Сийрат ва ислом тарихи

Ҳайвоннинг ҳам ҳаққи бор!

Бошимизга мусибат тушиб қиблагоҳимиздан айрилиб қолганимизда жанозанинг эртасига пойтахтдаги дўстлардан бири ҳамдардлик билдиргани борди (қадамларига ҳасанот!). Қайтишга чоғланганда миниб борган ҳашаматли машинасига ўтирар экан, “Отамиздан қолган мерос – бу”, деди. Унинг шу гапи кичик келинимизнинг қулоғига чалиниб қолибди, Кечқурун гаплашиб ўтирганимизда “Меҳмоннинг “Каптива”си ота мерос экан, биз ҳам эртага бобомдан қолган “Каптива”ни миниб чиқсакмикан”, деб мутойиба қилди. Унинг гапини эшитган акам: “Отамдан қолган “Каптива” уч кундан кейин ўлади, неча кундан бери бир жойда боғлиқ турибди; на сояга олдинглар, на ўт бердинглар унга, на сув”, деди. Бу жавобдан сўнг азалик бўлсак ҳам барчамиз баравар кулиб юбордик.

Ўша кунларда ҳаммамиз отамизнинг бошида ўтириб, ҳайвонларга қараш эсимиздан ҳам чиқиб қолгандир-у, аммо шу суҳбат ҳайвон ҳақи тўғрисида мушоҳада юритишимизга туртки бўлди. 

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларида бутун шаҳар аҳли йўлларига пешвоз чиққан, уларнинг ҳар бири Сарвари коинотнинг ўз уйига қўноқ бўлишини орзу қилар эди. Пайғамбаримизнинг узоқ йўл босиб келган ҳорғин туяси оғир-оғир қадам ташлаб бораркан, ҳар уйнинг қаршисига етганда хонадон соҳиблари туянинг жиловидан тутиб: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг меҳмонимиз бўлинг!” деб илтижо қилар эди.

Расули акром бу ажойиб инсонларнинг ҳеч бирини ранжитмаслик учун туяларининг юганини бўш қўйиб юбориб, у қайси уйнинг остонасига чўкса, ўша уйга меҳмон бўлиши ҳақида таклиф айтдилар. Бу таклифни барча бирдай қабул қилди. Шундай қилдилар. Уларнинг ҳар бири менинг эшигимда тўхтасайди деб орзу қилар экан, жилови бўшаган туя юриб бориб бир бўш ётган томорқага чўкди. Пайғамбар алайҳиссалом ундан тушмадилар. Туя яна ўрнидан турди ва озгина олдинга юриб яна чўкди ва қайтиб қўзғолмади.

Пайғамбаримиз  туяси чўккан томорқани сотиб олдилар ва  масжид қурилишини бошладилар. Иккинчи чўккан ери Абу Айюб Ансорийнинг уйи эди. Ўша уйда бир муддат меҳмон бўлдилар.

Пайғамбаримизни ҳижрат вақтида устида олиб юрган, бағоят муҳим воқеаларда у зотнинг хизматида бўлган ушбу туянинг оти Кисва эди.
Кисвани ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ сотиб олиб Пайғамбаримизга ҳадя қилган эди. У шундай омадли ҳайвон эдики, оламлар сарварини устида олиб юриш шарафига етишган эди. Пайғамбаримиз Бадр жангига ўша туяни миниб чиққан эдилар. Буюк зафар муждасини Мадинага етказган Зайд ибн Хариса розияллоҳу анҳу узоқ масофани унинг устида ўтириб ғоят қисқа фурсатда босиб ўтган эди. Аллоҳнинг Расули Ҳудайбия шартномасини имзолашга ҳам ана шу толеи баланд туяни миниб борган эдилар. Видо хутбасида ҳам унинг устида бўлганлар.

Яна бир оти Адба дейилган бу туя ҳар доим пойгаларда биринчи ўринда келар ва бундан асҳоби киром беҳад севинарди. Бир сафар бир бадавийнинг туяси ундан узиб кетди-ю, саҳобаларни ғам босиб, тушкунликка тушди. Уларнинг ҳолини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом “Сизга нима бўлди?” деб сўрдилар. Улар: “Адба пойгада ютқазди”, дейишди. Буни эшитган Пайғамбаримиз: “Аллоҳнинг қонуни бу. Дунёда юксалган ҳеч бир нарса йўқдирки, Аллоҳ уни қуйига индирмаган бўлсин” (Имом Бухорий), дедилар.

Расули акром боқий дунёга кўчганларидан ғамга ботган Кисва емоқ-ичмоқдан қолди. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни байтулмолга оид туяларга қўштирдилар. У ерда маҳзун бир ҳолда бир неча кун юриб ўлди.

Пайғамбаримизнинг Сабҳо исмли бир оти бор эди. Расули акром баъзан от пойгаси уюштирар эдилар. Сабҳо бу мусобқаларда ҳар доим биринчи бўлиб келиб асҳобни севинтирар эди. Яна у зотнинг Баҳр деган учқур оти ҳам бор эди. Аллоҳнинг Расулининг отларни жуда севганини билган қабила бошлиқлари у зотга отлар ҳадя этардилар. Ана шу отлардан бири – Мирваҳ эди.

Набий алайҳиссалом ҳадя олганлари қадар ҳадя бермоқни ҳам севар эдилар. Ўзига ҳадя этилган нарсаларнинг энг яхшиларини асҳобларига ҳадя этардилар. Вард деган отни у зотга Тамимий Дорий ҳадя этган эди. Уни ҳазрати Умарга ҳадя этдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломга Искандария қироли Муқовқис бир хачир билан эшак ҳадя этганди. Пайғамбаримиз ва мусулмонлар минган биринчи хачир шу эди. Расули акром унга Дулдул деб от қўйдилар. Бироқ хачирлар авлодини давом эттира олмайдиган ҳайвон бўлгани боис яна хачирларни қўлга киритмоқ учун отни эшакка қўшмоқни маъқул кўрмадилар.

Инсоният тарихида ҳайвон ҳақидан сўзлаган пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло ҳайвонларга яхши муносабатда бўлишимиз зарурлигини амр этади. Яшил бир даладан кечаркан ҳайвонларнинг бир оз ўтлашига қўйиб беринг! Қурғоқ ерда ланжлик қилиб ҳайвонларни оч қолдириб қўймасдан тезроқ ўтиб олишга ҳаракат қилинг!” деб марҳамат қилганлар (Ибн Ҳожар).

Пайғамбар алайҳиссалом мўминларнинг қалбига жойлаган гўзал ахлоқлардан бири жамики махлуқотга нисбатан шафқатли бўлмоқ эди.  Динимиз бу дунёдаги ҳар бир махлуқот Аллоҳнинг қули эканини баён этган. Ояти каримада Роббимиз: “Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар” (Анъом сураси 38-оят), деб марҳамат қилган.

Билҳисса, тили бўлмаган, яъни дунёдаги ҳақини талаб қила олмаган ҳайвонлар ҳақини охиратда олади. Шу жиҳатдан, табиат ва ҳайвонларга муносабатда инсонлар Аллоҳнинг қаршисида жавобгардир.

Бир ҳадиси шарифда бу мавзуда қуйидагича марҳамат қилинган: “Кимки ҳеч сабабсиз чумчуқни ўлдирса, ҳатто ундан ҳам кичик бир жониворнинг жонига қасд қилса, қиёмат куни даъвосини Аллоҳ кўради, “Эй Роббим! Фалончи кўнгил хушлиги  учун мени ўлдирди”, дейди” (Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал)

Ҳайвонлардан фойдаланаркан, уларнинг ҳақларига риоят этишимизни амр этган Пайғамбаримиз қўйини соғаётган бир кишига “Қўзичоққа ҳам сут қолдир”, дедилар (Ҳусаймий).

Яна саҳобалард