Сийрат ва ислом тарихи

Муоз ибн Жабал

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  асҳоблари пайғамбарлардан кейин ер юзида қадам босган энг улуғ зотлардир.  Улар муқаддас динимизга амал қилиб тарқатувчи, уни қўллаб-қувватловчи ёрдамчилар эдилар. (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин).

Қалбида иймони, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати бор кишилар албатта саҳобаи киромларни яхши кўради, уларга муҳаббат қилади.

Саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қанчалар вафодор, нақадар садоқатли эканини, ўзлари, фарзандлари ҳатто ота-оналаридан устун қўйганини биргина Ул Зотнинг бир оғиз сўзларига “ота-онам сизга фидо бўлсин”, “жоним сизга фидо бўлсин” деб муҳаббат ва латофат ила жавоб берганликлари кўрсатиб беради.

Уламоларимиздан бири Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида нозил қилган

…اللَّهُ أَعْلَمُ حَيْثُ يَجْعَلُ رِسَالَتَهُ…

“…Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир…” (Анъом сураси 124-оят) ояти борасида шундай дейди:

“Аллоҳ таоло саҳобаи киромларни шу қадар улуғ бир фазл,  буюк шараф эгаси қилганки, бу фазлу шарафга ҳеч бир кимса ета олмайди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз динини Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ила мукаммал бўлиши ва қиёматгача давом этишини ирода қилган. Ана шу инсонларнинг энг яхшиси, кўнгилларнинг энг маҳбуби бўлган Зотга эса саҳобаи киромларни дўст, суҳбатдош, сафдош, ҳимоячи  қилиб танлаб олди. У Зотнинт меросхўри, шариатининг давомчилари ва тарқатувчилари қилиб сайлади. Бу – энг олий фазл, мана шу Бани Исроил пайғамбарлари орзу қилган шарафдир”.

Хазраж қабиласининг раиси Саъд ибн Муоз (разияллоҳу анҳу)нинг таклифи билан бутун хазражликлар мусулмон бўлишди. Улар орасида Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳу) ҳам бор эди. Мўминлик тожини ўн саккиз ёшида кийган бу йигит Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриш учун Мадинадан Маккага келди. Иккинчи Ақоба байъатида, кейинчалик эса барча юришларда иштирок этди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўлчи юлдуз мисоли дўстларидан бири, ансорларнинг пешқадамларидан Муоз ибн Жабал ибн Амр ибн Авс эди. Куняси: Абу Абдурраҳмон. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганлари ҳамон у зот (алайҳиссалом)дан ажралмади. Қуръони каримдан сабоқ олди, ислом шариатини ўрганиб, ҳатто Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган олти саҳобанинг бири бўлди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни мазкур тўрт киши – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинг”, дея марҳамат қилганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал).

Асҳоби киром орасида бу саҳобий келишган қад-қоматли одамгина эмас, балки юмшоқ феълли, ҳаёли ва жўмард киши сифатида ҳам танилганди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни жуда яхши кўрар ва буни ўзига ҳам айтиб турардилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, Аллоҳга қасам, мен сени жуда яхши кўраман. Шунинг учун сен ҳар бир намоз сўнгида: “Ё Аллоҳ, зикринг, шукринг ва Сенга гўзал ибодат қилишимда менга кўмак бер”, деб дуо қилишни унутма”, деганлар.Уни муҳожирлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) билан биродар тутинтирганлар.

Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳу) ҳаёт кечиришда зуҳду тақвога катта аҳамият берарди. Кечалари намоз сўнгида: “Ё Аллоҳ, ҳозир кўзлар уйқуда, кўкда юлдузлар порлаб турибди. Сен эса доимо барҳаётсан ва ҳар лаҳза махлуқларингни кузатиб турасан... Раббим, менга дунё ва охиратда ҳидоят насиб эт! Шубҳасиз, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан”, деб дуо қиларди (Ибн Асир).

Ҳазрат Муоз (разияллоҳу анҳу) Ибн Аббос, Ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилган ҳадислари 157 тани ташкил этади. Бу зот айни пайтда фақиҳ саҳобалардан бўлиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт пайтларидаёқ фатво бера бошлаган эди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу хусусда: “Умматим орасида ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган киши Муоз ибн Жабалдир!” деганлар (“Тажриди сариҳ”).

Шунингдек, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабални кишиларга исломни ўргатиш, Қуръондан таълим бериш ва ёд олдириш учун Яманга юборганлар. Жўнаб кетаётганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан ўрталарида кечган мазкур суҳбатни ҳазрат Муоз (разияллоҳу анҳу) кейинчалик энг эзгу хотира сифатида сўзлаб берган: “Аллоҳнинг Расули ўшанда мендан сўрадилар: “Эй Муоз, (сендан бир масала сўралганда) нима билан ҳукм қиласан?” Мен: “Аллоҳнинг китоби билан”, дедим. “Агар ундан (жавобни) топа олмасанг-чи?” сўрадилар яна. “Расулуллоҳнинг суннатлари билан”, деб жавоб қилдим. “Ундан ҳам топа олмасанг-чи?” яна савол бердилар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам). “У ҳолда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, дедим. Шунда у зот (алайҳиссалом):Пайғамбари рози бўлган нарсада муваффақиятли қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” дедилар” (Ибн Саъд).

Яманга жўнаб кетаётган Муоз ибн Жабал билан Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу муборак сўзларни айтиб видолашдилар: “Эй Муоз, балки бу сўнгги учрашувимиз бўлар. Аллоҳ сенга ҳидоят насиб этсин, олдингдан ва ортингдан, ўнгингдан ва сўлингдан, остингдан ва устингдан келадиган ҳар турли бало-офатлардан сақласин. Сендан инсонлар ва жинларнинг ёмонликларини нари қилсин. Эй Муоз, балки масжидимни ва қабримни зиёрат қиларсан”. Бу сўзларни Муоз юрак-бағри ўртаниб эшитди ва қайғудан йиғлаб-йиғлаб, ҳасрат билан йўлга чиқди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг айтганлари бўлди. Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳу) Ямандан Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)нинг мўминларга раҳбарлиги вақтида қайтди. Қолган умрини Шомда ўтказди ва Иорданияда тоун касалига чалиниб, жуда эрта – ўттиз саккиз ёшида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Сафватулло Қаюмов,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

 билим юрти ўқитувчиси

1594 марта ўқилди
Мавзулар
Top