НИШОНГА УРИЛГАН ГАПЛАР

Нишонга урилган гаплар: “Кишининг ҳаромдан топилган бир дирҳамни тарк қилиши унинг учун юз минг дирҳамни садақа қилганидан яхшироқдир”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни «Оламларга раҳмат» деди. Арабистон ярим оролига, Яқин Шарққа, дунёга демади.

*****

Ўлим ўз ҳақиқатида яхшиликдир. Агар ўлаётганлар яхши инсонлар бўлишса, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофот уларга тезлаштирилади. Агар ўлаётганлар ёмон кимсалар бўлишса, Аллоҳ таоло юртлар ва бандаларини улардан қутқаради.

Тафсийруш Шаъровийдан

*****

Кишининг ҳаромдан топилган бир дирҳамни тарк қилиши унинг учун юз минг дирҳамни садақа қилганидан яхшироқдир.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ

*****

«Аёлларни фақат олийжаноб эркаклар ҳурмат қилади. Уларни фақат пасткаш кимсалар хўрлайди».

*****

Бир итни суғорган кишининг гуноҳлари кечирилди. Энди бир инсонни суғорган нима бўларкин?!

*****

«Шижоатли илон балиқни чўкишдан қутқариб қолди»

Баъзи оммавий ахборот воситалари атрофимиздаги воқеаларни ана шундай мазмунда ёритади. Уларнинг алдоқчилиги катта муаммо. Ундан ҳам каттароғи «Балиқ чўкади» деган гапга ишонувчиларнинг борлигидир.

*****

Сўзларини тушунмайдиган кимса билан ўтирган киши худди қамоқда ўтиргандек бўлади.

Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ

*****

Тўқнашув икки хил бўлади:

  • Бошни очадиган (ёрадиган) тўқнашув;
  • Ақлни очадиган тўқнашув.

Аббос Маҳмуд Аққод

*****

Сув ҳамма нарсани поклайди. Аммо заҳарли тилни эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳокимнинг ақлини белгилашнинг биринчи йўли – атрофига кимларни тўплаб олганига қарашдир.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Аҳмоқни жавобсиз қолдириш унга жавоб бергандан ҳам қаттиқроқ таъсир қилади.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Пок инсонларнинг хатоси – ҳаммани ўзларидек пок деб ўйлашларидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

472 марта ўқилди
Top