muslim.uz

muslim.uz

Туркиянинг оммабоп https://www.tv100.com веб-сайтида таниқли турк тарихчиси, профессор Илбер Ўртайлининг «Кўрмасдан туриб ҳаётдан ўтманг» (Görmeden ölmeyin) сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада инсон ҳаёти давомида бориб кўриши шарт бўлган дунёдаги бешта шаҳар ҳақида маълумот бериб ўтган.

Эътиборлиси, турк тарихчиси тузган рўйхатда Ўзбекистоннинг иккита шаҳри – Самарқанд ва Бухоро киритилган.

Материалда жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган қадимий шаҳарлардан бири – Самарқанд 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилгани таъкидланган. “Шаҳарнинг муҳташам иншоотлари, музейлари, масжид ва мадрасалари ҳар қандай диди нозик сайёҳни ҳам ҳайратга солади, – деб ёзади муаллиф. – Минг йиллар давомида форслар, араблар ва туркий қавмлар ҳукмронлиги остида бўлган Самарқанд ўзига хос маданиятлар чорраҳасини ўзида ифодалаган”.

Профессор Илбер Ўртайли ўз мақоласида Бухоро шаҳрини ҳам алоҳида эътироф этган. «Ўзбекистоннинг энг муҳим маданий марказларидан бири бўлган Бухоронинг ҳар гўшасидан тарих ифори уфуриб турибди. Макка ва Қуддусдан кейин энг муҳим ислом марказларидан бири бўлган ушбу қадимий кент меъморий иншоотлари, карвонсаройлари, масжид ва мадрасалари билан зиёратчиларни кутмоқда», – деб ёзади у.

Мақолада Флоренция, Рим ва Қуддус шаҳарларини ҳам бориб кўриш тавсия этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мирзамақсуд домла Алимов

Андижон вилояти бош имом-хатиби

Бугун, 26 январь куни Тошкент вақти билан соат 22:30 дан бошлаб, Маккаи мукаррамада, Кабаи муаззаманинг ёнида "Макка шаҳрининг фазли ва умра ибодатининг улуғлиги" ҳақида суҳбат бўлиб ўтади.

Аҳли илмлар ва мухлис халқимиз томонидан ўқилган хатми Қуръонларнинг якуний дуолари жонли эфирда намойиш этилади.

Мухлисларимиз қалбларидаги эзгу ниятлари, "Ҳарами шарифда айтаман" деб сақлаган дуолари ва хатми Қуръонлари бўлса, жонли эфир вақтида изоҳ (коммент)да ёзиб, қолдиришлари мумкин. Насиб қилса устозлар томонидан ушбу илтижолар ўқилиб, Каъбаи шариф ҳудудида бахшида этилади.

Шундай экан, бугун Байтуллоҳдаги хуфтон намозидан кейин Тошкент вақти билан соат 22:30 дан бошлаб, хатми Қуръон якунлари ва дуоларни жонли эфирда кузатинг ҳамда бевосита иштирокчисига айланинг!

Ҳаётимиз бир текисдан иборат эмас: шоду хуррам, фаровон турмушимиз билан бир қаторда баъзан айрим қийинчиликлар ҳам бўлиб туриши табиий ҳол. Ана шундай қийин дамларда Буюк Раббимизга кўпроқ тавба ва истиғфорлар айтишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 155—157-оятлар).

Хабарингиз бор, куни кеча бутун республикамиз бўйлаб электр энергиясидан узилишлар кузатилди. Бу ҳолатни интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ҳар хил талқин қилишди. Кимдир асоссиз гаплар тарқатиб, одамларнинг ваҳимага тушишига ҳам сабаб бўлди.

Аслида, ҳақиқий мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолонинг юқорида зикр этилган ояти каримасини унутмаслиги, динимиз талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Ким нима деса, ишониб кетавериш бизга ярашмайди.

Мусулмон киши бирор масала чиқса: «Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?» деб эмас, балки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларини ўзига ҳужжат қилади.

Бежиз Сўфи Оллоёр бобомиз:

Дема, тутдим фалон бузрук ишини,

Кўра қўйма набийнинг қилмишини, демаганлар. Шу боис бирор нарсани эшитсак, ўқисак ёки кўрсак, аввало, доимий ва асосий манбаимиз – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилишимиз керак. Бу муқаддас ва муборак манбалар, мана, 15 асрадан бери инсониятга маънавий, руҳий маёқ бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муғира ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ... миш-мишлар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган.

Кеча чироқ ўчиши билан ҳар хил асоссиз гаплар, хусусан, “уч кун свет бўлмас экан”, “Свет бўлмагандан кейин сув ҳам бўлмайди. Шунинг учун бир ҳафтага етадиган нонни, сувни, шамни ғамлаб олиш керак”, мазмундаги сўзлар тарқала бошлади.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бундай хабарларни ўқиган кишилар озиқ-овқат ва бошқа зарур ашёларни харид қилишга тушиб кетди. Вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” сув, нон ва шамларнинг нархларини икки-уч баробарга кўтариб юборишди.

Аслида, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Кеча электр энергиясида кузатилган узилишлардан фойдаланиб, нархни сунъий ошириб фойда кўраман дейиш мусулмон кишига асло ярашмайди. Ахир, барчамиз мўминмиз, мусулмонмиз. Ўз юртдошларимизга, биродарларимизга қандай зарар етказишимиз ёки пайтдан фойдаланиб, уларни ортиқча харажатларга қўйишимиз мумкин?!

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир. Эҳтикор – нархни сунъий ошириш дегани. Нархни сунъий оширишда ким жабр кўради – халқ жабр кўради.

Уламоларимиз – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатларни шариатга хилоф бўлган ҳаром амаллардан деганлар.

Муҳтарам биродарлар!

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканини унутмайлик! Ҳар хил вазиятлар, ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Барчасига сабр қилиб, юртдошларимизга, мўмин-мусулмонларга ёрдам қилишимиз зарур. Шунда Аллоҳ таоло бизлардан рози бўлади.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Среда, 26 Январь 2022 00:00

Онасизлик дардини...

Бекатда автобус кутардим. Майдалаб ёғаётган қор хаёлимни банд этганди. Шу пайт ёнимдаги икки дугонанинг суҳбати эътиборимни тортди. Улар она ҳақида гаплашишарди. Бири иккинсичисига онасининг тергайвериши, тинмай қўнғироқ қилиб “безовта” қилавериши жонига тегиб кетгани ҳақида шикоят қилди. Онаси тўғрисида айтган сўзларини эшитиб, ёқа ушлайсан киши! Наҳотки, муштипар оналар ҳақида фарзандлари шундай фикрласалар?! Бизни дунёга келишимиздан қувониб, тунларини бедор ўтказиб, ўзи емай, киймай , ювиб-тараб, бетоб бўлсак жонини фидо қилган, улғайиб катта бўлишимизни, бахт – иқболимизни Аллоҳдан сўраган оналаримиз эмасми?

Оналаримизни қанча илиқ сўзлар билан таърифласак, шунча кам.

Икки дугона суҳбатидан ҳайратланиб, онамни соғиниб кетдим. Қанийди, шу изғиринли, қорли кунларда онамнинг дийдорига тўйсам эди...
Меҳрибон онажонимни йўқотганимга тўрт йил бўлди, ҳали ҳамон дардим янгидек. Орадан йиллар ўтса-да, соғинч ортиб, қалбимни тилка-пора қилмоқда. Онамнинг файзли чеҳраси, майин овози, ширин табассуми кўз олдимдан ҳеч кетмайди. Онамни эслаганимда кўз олдимда кулиб турган нурли юзи намоён бўлади. Онам ҳеч қачон бизга ёмон сўз айтмасди. Жуда чиройли насиҳатлар қилар, шошилмай, дона-дона сўзларди. Муштипарим ҳаёт синовларида тобланиб, турли машаққатлар билан бизни катта қилган. Ўзларининг меҳнатсеварлиги, меҳрибонлиги, жонкуярлиги билан барчага ўрнак эди.

Ҳозир қизларим сиймосида онамни кўраман. Уларнинг ҳар бирида онамдан нимадир бордай. Шунга қувонаман, шундан таскин топаман. Тўймай қолганим она меҳрини қизларимдан излайман.

Онасининг тергашидан, йўқлашидан безган тенгдошларим, умр − ғанимат. Бир кун сизни қайноқ меҳри билан “безовта ” қилаётган онаизорингизни тополмай қолишингиз мумкин. Онангиз ҳаёт бўлса, у сиз учун энг меҳрибон ва ўз навбатида сиздан меҳр кутиб яшаётган табаррук зот эканини унутманг. Ахир, «Жаннат оналар оёғи остидадир.». Хаёт бўлган онажонларни Аллоҳ саломат қилсин, ўтганларини рахмат ва мағфират айласин.

Робия Тохирова

Мақолалар

Top