Сийрат ва ислом тарихи

Қози Шурайҳ

Шурайҳдан: “Қай йўл билан бундай илмга эриша олдингиз?” деб сўрадилар. Шурайҳ: “Уламолар билан суҳбат қилиш, улардан ўрганиб ва ўргатиш билан эришдим”, деб жавоб берди.

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин)  бир аъробийдан от сотиб олиб, ўша ернинг ўзида отга миниб, йўлларига равона бўлдилар. Аммо, ҳали узоқ кетмаслариданоқ, отда унинг юришига халақит берадиган нуқсонни сезгандек бўлди. Умар розияллоҳу анҳу дарҳол ортга қайтиб, аъробийга бундай деди:

— Отингни қайтариб ол, унинг айби бор экан.

— Қайтариб олмайман, эй мўминлар амири, чунки мен уни сизга сотганимда у соппа-соғ эди.

— Ундай бўлса ўртамизда ажрим қиладиган бир кишини танла.

— Ўртамизда Шурайҳ ибн Ҳорис ҳакам бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу рози бўлдилар ва муаммони ҳал қилиш учун Шурайҳнинг олдига йўл олдилар. Шурайҳ аъробийнинг сўзини эшитгач, Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб деди:

— Отни олганингизда у соппа-соғ эдими, эй мўминлар амири?

— Ҳа.

— Ундай бўлса, отни ўзингизда олиб қолинг ёки қандай ҳолда сотиб олган бўлсангиз шундай ҳолича эгасига қайтаринг.

Бундай одилона ҳукмдан қойил қолган Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳга қараб:

— Мана буни ҳукм деса бўлади. Сиз Кўфага боринг, мен сизни у ерга қози этиб тайинлайман, деди.

Умар розияллоҳу анҳу Шурайҳ ибн Ҳорисни қози этиб тайинлашларидан аввал ҳам у киши жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, улуғ саҳобалар ва тобеинлар ичидаги илм ва фикр соҳиблари орасида ўзига яраша обрў-эътиборга сазовор кишилардан эди. Фозил ва етук инсонлар Шурайҳдаги ўткир фаросат ва ўта ноёб заковатни, олий хулқ ва бой ҳаётий тажрибани қадрлар эдилар.

Шурайҳ ибн Ҳорис асли яманлик, Кинда қабиласидан бўлиб, оғир кечган ҳаётининг ярмини жоҳилиятда ўтказган эди. Арабистон ярим ороли ҳидоят нури билан мунаввар бўлиб, Ислом нури Яман ерларига ҳам етиб боргач, Шурайҳ Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирган, ҳидоят ва ҳақ чақириқни лаб­бай деб қабул қилган илк мусулмонлардан бўлди.

 Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) гарчи ўша пайтда Ислом осмони ҳали-ҳануз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек ёрқин юлдузлар билан порлаб турган бўлса-да, тобеинлардан бўлган кишини қозилик каби масъулиятли мансабга тайинлаб, хато қилмаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг фаросати ва тадбирларининг нақадар тўғри экани кунлар ўтиши билан ўз исботини топди. Қози Шурайҳ мусулмонлар ўртасида олтмиш йил қозилик қилди. Уни бу мансабда қолишини, кетма-кет келган халифаларнинг барчалари — Умар, Усмон, Али ва Муовия розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги Уммавий халифалар ҳам маъқул топдилар.

Исломда қозилик тарихи Шурайҳнинг қозилик соҳасида бошдан кечирган ажойиб ва ҳайратомуз ҳолат-ҳодисалар билан безатилиб, каттаю-кичик мусулмонларнинг Шурайҳ амалда кўрсатиб берган Аллоҳнинг шариатига гўзал тарзда бўйсунишлари ила порлаб турибди. Ана шундай ибратга тўла воқеалардан бири, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи учун қадрли бўлган совутини йўқотиб қўйгани хусусидаги воқеадир. Совутини йўқотиб қўйган Али розияллоҳу анҳу кўп ўтмай худди шу совутни Кўфа бозорида бир зиммийнинг қўлида кўриб қолади. Зиммий совутни сотувга қўйган эди. Али розияллоҳу анҳу совутга кўзи тушиши билан уни танийди ва зиммийга қарата бундай дейди:

— Бу совут меники эди, фалон кечада, фалон жойда туямнинг устидан тушиб қолибди.

— Йўқ, бу менинг совутим, мана қўлимда турибди!

— Ахир бу менинг совутим, уни бировга сотган ҳам эмасман, ҳадя ҳам қилмаганман-ки, сеники бўлиб қолса?!

— Ундай бўлса ўртамизда қози бу муаммонинг ечимини топсин.

— Инсоф қилдинг, қани юр бўлмаса.

Икковлари Шурайҳ қозининг ҳузурига бордилар.

Қози Шурайҳнинг ҳузурига киришгач, Шурайҳ Али ибн Абу Толиб  розияллоҳу анҳудан сўради:

— Қандай даъвоингиз бор?

— Мана бу совут менинг совутим эди, уни фалон кечада, фалон ерда йўқотиб қўйган эдим. Баногоҳ, уни мана бу кишининг қўлида кўриб қолдим. Унга бу совут олди-сотди йўли ёки ҳадя орқали келмаган.

Шурайҳ зиммийга қараб деди:

— Сен нима дейсан?

— Совут меники, мана қўлимда турибди. Мўминлар амирини ёлғон гапиришда айбламайман, деди зиммий.

Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуга деди:

— Эй мўминлар амири, сиз гапираётган гапингизда содиқ эканингиз ва бу совут сизники эканида менинг қалбимда заррача ҳам шак-шубҳа йўқ. Лекин, қилаётган бу даъвоингизнинг рост эканига икки гувоҳ олиб келишингиз шарт.

— Ҳа, албатта, хизматкорим Қанбар ва ўғлим Ҳасан мен учун гувоҳлик беради.

— Ўғилнинг ота учун гувоҳи ўтмайди, эй мўминлар амири, деди қози Шурайҳ.

— Субҳаналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги ўтмайдими?! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидидирлар”, деганларини эшитмаганмисиз?

— Эшитганман, эй мўминлар амири, лекин мен фарзанднинг ота учун берган гувоҳлигини қабул қилмайман.

Шунда Али розияллоҳу анҳу зиммийга қараб деди:

— Совут сенга бўлақолсин, менинг бу иккаласидан бош­қа гувоҳим йўқ.

— Эй мўминлар амири, чиндан ҳам совут сизники, — деди Али розияллоҳу анҳунинг гапидан ҳайратга тушган зиммий, — Ё Аллоҳ! Мўминлар амири менингдек бир зиммий билан қозига бориб даъволашса-ю, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Мана шундай одилликка буюрувчи дин ҳақ эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман. Эй қози жаноблари, ҳақиқатда бу совут мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга (Шом вилоятидаги жойнинг номи) йўл олган лашкарнинг кетидан кетаётиб, унинг кул ранг туясидан тушиб қолган совутини олган эдим.

— Модомики мусулмон бўлдинг, бундан буён бизга дўстсан. Мана шу совут ва унга қўшимча мана бу от ҳам мендан сенга ҳадя, — деди Али розияллоҳу анҳу.

Шурайҳнинг ўғли маҳкамага тортилган бир кишига кафил бўлиб ўртага тушди. Шундан сўнг у киши маҳкамадан қочиб кетади. Шурайҳ кафил бўлиб ўртага тушган ўғлини, қочиб кетган кишининг ўрнига қамоқга ташлайди ва ўзи ҳар куни ўғлининг олдига қамоққа овқат олиб бориб туради.

Баъзан қозихонага даъволашиб келганларнинг гувоҳларидан Шурайҳнинг кўнгли тўлмас, аксинча, қалбида уларга нисбатан шубҳалар пайдо бўларди. Аммо, гувоҳлар гувоҳликка ярайдиган ва рад қилиш мумкин бўлмагани учун, уларни қабул қилишдан ўзга чора топмас эди. Лекин улар гувоҳликка ўтишларидан аввал, уларга насиҳат қилиб бундай дер эди: “Менга қулоқ солинглар! Аллоҳ сизни ҳидоятда қилсин. Сиз бу кишига гувоҳлик беришингиз билан унга ҳукм қилган бўласиз. Мен қиёматда сизларни рўкач қилиб дўзахдан сақланаман, аслида дўзахдан сақланадиган ишни қилиш сизларга лозимдир. Гувоҳлигингиз чин бўлмаса, ҳозир гувоҳликка ўтмаслик имконингиз бор”. Агар шундан кейин ҳам улар гувоҳликка ўтишда қаттиқ туриб олсалар, унда бу гувоҳларни олиб келган кишига қарата: “Билиб қўйгин, мен буларнинг гувоҳлиги билан сенга ҳукм чиқараман, аммо билиб турибманки, ҳақ сен тарафда эмас, лекин мен гумон билан эмас, балки гувоҳларнинг гувоҳлиги билан ҳукм қиламан. Мен чиқарган ҳукм сенга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб бермайди”, дер эди.

Қози Шурайҳ ўзига шиор қилиб олган ва қозихонада тез-тез айтиб турадиган сўзлардан бири қуйидаги сўзлар эди:

“Эртага қиёматда золим киши аслида ким ютқизганини билиб олади. Золимлар азобни кутсалар, мазлумлар адолатни кутадилар. Қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ учун бирон нарсани тарк этган киши, уни қўлдан бой бергани учун асло пушаймон қилган эмас”.

Шурайҳ фақатгина Аллоҳ, Унинг Китоби ва Расулига тааллуқли бурчини адо қилибгина қолмай, балки мусулмонларнинг олим ва амирлари ҳамда омма халққа ҳам қўлидан келган эзгуликни улашар, уларга нисбатан зиммасидаги вазифасини садоқат билан бажарар эди. Бунга қуйидаги воқеа далил бўлади.

Шурайҳ бир кишининг бошқа бир кишидан нимадир сўраётганини кўриб: “Эй биродар, ким ўзига ўхшаган одамдан ҳожатини ўташини сўраса, ўзини қулликка топширган бўлади. Агар сўралгувчи унга бирон нарса берса, шу нарса билан сўровчини ўзига тобе қилади. Мабодо бермаса, иккови ҳам хор бўлади. Бирига бахиллик хорлиги, яна бирига эса рад қилиниш хорлиги бордир. Шунинг учун сўрасанг Аллоҳдан сўра. Ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра. Ёрдамни ҳам Аллоҳ беради. Билгинки, Аллоҳ таолодан ўзга куч-қудрат эгаси ва ёрдам бергувчи йўқдир”, деб насиҳат қилди.

Шу тариқа қози Шурайҳ олтмиш йил мобайнида одамлар орасида адолатни мустаҳкам қилди. Бирон кимсага жабр-зулм қилмади, ҳақдан бурилмади, шоҳу гадога баравар муомала қилди. Шунинг учун ҳам Ислом уммати у кишини яхшилик билан хотирлайди. Аллоҳ  У кишини Ўз раҳматига олсин. 

Илёсхон АҲМЕДОВ

Халқаро алоқалар бўлими  ходими

тайёрлади.

1560 марта ўқилди
Мавзулар
Top