Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 83–86 ОЯТЛАР

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ ثُمَّ تَوَلَّيۡتُمۡ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنكُمۡ وَأَنتُم مُّعۡرِضُونَ٨٣

  1. Бани Исроилдан: "Фақат Аллоҳга сиғинасизлар, ота-онага, қариндошларга, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар, одамларга ширинсўз бўлинглар, намозни адо этинглар ва закотни беринглар", деб аҳд олган эдик. Кейин озчиликдан бошқаларингиз юз ўгириб кетдинглар.

Аллоҳ таоло Исроил авлодларидан фақат Ўзига сиғиниш, турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш, намоз ўқиш ва закот бериш юзасидан аҳднома олган эди. Эътибор бераётган бўлсангиз, ояти каримада турли тоифадаги кишиларга яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилишга тенглаштириляпти. Энг олдин ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш уларга чиройли муомала қилиш, улардан малолли гап ўтса, "уфф" демаслик, уларни хафа қиладиган сўз ёки иш қилмаслик, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, яхши сўзларни айтиш, уларга шафқат кўрсатиб, ўзини камтар тутиш, ҳожатлари бўлса, дарров адо этиш, муҳтож бўлишмаса ҳам ҳадялар бериб туриш, Аллоҳдан уларга раҳмат тилаб дуода бўлиш билан амалга оширилади. Ота-онадан кейин қариндошларга, яъни ака-ука, опа-сингил, амма-хола, тоға-амаки ва бошқаларга яхшилик қилинади. Шундан сўнг етимларга яхшилик қилишга буюриляпти, чунки улар боқувчи ва тарбиячиларини йўқотган бўлиб, ёрдамга муҳтождирлар. Агар улар тарбияси ва таълимига сал бепарво бўлинса, ёмон йўлга кириб, жамият осойишталигига зарар етказишади. Мискин ва фақир кишилар ҳам бошқаларнинг ёрдамларига, саховатларига муҳтождирлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло узоқдаги қариндошларгаю ён қўшниларга ҳам яхшилик қилишга буюради. Оила аъзоларингиз, яъни аҳли аёлингизга, фарзандларингизга ҳам яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, ширинсўз бўлиш шартдир. Уларга нафақа қилсангиз, эҳтиёжларини қондирсангиз, гоҳо ҳадя-эҳсонлар қилиб турсангиз, эвазига Аллоҳ азза ва жалладан улкан ажр-савоблар оласиз.

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَكُمۡ لَا تَسۡفِكُونَ دِمَآءَكُمۡ وَلَا تُخۡرِجُونَ أَنفُسَكُم مِّن دِيَٰرِكُمۡ ثُمَّ أَقۡرَرۡتُمۡ وَأَنتُمۡ تَشۡهَدُونَ٨٤

  1. Сизлардан: "Ўзаро қон тўкмайсизлар ва бир-бирингизни ватанидан бадарға қилмайсизлар" деб аҳд олган эдик. Кейин иқрор бўлиб, гувоҳлик ҳам бергансизлар.

Ислом динида бегуноҳ инсонлар қонини тўкиш ва кишиларни турар жойларидан бадарға қилиш тақиқланган. Аммо Аллоҳ таолонинг бу амрига бўйсунмаган, илоҳий ваҳийларни инкор қилган айрим қавм ва кимсалар ана шундай мудҳиш жиноятларни бемалол қилиб, қанча инсонларнинг умрига зомин бўлишяпти. Аҳли китоблар қон тўкмаслик ва бир-бирларини ватанларидан чиқармаслик ҳақида Аллоҳга ваъда беришган, берган ваъдаларига иқрор ҳам бўлишган эди. Аммо улар бу аҳдномаларига хилоф равишда жуда кўп бор зулм ва тажовузларга йўл қўйишди.

ثُمَّ أَنتُمۡ هَٰٓؤُلَآءِ تَقۡتُلُونَ أَنفُسَكُمۡ وَتُخۡرِجُونَ فَرِيقٗا مِّنكُم مِّن دِيَٰرِهِمۡ تَظَٰهَرُونَ عَلَيۡهِم بِٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡعُدۡوَٰنِ وَإِن يَأۡتُوكُمۡ أُسَٰرَىٰ تُفَٰدُوهُمۡ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيۡكُمۡ إِخۡرَاجُهُمۡۚ أَفَتُؤۡمِنُونَ بِبَعۡضِ ٱلۡكِتَٰبِ وَتَكۡفُرُونَ بِبَعۡضٖۚ فَمَا جَزَآءُ مَن يَفۡعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمۡ إِلَّا خِزۡيٞ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَيَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰٓ أَشَدِّ ٱلۡعَذَابِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ٨٥

  1. Лекин кейинчалик ўз кишиларингизни ўлдиряпсиз, баъзи гуруҳларни ватанидан чиқаряпсиз, гуноҳ ва зулм билан уларнинг душманларига ёрдам беряпсиз. Агар сизларга асирлар келса, уларни товон билан қутқариб оласизлар. Ҳолбуки уларни чиқариб юбориш ҳаром эди. Ёки китобингизнинг баъзи жойига имон келтириб, баъзисини инкор қиласизларми? Сизлардан бундай иш қилганларга дунёда хорлик ва расволик, қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлади. Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмасдир!

Яъни, ўз кишиларингиз бошқалар қўлига асир тушса, ажратиб олишга тайёрсизлар, лекин уларга ўзингиз зулм қилишингизнинг сабаби нима ва бу қандай муомала бўлди? Аллоҳ таолонинг ҳукмига амал қиладиган бўлсанглар, ҳар икки ҳолатда ҳам амал қилмайсизларми? Ривоят қилинишича, Мадина яқинида яшайдиган яҳудийлар мусулмонларнинг Мадинага кўчишларидан (ҳижратдан) олдин қўрқувга тушиб, турли мажусий араб қабилалари билан шартнома тузишган эди. Кейинчалик бир-бирларига қарши урушга киришганида айрим яҳудийлар бир-бирларига душманликка ўтишди, бу эса уларнинг китоби Тавротга ва қонунларига зид эди. Яҳудийлар билатуриб уларга қарши иш тутишди. Шунда бир яҳудий қабиласига асир тушиб қолган яҳудийни товон пули тўлабгина озод қилиш мумкин бўлди. Бу ҳолдан таажжубга тушган қабиладошларининг ҳайрон бўлиб берган саволларига улар асирларни товон эвазига қутқариш Китобларида ёзилганини рўкач қилишган.

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشۡتَرَوُاْ ٱلۡحَيَوٰةَ ٱلدُّنۡيَا بِٱلۡأٓخِرَةِۖ فَلَا يُخَفَّفُ عَنۡهُمُ ٱلۡعَذَابُ وَلَا هُمۡ يُنصَرُونَ٨٦

  1. Ана ўшалар дунё ҳаётини охират эвазига сотиб олувчилардир, шундай экан, уларнинг азоби енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам қилинмайди.

Ислом келгунига қадар инсоният очиқ-ойдин адашувда эди. Инсонлар ақида, эътиқод, тасаввур ва ҳаётий тушунчаларда, турли алоқалар ва урф-одатларда, иқтисод, ахлоқ ва ижтимоий муносабатларда, хуллас, бошқа кўпгина соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эди. Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан Муҳаммад алайҳиссаломни бир пайғамбар ўлароқ юбориб, инсониятни бу адашувдан, залолатдан қутқарди, тўғри йўлга солди. Қуръони каримда бундай дейилган: "Гарчи мушриклар хоҳлашмаса-да, Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир!" (Тавба, 33). "Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин китоб келди" оятидаги "нур"дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир, ҳидоят нури, Ислом нуридир... Лекин жуда кўп нодон ва жоҳил кимсалар шундан кейин ҳам ҳидоят йўлига юришни истамай, ўз жонларига зулм қилишди. Улар охират ҳаётини арзимас ва бевафо дунё лаззатлари эвазига сотиб юборишди. Энди қиёмат куни уларнинг азоблари енгиллатилмайди ҳам, ҳеч ким уларга ёрдам бермайди ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай ҳадислари бор: «Ман канатид-дунё наътаҳу ҳаррамаллоҳу таоло алайҳи живари фаинни буъисту бихарабид-дуня валам убъас биимрониҳа», яъни «Кимнинг орзу-истаги, васф этгани, ўнгида ҳам, тушида ҳам такрорлаб турган нарсаси дунё бўлса, Аллоҳ бундай одамга охиратда менинг ёнимда қўшни бўлишни ҳаром қилади. Чунки мен дунёни хароб қилиш (бузиш) учун юборилдим, мен бу дунёга уни маъмур қилиш учун келмадим».

1901 марта ўқилди

Мақолалар

Top