Версия для печати

Сийрат ва ислом тарихи

Жалил саҳобийнинг фозила қизи

Умар ибн Хаттоб. Бу кишининг исмларини эшитганда киши бир сергак тортади. Энг гўзал фазилатлар, макоримул ахлоқ ва ҳамида сифатлар соҳиби бўлмиш бу саҳобаи киром (р.а) диннинг таянчи, имонлари исломнинг фатҳи, ҳижратлари нусрат, волийликлари эса адолат тимсоли эди. Бир вақтнинг ўзида қаттиққўл ва меҳрибон, бир вақтнинг ўзида волий ва оддий фуқаро, бир вақтнинг ўзида дин ва дунё ишларини тартибга солиб тура олган инсон эдилар. Бундай жаннат  башоратини олган, Оламлар сарвари Расулуллоҳ ((с.а.в)) нинг муҳаббатларига сазовор бўлган инсоннинг хонадонларига келинг хаёлан меҳмон бўламиз. Балки қалбимиз излаган сокинлик, ақлимиз истаган ибратни топсак...

Расулуллоҳ ((с.а.в)) Пайғамбар этиб юборишларидан беш йил олдин, Қурайш Каъба биносини янгилаётган пайтда Умар ибн Хаттоб хонадонида қизалоқ дунёга келди. Унга “Ҳафса” деб исм қўйдилар.

Ҳидоят нурлари кўкдан замин узра таралганда, Умар (р.а) хонадонларини ҳам четлаб ўтмади. Айниқса ёшгина қизчанинг мусаффо қалбига Ҳақ каломи нақш мисоли чизила бошлади. Бу билан бир қаторда кўп аёллар бехабар қоладиган, ҳаммага ҳам насиб бўлавермайдиган ўқиш-ёзишни пухта ўзлаштириб олдилар. Оталари, укалари, тоғалари, аммалари хуллас бутун бир оила аъзолари, яқинлари қалби гўзал, фидокор инсонлар эди. Улар сафига улғайгач, Ҳафса бинти Умар (р.а) ҳам қўшилдилар.

Кўзга кўринадиган ёшга етганларида Хунайс ибн Ҳузофа (р.а)  га узатдилар. Пойдевори садоқат ва бинолари хизмат учун қурилган бу оила ўша пайтдаги нодир оилалардан бири эди. Бу оила ҳам аввал Ҳабашистонга, сўнг Мадинага ҳижрат қилганлардан эди.

Орадан икки йил ўтиб Бадрда Хунайс (р.а) га қаттиқ жароҳат етди, ушбу жароҳат ўз соҳибини Ҳақ ҳузури сари етаклаб кетди.

Азиз ёстиқдошининг фироқи Ҳафса онамизни кўп маҳзун қилди. Бевалар қаторидан жой олдилар. Лекин суюкли қизини Умар (р.а) шундай ёлғиз қолдира олмасдилар. Ҳали ёш, энди ўн саккизга кирган, оқила, фаросатли дилбандлари учун муносиб куёв излай бошладилар. Бу ўша пайтда мутлақо айб саналмасди. Номзодларнинг бошида Абу Бакр (р.а) турардилар. У кишига бу иш таклиф қилинганда бир оғиз сўз демадилар. Усмон ибн Аффон Ҳафсадек қизни отаси бераман деб турса, уйланишга рағбати йўқлигини важ қилиб турибди. Бу ишлардан сиқилиб Умар (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) га дарди ҳол қилдилар. У Зот (с.а.в) айтдилар: “Ҳафсага Усмондан яхши киши уйланур. Усмон эса Ҳафсадан яхши кишига уйланажак” . Аллоҳнинг Пайғамбари Ҳафса бинти Умарга совчи қўйдилар. Усмон (р.а) завжалари Руқойя вафотидан сўнг Расулуллоҳнинг иккинчи қизлари Умму Кулсум (р.а) га уйландилар. Улуғ саҳобий Абу Бакр (р.а) аслида Расулуллоҳ (с.а.в) Ҳафсага уйланиш ниятлари борлигини билганлари учун ҳеч нима демай турганлар.

Савда ва Оиша оналаримиз қаторига жалил саҳобийнинг фозила қизи Ҳафса ҳам келиб қўшилди. Қизларини кузатаётганларида Умар (р.а) ажиб насиҳатларни қулоқларига қуйдилар. Оиша билан талашмасликни тайинладилар.

 Илм ва ҳидоят масканидан Ҳафса (р.а) яхши таълим ола бошладилар. Набий завжаси бўлиши билан бир қаторда намунали ўқувчи ҳам бўла олдилар.  

Аёллик фитратларидан Оиша онамиз билан тез чиқишиб кетдилар. Айниқса, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз сафларига келиб қўшилганда, роса рашклари келар, Росулуллоҳдан узоқлаштирмоқчи бўлардилар. Бу табиий қалб ҳассослигидан ўзга ишлар эмасди.

Нима бўлдию бир куни Хотамун Набий (с.а.в) Ҳафса онамизни бир талоқ қилдилар. Бу иш Ҳафса онамиз фазлларини зоҳир қилди. Яъни Оламлар Роббиси ваҳий юбориб: “Ҳафсага ражъат қил. У кўп рўза тутувчи, кечаси кўп намоз ўқувчи аёлдир. Албатта, у жаннатдаги завжангдир” дея марҳамат қилди. Айниқса Расулуллоҳ вафот этганларида жуда таъсирландилар. Айрим аёллар сингари сочларини юлиб фарёд солмадилар. Балки яна ҳам ибодатга, зуҳдга берилдилар. Аллоҳга яқин қилувчи амалларни қилишга шошдилар.

Шахсий сифатлари ва камолатлари ҳам етарли ибрат даражасида эди. Фиқҳ масалаларида билимдон, ҳадис илмида ҳам пешқадамлардан эдилар. Оталари аёллар борасида шу кишига маслаҳат солар эдилар. Онамиз балоғат ва фасоҳатдан хабардор эканликларидан хутба қилсалар инсонлар лол қолар эди.

Орадан йиллар ўтиб олтмишни қоралаганларида, ҳижрий 45-йил  шаъбон ойида Аллоҳнинг элчиси эшик қоқди. Рофиқул аълога риҳлат лаҳзалари етган эди... 

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус 

Ислом билим юрти ўқитувчиси Н.Саидакбарова

6489 марта ўқилди