Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат - мўминнинг саодати

Барча бандалар биринчи навбатда уларни Яратган Зот – Аллоҳ таолони севмоғи лозим. Чунки Аллоҳ таолони севиш У учун адо этиладиган ибодатларнинг энг афзали ва шарафлисидир.

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

...وَالَّذِينَ آَمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ ...

“...Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса кучлироқдир...” (Бақара сураси, 165-оят).

Ушбу ояти каримадан биламизки, Аллоҳни севиш мўмин-мусулмонларнинг сифати, иймон белгисидир. Қолаверса, бизларни инсон қилиб яратган ва кўплаб неъматлар инъом қилган Зотни қандай қилиб севмаслик мумкин?!

Шунингдек, барча мўмин-мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш ҳам фарз ҳисобланади. Чунки Ул зот бизларга Аллоҳ таоло ва Унинг висоли, жаннатул-фирдавс ва унинг неъматлари ва икки дунё саодатига элтадиган йўлларни кўрсатиб берган Зот эдилар. Бир сўз билан айтганда, бу муҳаббат Аллоҳ таолонинг шариатига чорлаган, омонатни мукаммал етказган Зотга нисбатандир.

Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон кишига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг севишни буюрган. Зотан, иймон муҳабатсиз мукаммал бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса Пайғмбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар нарсадан устун қўйишдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Ота-онаси, фарзанди ва ҳамма инсонлардан кўра суюклироқ бўлмас эканман, бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсиз” (Имом Муслим ривояти).

Тўғри, инсон ҳаётда фарзанди, яқинларини яхши кўради. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлардан сўраётган муҳаббат барчасидан ҳам кучлироғидир. Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисига бир эътибор қаратайлик-а!: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини ушлаб турганларида Умар: “Ё Расулаллоҳ, мен ўзимдан кейин энг биринчи сизни яхши кўраман”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ, жоним қўлида бўлган Зот ҳаққи ўзингдан ҳам яхшироқ кўрмагунингча”, - дедилар. Умар: “Аллоҳни ўртага қўйиб айтаманки, ҳозирдан эътиборан ўзимдан ҳам яхшироқ кўраман”, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана энди бўлди, эй Умар”, - деб марҳамат қилдилар (Бухорий ривояти). Умар розияллоҳу анҳу дастлаб инсонийлик табиатларидан келиб чиқиб жавоб берган эдилар. Чунки, одатда инсон ўзини яхши кўради. Бошқани севдим дейди-ю, аслида ўзининг ошиғи бўлади. Кимнидир севиш маъшуқнинг гўзаллигига боғлиқ бўлганида дунёдаги барча инсонлар фақат битта инсонни севиб қолишлари керак эди. Ҳолбуки воқеликда бундай эмас. Чунки ҳар бир инсон ўзи лаззат оладиганларнигина яхши кўради, ўзи ҳузур қилгани учунгина уни харидори бўлади. Бир улуғ зотдан “инсон нега ўзининг айбларини кўра олмайди?” деб сўрашганида “чунки инсон ўзининг ошиғи бўлади, ошиқ эса маъшуқнинг айбларини кўрмайди” деб жавоб берган экан. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анашу фитрий муҳаббатдан ҳам устун ва асл севгини бизлардан сўраяптилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш дегани У зотнинг суннатларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш эса Аллоҳни севиш демакдир. Кўпчилик инсонлар Аллоҳни севиш учун нима қилиш керак ўзи деган саволларни беради. Бунинг жавобини эса биз Қуръони каримдан олишимиз мумкин: Аллоҳ таоло “Аллоҳ уларни севадиган ва улар ҳам Уни севадиган” деб марҳамат қилган. Эътибор беринг, банда Аллоҳни севиб қолиши учун аввал Аллоҳ уни яхши кўриши шарт қилиняпти. Шунинг учун ҳам “Аллоҳ уларни севадиган” деган жумлани биринчи келтиряпти. Энди, “Аллоҳ яхши кўриши учун нима қилиш керак?” деган саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:

 قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ 

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Агар сиз муҳаббатингиз чин эканлигини билмоқчи бўлсангиз қаранг: одамларнинг барчаси бир томон бўлса-ю Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бир томон бўлса ва сиз суннатни танласангиз, демак севгингиз чин экан. Аксинча бўлса минг яхши кўраман деганингиз билан бу қуруқ ёлғон, ёки қусурли бир туйғу бўлади.

Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоқадор, У зот яхши кўрганларни ҳам яхши кўриш ҳақиқий муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек У зотни кўришга ошиқиш, бунинг учун ҳар нарсага ҳам тайёр бўлиш, висол иштиёқи ҳар нарсадан ҳам афзал эканлигини ҳис қилиш ҳам чин муҳаббатнинг нишонасидир. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени энг кўп севадиганлар мендан кейин келиб мени кўриш учун яқинлари ва мол-у  дунёсидан ҳам вос кеча билишга тайёр инсонлардир”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, У зотни ҳузурларида баланд овозда гапирмаслик ҳам муҳаббатга киради. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَنْ تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تَشْعُرُونَ 

Эй, иймон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз! (Ҳужурот сураси, 1-2 оятлар).

Ибн Касир ушбу ояти кариманинг тафсирини қуйидагича келтиради: “Уламолар мазкур ояти каримага кўра Пайғамбаримизнинг қабрлари олдида баланд овозда гапириш ҳам макруҳ дейишган”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чин маънода яхши кўрадиган ва эргашадиган, қиёматда шафоатларига лойиқ бандаларидан қилсин! Омин!(давоми бор)

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

5563 марта ўқилди

Мақолалар

Top