Ота-онага хизмат қилиш одоблари

Болага қаноатли бўлишни ўргатинг!

Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда хотиржам ҳаёт кечиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир”, деганлар.

Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлиши мумкинлигини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга ҳирс қўймай, шукр қилиб яшайди.

Қаноат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари барчамиз учун катта намунадир. Маълумки, У зот алайҳиссалом ўзлари ва оила аҳллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этган эдилар. Бу эса тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас, балки оддий, камтарона кун кўришни афзал билганларидандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).

Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради.

Дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор.

Ўтган улуғ зотларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!”  дер эканлар.

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

419 марта ўқилди

Мақолалар

Top