Ота-онага хизмат қилиш одоблари

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (2-мақола)

1. Уйланишдан олдинги ҳақлари.

Динимизда фарзандларнинг ота-она устидаги ҳақлари улар ҳали турмуш қурмасларидан олдин бошланади. Яъни эр киши наслини давом эттирадиган аёлини диққат билан, шошилмасдан танлаб олиб кейин уйланиши лозим. Чунки дунё ва охирати учун энг қадрли бўлган насли шу хотиндан давом этади. Қолаверса, фарзандларининг тарбиясида ҳам унинг роли жуда ҳам катта бўлади. Ислом олимларидан бўлган Абу Асвад ад-Дуоли болаларига шундай деб айтар экан:  “Гўдаклигингизда, катта бўлганингизда ва туғилишингиздан олдин сизга яхшилдик қилдим”. Туғилишимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз деб сўрасалар: “Сизларга ҳақорат келтирмайдиган онани танладим”, деб айтар экан.

Ўз навбатида оналар боласига ҳомиладор бўлган пайтларида еб-ичишларига ва барча хатти-ҳаракатларига диққат қилишлари лозим. Ҳалол-пок неъматлардан истеъмол қилиб, одоб-ахлоқини ҳам назоратга олиб, яхши фикру хаёллар билан юришга буюрилади одоб китобларимизда. Чунки айнан мана шу давр бола учун илк тарбиянинг бошланиши ҳисобланади. Гўдакнинг сут эмган онаси ахлоқи билан хулқланиши тиббий исботланган ҳақиқатдир. Уй-рўзғор таъминотини ўз зиммасига олган оталар эса жуфти ҳалолларига яхши муносабатда бўлиб, ҳалол таомлар билан боқишга эътибор қаратишлари лозим. 

Ривоят. Аёлини қирқ кун ҳалол луқма билан боқишни хоҳлаган мўмин

Марв шаҳри қозиси қизининг бўйи етиб қолганини сезиб, унга мос келадиган куёв қидира бошлабди.

Ҳар куни эшигини совчилар тақиллатиб келар, лекин қози жаноблари шошилмасди, ҳеч қайси бири у кишининг дидига мос тушмасди.

Кунларнинг бирида қози туш кўради. Тушида қизини “Муборак” деган ғуломига никоҳлаб бериш айтилади.

Лекин бунга ҳам ҳа деганда рози бўлмайди. Туш ҳам қайта-қайта кўрилавергач, ғуломини зимдан кузата бошлайди. Бироз вақт ўтиб уни солиҳ инсон эканига, хайрли куёв бўлишига ишонч ҳосил қилганидан кейин бу фикрини ёру дўстларига, яқинларига маълум қилади. Айримлари бой-у бадавлат, янада муносиброқ оилалар борлигини билдириб бу аҳдга рози бўлмаган бўлсалар-да, қози қарорида қатъи тураверди.

Шундай қилиб қози қизини ҳам рози қилиб, ғуломини чақириб уларни уйлантириб қўяди.

Никоҳдан кейин бир ой ўтиб, қози қизининг ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг уйига зиёратга боради. Қизи отасининг келганидан хурсанд бўлади, бироқ кичкина муаммо борлигини маълум қилиб: “Отажон, куёвингиз жуда ҳам яхши инсон. Аммо ҳалигача менинг рўмолимни бошимдан олгани йўқ, уйланганимиздан буён мендан узоқ юради. Сабабини билолмадим. Едиради, ичиради, жуда ҳам меҳрибон фақат, қўлини қўлимга текизмайди”, дейди.

Қози бу гапдан ҳайрон бўлади ва куёвини чақириб масалани унга секин тушунтиради. Бунинг жавобини эшитганидан кейин қозининг кўнгли тўлиб ҳўнграб йиғлаб юборади ва кўзининг нури дийдаси бўлган қизини тўғри инсонга берганидан севиниб, шукрлар келтиради.

Куёв қозининг гапларини диққат билан эшитиб, одобини сақлаган ҳолда қайинпадарига юзланиб: “Отажон, мени ёмон фикрга борди деб ўйламанг, фақат, сиз катта шаҳарнинг қозиси бўласиз, олдингизга кўп одамлар келиб кетадилар, уйингизга ҳам ҳар хил ҳадиялар юборилади. Аллоҳ таолонинг менга берган омонати ва ҳадияси бўлган қизингиз шу шубҳали нарсаларни еганидан бироз қўрқдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бадандаги ҳаром луқма таъсири фақат қирқ кунда кетиши ҳақидаги сўзларини ўрганган эдим. Ҳар қандай ҳурматга сазовор аёлимни қирқ кун пешона терим билан топилган ҳалол луқма билан боқишни хоҳладим, токи Аллоҳ насиб этиб туғилажак фарзандларимиз ҳам солиҳлардан бўлсин”. (“Ризқ ҳақида рисола” китобидан)

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

 

1623 марта ўқилди

Мақолалар

Top