Сунан ал-Кубро» китоблари аввалига кўпгина заиф ҳадисларни ҳам ўз ичига олган эди. Кейин эса, заиф ҳадисларни олиб ташлаб, саҳиҳларини қолдирганлар ва бу китобларини «Ал-Мужтабаъ» деб номлаганлар. Мазкур китоб бизнинг вақтимизгача етиб келган.

Имом Насаийнинг «Ал-Мужтабаъ»ни ёзишларига сабаб, у киши «Ас-Сунан ал-Кубро» китобини ёзгач, Рамла деган жойнинг амирига тақдим қилганларида, амир: «Бунинг ҳаммаси саҳиҳми?» деб сўраган. Имом: «Бунда саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам бор», дедилар. Шунда амир саҳиҳларини ажратишни сўради. Шу муносабат билан Имом Насаий «Ас-Сунан ал-Кубро» китобларидан саҳиҳ ҳадисларни танлаб «Ал-Мужтабаъ» ёки «Ас-Сунан ас-суғро» деб номланган китобни ёздилар.

Бу китоб олтита «Саҳиҳ» деб номланган китобнинг биридир. У биринчи марта 1256 ҳижрий санада Ҳиндистонда чоп этилган ва энг ишончли ҳадис китобларидан ҳамда ҳадис уламолари тарафидан заиф ҳадислари энг кам ва мажруҳ кишилари йўқ китоблардан деб тан олинган. Бу ўринда Абу Довуд ва Термизий ҳадисларига солиштирилади. Шунингдек, бу китоб ҳадисларни бир ўриндагина келтиришга, зарурат туғилгандагина бошқа жойда ривоят қилишга эҳтимом қилади. Шу вақтнинг ўзида ҳадислардан фиқҳ ҳукмларини, иллатлари баёни билан чиқаришга эътибор беради.

Имом Насаий китобларига кўплаб шарҳлар ёзилган. Бу зотнинг устозлари эса қуйидагилардир: Аҳмад ибн Абдата аз-Забйи, Аҳмад ибн Манийъ, Башир ибн Муоз ал-Ақдий, Ҳасан ибн Сабоҳ, Муҳаммад ибн Исмоил ибн Айла Димашқий, Муҳаммад ибн Аббон ал-Балхий, Али ибн Ҳожар, Амр ибн Зирората ал-Калбий, Исо ибн Муҳаммад ар-Рамлий, Муҳаммад ибн Ҳошим ал-Баълабаккий, Исҳоқ ибн Шоҳийн, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Мансур, Исҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Иброҳим ибн Саид ал-Жавҳарий, Иброҳим ал-Жавжоний, Исо ибн Ҳаммод, Ҳишом ибн Аммор ва бошқалардир.

Имом Насаийдан Аҳмад ибн Умайр ибн Жавсо, Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Маллас, Абулқосим ибн Абул Ақб, Абул Маймун ибн Рашид, Абу Али ат-Табароний, Абу Жаъфар ат-Таҳовий ва бошқалар ривоят қилишган.

Муҳаммад ибн Мусо ал-Маъмуний айтадилар: «Имом Насаий Абу Бакр ва Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу фазилатларини ташлаб, Али розияллоҳу анҳуни фазилатлари ҳақидаги «Ал-Хасоис» китобини ёзди деб, уни қабул қилмай инкор қилаётган қавмни кўрдим. Бу ҳақда Имом Насаийга айтганимда шундай дедилар: Димашққа кириб Али розияллоҳу анҳудан узоқлашганлар кўпайганини кўриб, «Ал-Хасосис» китобини тасниф қилдим ва Аллоҳдан уларни ҳидоятга бошлашини умид қилдим».

Бу зот таваллуд топган Нисо шаҳри ҳақида маълумот: Шаҳарнинг Нисо деб аталишига сабаб: фотиҳлар Хуросонни фатҳ этишганда шаҳар эркаклари қочиб кетишган экан. Мусулмонлар шаҳарда эркак зотини топа олмай, уни ташлаб ўтиб кетишган экан. Шу сабабли у Нисо («Аёллар») шаҳри, деб аталган экан. У ҳозирги Туркманистон ерларида жойлашган шаҳардир. Бу ердан Имом Насаийдан ташқари Абу Аҳмад Ҳомид Зинжавий ал-Аздий каби катта олимлар ҳам чиққан.

Имом Насаий ҳижратнинг 303 йили Маккада шаҳид бўлдилар ва Сафо-Марва орасига дафн этилдилар.

 

1955 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Имом Доримий Истихора »
Top