Сийрат ва ислом тарихи

Севилдингиз, сиз ҳам севинг!

Агар кимдир  сизга муҳаббат қўйганини билсангиз унга бефарқ бўла оласизми?

Агар у тун-у кун сизнинг бахтингиз ҳақида ўйлаган бўлсачи?

Агар у сўнгги нафасигача сизни ўйлаб, сизга саломлар йўллаган бўлсачи?

Агар у сизни ўйлаб ўзи яхши қўрган нарсаларидан воз кечган бўлсачи?

Муҳаббатини фақатгина бу дунёда эмас, охиратда ҳам намоён этишга тайёр бўлсачи?

Сизни бир бор бўсада кўрмасдан, сизни соғиниб, сизга ҳарис бўлиб яшасачи?

Агар..?

 “Мени ким ҳам  бунчалик  севарди?”, дерсиз балки. Ёки мени “ошириб юборган”ликда айбларсиз? Ҳа, мени эҳтиросарга бериган, ҳаёлпараст дейишингиз ҳам мумкин... Лекин ундай эмас! Асло! Хулосага шошилманг. Мени тингланг! Сизни шундай, балки бундан-да ортиқроқ севадиган кишини сизга танитай. У зот бутун оламлар узра, жумладан сиз учун ҳам Раҳмат бўлиб келган – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ахир бунинг хабарини Оламлар Роббиси Аллоҳ азза ва жалла ўз каломида баён этди:

Биз сени оламларга раҳмат қилиб юбордик. ( Анбиё.107)

Сиз эса ўша “оламлар”нинг бир бўлагисиз.  

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сизга бўлган муҳаббатларини нечоғлик буюк эканини ҳам Аллоҳ таоло айтиб қўйди:

Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. ( Тавба.128)

Ҳа, дунёда сизни  у зотчалик севадиган, меҳрибон киши бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу муҳҳабатнинг таърифини қисқа ва равон қилиб айтиб ўтди. Энди бунинг исботи ва кўриниши қай тарзда эканлигини ул хазратнинг ўзларидан эшитинг: 

Кунларнинг бирида  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда ул Маҳбуб алайҳис салом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим – мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга иймон келтирадилар!”, дедилар. Ҳа, хурсан бўлаверинг! Ахир сиз У зотни кўрмасдан туриб иймон келтирдингиз-ку! Демак, ул Ҳабиб сизга мушфиқ бўлганлар!

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Бир куни кечаси хуфтон намозини ўқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кутиб ўтирган эдик. У зот олдимизга кечанинг учдан бири ўтганида ёки ундан ҳам кечроқ чиқдилар. У зотни аҳлларида бирор иш машғул қилганмиди ёки бошқами биз билолмадик. У зот чиққанларида: “Сизлар ғайридинлар  кутмайдиган намозга интизор бўлиб ўтирибсиз. Агар умматимга оғирлик бўлмаганида эди, албатта уларга намозни мана шу вақтда ўқиб берар эдим”, дедилар. Сўнгра муаззинга буюрдилар у намозга иқома айтди ва намозни ўқиб бердилар”. (Имом Муслим ривояти.)

У зотнинг сизга бўлган муҳаббатларини кўряпсизми!  

“Дунёйингиздан менга учта нарса ёқди: Аёллар, хушбўйлик ва намоздаги ҳаловат”, деганлар У зот алайҳис салом. Мана шу ҳаловатни янада зиёда туйишни истасалар-да, лекин сизга машаққат бўлишини истамадилар. “Агар умматимга оғирлик   бўлмаганида эди..!”

Бундай марҳамат Ул хазратнинг ҳаётларида кўп учрайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга ёки инсоларга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намозда мисвок тутишга буюрардим”, дедилар.  (Имом Бухорий ривояти.)

У зотнинг бу сўзларини енгил санаманг. Ахир Набий алайҳис салом шунчалик яхши кўрганларидан, хатто ўлим тўшагида ҳам мисвок ишлатганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий алайҳис салом фанодан бақога риҳлат қилар чоғларида мен ёнларида эдим. Шу пайт Абдурраҳмон ибн Абу Бакр қўлида мисвок билан  кириб келди. Набий алайҳиссалом мисвокка қарадилар. Аҳволлари оғирлигидан уни сўрашга кучлари етмасди. Мен истакларини тушуниб, мисвокни олдимда ул зотнинг оғизларига солдим. У қаттиқлик қилди. Шунда мен уни оғизларидан олдимда ўз тишларим билан юмшатиб, қайта Расулуллоҳнинг оғизларига солдим. У зот алайҳис саломнинг оғизларига охирги кирган нарса менинг сўлагим бўди. Ўлимлари олдидан у зот билан менинг сўлагимнинг жамланиши, мен учун Аллоҳнинг фазли эди!”

Энди-чи, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизнинг машаққат чекиб, малолланишингиздан қанчалар ҳазир бўлганларини ҳис қилгандирсиз?! Билдингизми, сиз ана шундай Ҳабиб зотга маҳбуб бўлган умматсиз! Мана, у зотнинг ҳаққингизга қилган яна бир дуолари:

Саъа ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тепаликдан келаётган эдилар. Бани Муовия масжиди ёнидан ўтаётганларида унга кирдилар ва икки ракат намоз ўқидилар. Биз ҳам у зот билан бирга  ўқидик. Сўнг узоқ дуо қилдилар. Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  бизга юзландилар ва: “Роббимдан учта нарса сўрадим, иктасини Берди, биттасини манъ Қилди: Роббимдан умматимни қаҳатчилик билан ҳалок  қилмаслигини сўрадим, уни менга Берди. Ва Ундан умматимни тошқин билан ғарқ қилмаслигини сўрадим, уни ҳам Берди. Яна Ундан, умматим орасида ўзаро адоват бўмаслигни сўраган эдим, уни мендан манъ Қилди”, дедилар ”. (Имом Муслим ривояти.)

Ё Расулуллоҳ! Қайнаб чиқаётган бу муҳаббатнинг чашмаси қаер?! Ота-онанинг меҳрига тўйиб улғайган бутун башариятнинг кўксини ёриб ҳам бу муҳаббатнинг мислини топиб бўлмайди-я!

 Ул зот алайҳис салом сизнинг ташвишингизни беш кунлик ўтгинчи дунёниг ўзидагина қилмадилар. Балки, ул Мустафо сизнинг абадий ҳаётингиз – охират учун ҳам сизга бўлган муҳаббатларидан улуш қолдирдилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг у билан сўраса ижобат бўладиган дуоси бор. Мен ўша дуойимни охиратда умматимни шафоат қилиш учун сақлаб қўйдим”. дедилар”. (Имом Бухорий ривояти.)

 Яна бир ҳадисда шундай дейилади:  

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳис салом ҳақидаги Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир.” оятини ва Исо алайҳиссалом “Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан.”, деган сўзи ҳақидаги  оятини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтардилаб: “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, дедилар ва йиғладилар!” Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг  билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиги келиб сўради ва Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қилурмиз”- деб айт, деди”. Имом Муслим ривояти.         

Абу Довуднинг бошқа бир ривоятида бу воқеа кусуф намозида бўлгани ва  у зот саждаларининг охирида “уфф, уфф” деб пуфлаб, кетидан шундай дуо қилганлари ривоят қилинади: “Эй Роббим! Мен улар орасида эканман, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?! Эй Роббим! Истиғфор айтиб турсалар, уларни азобламасликка ваъда бермабмидинг?!”.

Ана энди айтинг, бундан кўра мукаммалроқ, бундан кўра гўзалроқ муҳаббат бўлиши мумкинми?! Дунёдаги меҳрни бир ерга тўплaб, у зотнинг меҳрларичалик тафтни туйиш мумкинми?! Дунёдаги ҳаловатлардан сиз учун кечса, охиратда сизнинг нажотингиз ғамида елса, югурса! Фанода ҳам бақода ҳам “умматим! умматим!” , дея ташвиш чекса..!

Бор-будимиз сизга фидо бўлсин,  ё Расулуллоҳ!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Бизлар учун Робингиздан шафоат сўранг!”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон Зотнинг халилидир (дўсти)!”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим алайҳиссалом олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар  Исо алайҳиссалом олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг соллаллоҳу алайҳи васаллам  олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади. Шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик  иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим!”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади.  Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим ва улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар. (Имом Бухорий  ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло -  нақадар Буюк ва Ростгўй Зот!:

Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. ( Тавба.128)

Бошқа сифатлари қатори Раҳмати ҳам нуқсонсиз бўлган Зотнинг раҳмли пайғамбаридирлар ул Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам!

Энди айтинг, ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишда кўксиларини қалқон қилган саҳобалари орасида ҳам сизни эслаб йиғлаганлари, ул зотни бутун борлиғи, ҳатто ўзларидан ҳам ортиқ суйган, ҳар бир иршодларига оғишмай, тоймай амал қилган, у зотга мурожат қилганларида “Отам, онам сизга фидо бўлсин!”, дея мурожаат қилган, комил иймон соҳиби бўган асҳобларига; “Иймонлари ажойиброқ!”, деб сизнинг иймонингизни эътироф этишлари, сизга бўлган чексиз муҳаббатларидан дарак эмасми?!

Диндошим! Сиз, икки дунёда ҳам башар учун фахр ва шараф бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан севилдингиз. Энди сиз ҳам ул бобарокотни муносиб севинг! Агар қалбингизда у зотга нисбатан муҳаббат туйсангиз, хурсан бўлинг ва ул Хазратнинг башоратларини қабул қилинг!                                                               

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қиёмат ҳақида сўраб: “Ё Расулуллоҳ! Қиёмат қачон?”, деди. Шунда Набий алайҳис салом: “Унга нима таёрладинг?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Унга ҳеч нарса таёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман!”, деб жавоб қайтарди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллвм эса: “Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан!, дедилар”.( Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Сизга саловат ва саломларнинг энг афзали бўлсин, ё Расулуллоҳ!

  “Мулла Абдуғаффор ҳожи”

жомеъ масжиди имом хатиби

Икром Каримов

1687 марта ўқилди
Мавзулар
Top